Ассалому алайкум! Намоз ўқимасам ҳам кўнглим тоза ёки намозхон бирон ножойиз иш қилиб қўйса, бундай намоз ўқигандан кўра дейдиганлар учун. Ҳаромни ҳам қилмасдан, намозни ҳам ўқимаган инсондан, ҳаромни ҳам қилиб, намозни ҳам ўқийдиган инсон Аллоҳга яқинроқ экан. Бенамоз инсонни холати шу даражада ачинарлими?! Саволни телеграмм тармогига ҳам қўйсангизлар илтимос.
Ва алайкум ассалом! Ҳозирги кунда одамлар нотўғри саволни ўртага ташлайдилар. Яъни “намоз ҳам ўқимай, бошқа фарзларни ҳам бажармай, бировларга озор ҳам бермайдиган киши яхшими ёки намоз ҳам ва бошқа фарзларни адо қилиб, ўзгаларга озор берадиган одам яхшими” дейишади. Бу шунчалар бир тутуриқсиз саволки динимизга беамаллигимиздан шу даражага тушиб қолдик. Бенамознинг Худонинг ҳузуридаги аҳволи ўта аянчлидир. Аллоҳ таоло бу ҳақида Ўз каломида марҳамат қилиб:
فَوَيْلٌ لِّلْمُصَلِّينَ الَّذِينَ هُمْ عَن صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ
4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки… 5. Улар намозларини унутувчилардир. деган. Ҳаром иш қилувчилар ҳақида эса Қуръоннинг катта бир қисми уларга аламли азоблар борлигини айтади. Иккиси ҳам ўзларини оқлашларига йўл қидирмоқчи бўлишади. Бу дунёда ўзларини оқлашар, лекин бу баҳоналар охиратда ўтмайдида. Барчамиз динимизни ўрганайлик, амал қилайлик, амал қилишга чақирайлик, ҳаққларимизга дуолар қилайлик. Бир-бирларимизни маломат қилгандан фойда бўлмайди. Бир биримизга тош отгандан кўра бирдамликда динимизни ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қилайлик. Валлоҳу аълам!