Ассалому алайкум! Азиз устозлар, бир танишим мендан пул сўради ва пулни қайтаргунича ҳар ой 220 минг сўмдан пул бераман деди. Мен фоизга пул бериш ҳаром десам бу пулни фоиз сифатида эмас балки менга фойданг тегаётгани учун бераяпман деди. Менга келган ўша 220 минг сўм ҳаром ҳисобланадими ва судхўрлика кирадми?
Ва алайкум ассалом! Ҳалол эмас, чунки бу ерда “пулни қайтаргунича ҳар ой 220 минг сўмдан пул бераман” деган олдиндан келишув ва фойда келтирувчи қарз бор.
Фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир
Қарз берганда одамларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини енгиллаштириш ирода қилинади. Шариатимиз қарзни фойда келтирувчи манба қилиб олишдан қайтарган. Шунинг учун қарз берувчи ўзи берган қарзнинг айнан мислини олишгагина ҳақли бўлади. Агар қарз беришда бирор фойда шарт қилинса ёки шарт қилинмаса ҳам, бирор фойда қўшиб бериш урфга кириб қолган бўлса, ёки кимдир қарз олиб, уни қайтараётганда унга фойда қўшиб беришни одат қилиб олган бўлса, олинган фойда ҳаром ҳисобланади. Масалан, «Фалон сўм қарз берсангиз, уйимдан ижарага фойдаланиб турасиз, савдодан тушган сўмнинг ҳар кунлигини олиб, фойдаланиб турасиз», «Мол олишга кетадиган кунимиз сиздан валюта оламиз, фойдаланганингиз эвазига валютани бозор нархидан арзонга берасиз», «Ҳозир шу машинангни қарзга бериб турсанг, йилнинг фалон вақтида сенга янги машина олиб бераман» ва шу каби шартлар асосида қарз бериб, бирор қўшимча манфаат олиш ҳаромдир. Қадимда мусулмонлар ўзига қарз берган кишининг девори ёки дарахтининг соясидан фойдаланишдан ҳам сақланганлар. Валлоҳу аълам!