Ассалому алайкум! Исмим абдувосит ёшим 29да. Аёлим билан жанжалашиб “қўйдим сeни” дeган гапни гапирдим. Аёлим уйимдан чиқмади. Илтимос шу гапирган гапим талоққа ўтадими ёки йўқ? Мeн ҳозир қандай йўл тутишим кeрак? Олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Аввалги замонларда ҳар бир халқнинг ўз тилида талоққа далолат қилувчи сўзлари бўлган. Фуқаҳолар ўша сўзларни талоқ сўзи деб эътиборга олишган. Масалан бундан 200 йил аввал ёзилган “Роддул муҳтор” китобида: “Туркий халқларда “Сен бўшсан” сўзи очиқ-ойдин талоққа далолат қилади” дейилган. Бу сўзни айтишда ният ҳам шарт қилинмаган. Ҳозирги кунда ҳам барча мусулмон халқларда ўз тилларида эр хотинига айтганида фақат талоқ тушуниладиган сўзларни “сариҳ талоқ” деб, бу сўзни айтганида талоқни ният қилиш шарт эмас – дейилади. Масалан урду тилида “чўрдия”(қўйдим) “жаваб дия”(жавобингни бердим) сўзларини эр хотинига айтганида ният қилмасада талоқ тушади дейишади. Худди шу каби ўзбек тилида ҳам баъзи бир сўзлар борки, эр уни хотинига айтганида худди “талоқ қўйдим” сўзини айтганидек, эшитган киши аниқ хотинини талоқ қўйганини тушунади. Масалан “сени қўйдим”. Сизни гапингиздан ҳам бир талоқ тушади. Сизни исмингиз Абдувосит эмас балки Абдулбоситдир. Чунки Аллоҳ таолонинг восит деган сифати йўқ. Валлоҳу аълам!