Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳаётдаги синовлар

11:25 / 09.11.2017 | Abdurohman | 5260

Ассалому алайкум! Яқин орадаги жавобингизда, айрим жойларда(болница) хавфсираб намоз ўқий олмаятган инсонларга берган жавобингиз мени ўйлантириб қўйди.
Гап шундаки, хар доим шундай (синовлар) бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади дегансизлар. Нахот кенгчиликлар бўлмайди, наҳотки ҳар доим мушук сичқон бўлиб юрамиз, нахотки Исломий ҳаёт умумийлашмайди. Сўзларингиздан энди бир умр шундай давом этарканда деб тушкунликка тушиш ҳам бўлгандай. Тақводор уламоларга Аллоҳ фурқонни беради яъни улар келажакни тўғри баҳолай олишади. Шу сабабдан сизлардан чиққан сўзлар шахсан мен учун таъсирли. Сизлар шундай гумондамисизлар яъни доим намозхон эканимизни айтолмай ва намоз ўқкишга рухсат берилмайдиган жойларда ишлага бора олмай ёки ишдан хайдалиб юраверарканмизда деб ўйлантириб қўяди. Мени кечиринглар бу сўзларим учун азиз устозларим!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Мусулмон киши кенгчиликни ҳам тангликни ҳам парво қилмайдиган бўлиши керак. Ҳамма вақт Роббисининг рози қилиш мақсадида бўлиши керак. Ҳозирги кунда жуда кўпчилик “биз ҳам кексайганимизда намоз ўқиймиз, пулимиз кўпайганида садақа қиламиз, тазйиқлар бўлмаса авратларимизни тўлиқ беркитамиз” деган фикрда бўладилар. Бу мутлақо хатодир. Мусулмон ва муслима кенгчиликда ҳам тангликда ҳам, ёшликда-ю қариликда қўлидан келганича ибодатини қилиб қолиши керак. Аслини олиб қаралганда ўша танглик пайтида қилинган садақотнинг савоби, қийинчилик  бўлиб турган пайтда ушланган тақвони, ёшликда қилинган ибодатни савоби улкан бўлади. Тушкунликка тушманг, зеро Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида қуйидагича марҳамат қилган:

وَلاَ تَهِنُوا وَلاَ تَحْزَنُوا وَأَنتُمُ الأَعْلَوْنَ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ۝

139. Бўшашманглар! Маҳзун бўлманглар! Агар мўмин бўлсаларингиз, сизлар устунсизлар. Эй мусулмонлар! Ҳеч бўшашманглар, заифлашманглар, сизга етган мусибатларга, бошингизга тушган оғирликларга хафа бўлманглар: «Агар мўмин бўлсаларингиз, сизлар устунсизлар». Чунки ақийдаларингиз устун, пок, олий. Ягона Аллоҳга ишонасизлар ва Унга бандалик қиласизлар. Улар эса турли-туман бут-санамларга, урф-одатларга, ўзларига ўхшаган одамларга эътиқод этадилар ва ўшаларнинг розилигини топиш илинжида ибодат қиладилар. Сизларнинг ҳаёт йўлланмангиз Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир. Улар эса ўзлари тузиб олган ёки ўзларига ўхшаган одамлардан олинган «йўлланма»га амал қиладилар. Сизлар Аллоҳнинг ер юзидаги халифаларисиз. Улар ҳаётининг мазмуни еб-ичишдан иборат бўлган ҳайвон мисолидирлар. Сизлар дунёда ҳаммани ҳидоятга даъват қилувчиларсиз. Улар зулматга, залолатга чақирувчилардир. Сизлар икки дунё саодатига эгасиз. Улар икки дунё бадбахтлигига эгадирлар. Агар сизлар ҳақиқий иймонли бўлсангиз, доимо устунсиз. Агар сиз ҳақиқий мўмин бўлсангиз, бўшашманг ва хафа бўлманг. Тарих давомида мусулмонлар ҳақиқий иймонли бўлган чоғларида ва бу ҳақиқатни ўзлари тушуниб етган даврларида доимо устун бўлганлар. Агарчи ҳарбий жиҳатдан, куч-қувват бобида мағлубиятга учраб турган бўлсалар ҳам. Ислом олами бошига кўп мусибатлар тушган. Масалан, мўғуллар Ислом оламининг кўп қисмини босиб олиб, узоқ муддат ўз ҳукмларини ўтказдилар. Мусулмонлар ҳарбий жиҳатдан мағлуб бўлганларига қарамай, ғолиб мўғулларга нисбатан ўзларини устун ҳис қилар эдилар. Ўзларини ҳақиқий мўминлар деб билиб, мўғулларни кофир-мушрик, ҳеч нарсага арзимайдиган бир паст халқ деб тушунишарди. Ақийда, ахлоқ, одоб, инсоний муомалалар, ибодат ва бошқа кўпгина масалаларда ўзларида илоҳий кўрсатмалар борлиги ила фахрланишар ва душманларига юқоридан қарашар эди. Айни чоғда, ўзларидан ўтган баъзи камчиликлар учун бошларига мусибат етганини, шу боис мўғуллардан мағлуб бўлганликларини тушуниб, ўша камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилганлар. Бунга юз йиллаб вақт керак бўлган. Охири мусулмонлар мўғулларни енгиб, ўз ҳукмларини қайта тикладилар. Ғолиб халқ дунё тарихида биринчи бор мағлуб халқнинг динига кирди. Худди шунга ўхшаш ҳодиса салбчилар устида ҳам бўлди. Европалик масиҳий босқинчилар катта куч билан Ислом оламининг қалбини босиб олдилар. Улар ер юзида битта ҳам мусулмонни қўймасликни ўзларига мақсад қилиб олган эдилар. Ҳарбий жиҳатдан ғолиб чиққан тараф сифатида юз йиллар давомида мазкур мақсадларини амалга ошириш учун қаттиқ тиришдилар. Мусулмонлар эса уларга юқоридан қарар, ўзларини устун сезар эдилар. Уларга залолатга кетган кофирлар, иймондан бебаҳра бечоралар деб қарардилар. Оқибатда мусулмонлар ўз ҳукмларини қайта тикладилар ва аксинча, босқинчиларнинг кўплари Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлдилар. Ҳозирги кун мусулмонлари айнан ушбу ҳис-туйғуга, ҳақиқий мўминликни ва шу туфайли бошқалардан устун эканликларини тушуниб етишга муҳтождирлар. Эй мусулмонлар! Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, бўшашманг, хафа бўлманг, дунёнинг иши ўзи шундай. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat