Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қиёмул-лайл

20:08 / 24.07.2017 | АБУ ДАХ ДАХ | 7079

Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахажжудга турсалар 1-енгил 2 ракат ўқарканлар. 11-13 ракат ўқиб тугатарканлар, яъни тоқ ўқарканлар. Бу қандай ўқилади? Охири 3 ракат ўқиладими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي سَلَمَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَأَلَ عَائِشَةَ: كَيْفَ كَانَتْ صَلَاةُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي رَمَضَانَ؟ فَقَالَتْ: مَا كَانَ يَزِيدُ فِي رَمَضَانَ وَلَا فِي غَيْرِهِ عَلَى إِحْدَى عَشْرَةَ رَكْعَةً، يُصَلِّي أَرْبَعًا فَلَا تَسَلْ عَنْ حُسْنِهِنَّ وَطُولِهِنَّ، ثُمَّ يُصَلِّي أَرْبَعًا فَلَا تَسَلْ عَنْ حُسْنِهِنَّ وَطُولِهِنَّ، ثُمَّ يُصَلِّي ثَلَاثًا، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَتَنَامُ قَبْلَ أَنْ تُوتِرَ؟ قَالَ: يَا عَائِشَةُ، إِنَّ عَيْنَيَّ تَنَامَانِ وَلَا يَنَامُ قَلْبِي. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги намози қандай эди?» деб сўраган экан. Шунда у киши: «Рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракъатдан зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракъат намоз ўқир эдилар. Уларнинг ҳусни ва узунлигини асти сўрама. Сўнгра яна тўрт ракъат ўқир эдилар. Уларнинг ҳам ҳусни ва узунлигини асти сўрама. Кейин эса уч ракъат ўқир эдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, витрни ўқишингиздан олдин ухлайсизми?» дедим. У зот:«Эй Оиша, албатта, менинг кўзларим ухлайди, аммо қалбим ухламайди», дедилар», деди». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Оиша онамизнинг ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом Рамазонда ҳам, Рамазондан бошқа вақтларда ҳам кечаси намоз ўқиганларида ўн бир ракъат ўқиганлар. Тунги намозларни ниҳоятда чиройли ва узун қилиб ўқиганлар. Бу ҳақда «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг аввалги жузларида келтирилган бир нечта ҳадисларда ва уларнинг шарҳларида баён этилган. Бу ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кечаси ўқийдиган намозлари неча ракъатли бўлганлиги ҳақида Оиша онамиз ўзлари билган нарсани айтмоқдалар. Бу эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн бир ракъатдан бошқа намоз ўқимаган эканлар, деган фикрга олиб бормаслиги керак. Эътибор берадиган бўлсак, бу ерда таровеҳ намози ҳақида эмас, таҳажжуд намози ҳақида сўз бормоқда. Чунки таровеҳ намози Рамазондан бошқа пайтда ўқилмайди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо эса: 

«Рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракъатдан зиёда қилмас эдилар», деб марҳамат қилмоқдалар. Чунки у зот Оиша онамизнинг ҳужраларида таҳажжуд намозини айнан шу тарзда ўқиганлар. Таровеҳ намозининг ракъатлари адади қанча, деганда мазҳаб имомлари ҳам шароитларидан келиб чиқиб, ўзларига етиб келган ривоятларнинг кучига қараб, турлича ададларни олганлар. Мисол учун, Шофъеий мазҳабида саккиз ракъат олинган бўлса, Ҳанафий мазҳабида йигирма ракъат олинган. Демак, таровеҳ намози ракъатлари адади ҳақидаги ривоятлар ихтилофли эмас, турлиликни ифода этгандир. Бошқа масалалар ҳам худди шунга ўхшайди. Уларда хилоф йўқ, турлилик бор. Фуқаҳолар эса ана шу турли нарсалар ичида қай бири афзаллиги ҳақида баҳс юритганлар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اجْعَلُوا آخِرَ صَلَاتِكُمْ بِاللَّيْلِ وِتْرًا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тундаги охирги намозингизни витр қилинглар», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Шунинг учун ҳар бир мусулмон кечаси уйқуга ётишдан олдин витр намозини ўқиб ётишни, агар ухлаб қолишдан қўрқмаса, витрни кечаси туриб ўқишни йўлга қўймоғи керак.

عَنْ مَسْرُوقٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قُلْتُ لِعَائِشَةَ: مَتَى كَانَ يُوتِرُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ؟ قَالَتْ: كُلَّ ذَلِكَ قَدْ فَعَلَ، أَوْتَرَ أَوَّلَ اللَّيْلِ وَوَسَطَهُ وَآخِرَهُ، وَلَكِنِ انْتَهَى وِتْرُهُ حِينَ مَاتَ إِلَى السَّحَرِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Масруқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Оишага: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон витр ўқир эдилар?» дедим. «У зот ҳаммасини ҳам қилганлар: кечанинг аввалида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам витр ўқиганлар. Вафотларидан аввал у зотнинг витрлари саҳар яқин қолганда эди», деди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Мана шу ривоятдан тоқати етган одам витрни тонг отишига оз қолганда ўқиши афзаллиги келиб чиқади. Тоқати етмаган одам Хуфтондан кейин, қачон иложини қилса, ўқиб олса бўлаверади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ خَافَ أَنْ لَا يَقُومَ مِنْ آخِرِ اللَّيْلِ فَلْيُوتِرْ أَوَّلَهُ، وَمَنْ طَمِعَ أَنْ يَقُومَ آخِرَهُ فَلْيُوتِرْ آخِرَ اللَّيْلِ، فَإِنَّ صَلَاةَ آخِرِ اللَّيْلِ مَشْهُودَةٌ وَذَلِكَ أَفْضَلُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг аввалида витр ўқисин. Ким кечанинг охирида туришига кўзи етса, витрни унинг охирида ўқисин. Албатта, тунги намоз шоҳид бўлингандир. Ўша афзалдир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِأَبِي بَكْرٍ: مَتَى تُوتِرُ؟ قَالَ: أُوتِرُ مِنْ أَوَّلِ اللَّيْلِ، وَقَالَ لِعُمَرَ: مَتَى تُوتِرُ؟ قَالَ: أُوتِرُ آخِرَ اللَّيْلِ، فَقَالَ لِأَبِي بَكْرٍ: أَخَذَ هَذَا بِالْحَزْمِ، وَقَالَ لِعُمَرَ: أَخَذَ هَذَا بِالْقُوَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга: «Қачон витр ўқийсан?» дедилар.«Кечанинг аввалида ўқийман», деди у. У зот Умарга:«Қачон витр ўқийсан?» дедилар.«Кечанинг охирида ўқийман», деди у. Бас, у зот Абу Бакрга:«Бу эҳтиёт тарафини олибди», дедилар. Ва Умарга:«Бу қувват тарафини олибди», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳа, ким қувват тарафини оладиган бўлса, витрни кечанинг охирида ўқийди. Ким эҳтиёт тарафини оладиган бўлса, уни кечанинг аввалида ўқийди. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat