Ассалому алайкум! Аввалги эътиқод бўйича берган саволимга саҳобаларда ушбу мақом ҳам уларнинг қалблари пок ва маърифатлари зиёда эканлиги туфайли эканлигидир деб жавоб бeрибсизлар. Аллоҳ рози бўлсин. Мани ўйлантирган нарса:
“Аслида инсон энг биринчи ўнглаши керак бўлган нарса инсондаги ўша ишончни мустаҳкамлашдир” дeбсизлар. Бунинг учун нималар қилиш лозим. Қандай амалга ошириш мумкин бу ҳолатни?
Ва алайкум ассалом! Устозимиз раҳимаҳуллоҳнинг "Руҳий тарбия" номли китобларини олиб ўқишни бошланг. Китоб ўқишда бироз меҳнат қилиш керак. Покистонда бир киши Нобел мукофофтига сазовор бўлган экан. У кишини ҳозирги кундаги Нақшбандия тариқатининг мужаддидларидан Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ билан бир мажлисга таклиф қилинган экан. Мажлис бошланишдан аввал Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ўрталаридаги суҳбатни мавъизаларида қуйидагича баён қилиб келтирганлар: Мен у кишидан “Бу каби мукофотга кишидаги ўзгалардан ажралиб турадиган бирор бир хусусияти бор кишилар эришади. Сизда қандай хусусият бор” дедим. У киши “Бошқалардан ажралиб турадиган ҳеч қандай хусусиятим йўқ” деди. “Камтарлик яхши, улуғ фазилат, лекин буни четга қўйиб турсак, сизда албатта қандайдир хусусият бўлиши керак” дедим. Шунда у киши “Мен меҳнаткашман” деди. Мен “Ҳар бир талаба, касб эгаси, илм ходими меҳнаткаш бўлади. У сиз натижага эришолмаслиги аниқ” дедим. У киши “Мен китоб ўқишга ўта меҳнаткашман. Сизга бир мисол келтирай, қўлимга бир китоб тушиб қолди. Бир марта ўқиб чиқдим, тушунмадим, икки бор, уч бор ўқидим тушунмадим. 20 бор ўқидим, яна баъзи бир тушунмаган жойларим қолди. Ўқишда давом этдим, китоб менга салкам ёд бўлиб қолай деди. 40 марта ўқидим, шунда ундаги маълумотни тушундим” деди. Валлоҳу аълам!