Никоҳни гувоҳсиз ўқиса бўладими?
َ
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا نِكَاحَ إِلَّا بِوَلِيٍّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَلَفْظُهُمَا: لَا نِكَاحَ إِلَّا بِوَلِيٍّ وَشَاهِدَيْ عَدْلٍ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Валийсиз никоҳ йўқдир», дедилар». Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилганлар. Аҳмад ва Байҳақийнинг лафзида: «Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», дейилган. Шарҳ: Валийни Ҳанафий мазҳаби никоҳнинг шартларидан бири, деса ҳам, бошқа мазҳаблар никоҳнинг рукнларидан бири, деганлар. Шунга биноан, никоҳнинг тўғри бўлиши унга боғлиқ. Одатда, ота ёки унинг ўрнига қолган киши валий бўлади. Валийлар тартиби – ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади. Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам никоҳда валий бўла олмайди. Чунки бундай одам шариатники, оёқости қилганидан кейин тақдири ўзига ишониб, топшириб қўйилган қизларнинг ҳуқуқларини ҳам поймол қилиши ҳеч гап эмас. Ҳанафий мазҳабида «Одам танлашни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди», дейилган. Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил тайин қилиши жоиз. Ушбу ҳадисда яна бир нарса – икки адолатли шоҳидсиз никоҳ йўқлиги зикр қилинмоқда. Дарҳақиқат, ана ўша гувоҳлар икки ёшнинг ҳалол-пок йўл – никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар, бошқа кишиларга ҳам буни етказадилар. Кейинчалик эру хотин ўртасида никоҳ масаласида даъволашув бўлиб қолса, улар қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу нарсаларни эътиборга олган ҳолда гувоҳсиз никоҳ бўлиши мумкин эмас. Никоҳда гувоҳлар икки эркак киши, Ҳанафий мазҳабида икки эркак киши бўлмаса, бир эркак, икки аёл киши бўлиши ҳам мумкин. Аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди. Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим: 1. Ақл. Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди. 2. Балоғатга етганлик. Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди. 3. Ҳур. Қул гувоҳ бўлмаган. 4. Мусулмонлик. Мусулмон бўлмаган одам гувоҳ бўлолмайди. 5. Иккала гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг сўзларини эшитиши керак. 6. Гувоҳ адолатли – диний жиҳатдан тўлиқ ишончли одам бўлса яхши. Бўлмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган. Икки гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитишлари керак. Гувоҳ адолатли – дини мукаммал бўлса, яхши бўлади. Бундай одам топилмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган. Никоҳ икки фосиқнинг ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Лекин уларнинг гувоҳлиги асари даъво пайтида ўтмайди. Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам. Бошқа мазҳабларда фосиқнинг гувоҳлиги ўтмайди. Аммо ҳанафий мазҳабида юқорида зикр қилинган шарт ила унинг никоҳдаги гувоҳлиги қабул қилинган. Никоҳ икки тарафнинг икки ўғли ёки бир тарафнинг икки ўғли ҳузурида тўғри бўлади. Мисол учун, ажрашиб кетган эр-хотин ўзларининг икки ўғли гувоҳлигида ёки бирларининг икки ўғли ҳузурида қайта ярашсалар ҳам тўғри бўлаверади. Уларнинг гувоҳлиги ўзининг яқини фойдасига қабул қилинмайди. Мисол учун, эрнинг икки ўғли гувоҳлигида никоҳ қилинди. Кейин эр-хотин орасида низо чиқиб, қозига мурожаат қилинди. Икки ўғилнинг гувоҳлиги отанинг фойдасига қабул қилинмайди. Аммо эрнинг худди ўша ўғилларининг гувоҳлиги хотиннинг фойдасига қабул қилинади. Чунки улар билан хотиннинг орасида қаробат – яқин қариндошлик йўқ. Никоҳ икки зиммийнинг гувоҳлигида тўғри бўлади ва уларнинг гувоҳлиги мусулмоннинг зиддига ўтмайди. Зиммий – Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин шахсдир. Агар мусулмон одам зиммий аёлга уйланаётган бўлса, икки зиммий эркакнинг гувоҳлигида қилинган никоҳ тўғри бўлади. Аммо кейинчалик мазкур эр-хотиннинг орасида низо чиқиб, ишлари маҳкамада кўрилаётганда зиммийларнинг мусулмоннинг зиддига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди. Агар вакил қилувчининг ўзи ҳозир бўлса, вакил гувоҳ бўла олади. Шунингдек, балоғатга етган, бошқа одам унга валий қилинган қиз ҳозир бўлса, унинг валийси гувоҳ бўла олади. Аммо вакил қилувчи ва валий қилувчи ҳозир бўлмаса, вакил ҳам, валий ҳам гувоҳ бўла олмайди. Чунки бу ҳолатда уларнинг ҳар бири ақди никоҳнинг бир тарафи бўлади. Никоҳдан ўтувчининг ўзи ақд пайтида ҳозир бўлса, унинг ўзи ақднинг бевосита эгаси бўлади. Бу ҳолда вакилнинг ҳам, валийнинг ҳам гувоҳ бўлишларига имкон туғилади.(“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!