Замон ва макон ўзгариши билан шариат ҳукмлари ҳам ўзгариб туриши мумкинми?
Шариатнинг ҳукми ўзгармайди. Мужтаҳидлар ва уламоларнинг фатволари ўзгаради.
Шу бобда «Харидор сотиб олган кийимни хиёр даврида қора рангга бўяб қўйса, сўнг эгасига қайтариб берса, қора рангга бўялгани нуқсонми ёки зиёда, фазлми? » деган савол тушган. Шунга биноан, қора рангга бўяш нуқсон бўлса, қайтиб бераётиб сотувчига нуқсоннинг ҳақини қўшиб бериши, зиёда бўлса, ўз ҳақини сотувчидан олиши керак.
Ушбу саволга жавоб излаб эски фиқҳ китобларига мурожаат қилсак, баъзиларида, хиёр вақтида қорага бўяш зиёдадир, дейилган. Бошқаларида эса, бу иш нуқсон, деб баҳоланган. Бир саволга икки хил жавобни кўриб, яна жиғибийрон бўласиз, оддийгина саволга икки хил жавоб, фақиҳлар ихтилоф қилгани дунёга келган эканлар-да, ўзи, дейсиз.
Лекин шошманг, азизларим, олдин мазкур китоблар кимники ва қачон ёзилгани ва бошқа маълумотларни ўргансангиз, ҳамма нарса равшан бўлади. Фақиҳларни айблашга шошмаслик керак, улар ҳужжатсиз, далилсиз бир иш қилмайдилар.
Кийимни қорага бўяшни зиёда ва фазл ҳисоблаган уламолар аббосийлар ҳукмронлиги даврида яшаган зотлар. Маълумки, аббосийлар қора рангни ўзларига шиор қилиб олган эдилар. Қора рангли нарса у даврда қадрли ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам, бу уламолар ўз даврларининг талабларидан келиб чиқиб, кийимни хиёр вақтида қорага бўяш зиёда ва фазлдир, деб фатво берганлар.
Уларга қарама-қарши фатво чиқариб, кийимни қорага бўяш айб ва нуқсондир, деган уламолар аббосийларга мухолиф ҳукмдорлар даврида яшаганлар. Улар ҳам ўз шароитларидан келиб чиқиб фатво берганлар. Демак, икки тарафнинг фатвоси ҳам ўз замонаси учун тўғри ва ўринли.