Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Илм

21:45 / 13.01.2018 | muslim | 3725

Ассалому алайкум! Албатта барчамизга илм фарз. -ФИҚҲ, -АҚОИД, -ТАСАВВУФ илмларни бир-бирига боғлиқлиги ҳақида маълумот берсангизлар. Олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Жума” сурасида марҳамат қилади:

هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِّنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِن كَانُوا مِن قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ۝

2. У саводсизларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ ойдин залолатда эдилар.«...Унинг оятларини ўқиб берадиган...» 

Яъни Набий алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ таоло томонидан тушаётган Қуръони Карим оятларини уммий қавмларга етказадилар; «...ва уларни поклайдиган...» Яъни ўша Пайғамбар уларни куфр ва гуноҳлар ботқоғидан поклайди. Уларнинг қалбларини, руҳларини, виждонларини, муомалаларини, хуллас, барча-барча тарафларини поклайди; «...ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган...» «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир, яъни ўша Пайғамбар уларга Қуръон таълимотларини, ундаги амрларни, қайтариқларни ва аҳкомларни ўргатади. «Ҳикмат»дан мурод эса Пайғамбаримизнинг суннатларидир. «Суннат» Набий алайҳиссаломнинг сўзлари, қилган ишлари ва ўзгалар томонидан айтилган сўз ёки қилинган ишни маъқуллаганликларидан иборатдир. Суннат мусулмонлар учун Қуръондан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Динимизнинг кўпгина аҳкомлари, ҳаётимиздаги зарур таълимотлар Набий алайҳиссаломнинг суннатлари, ҳадисларидан олингандир. «Ҳолбуки, улар илгари очиқ ойдин залолатда эдилар», дегани Исломдан олдин дунё халқлари қаттиқ адашувда бўлганлигига, улар жаҳолат ботқоғида қулоқларигача ботиб ётганлигига ишорадир. Жумладан, бошқалар қатори, арабларда ҳам инсонга ор-номус бўладиган, унинг шаънига доғ туширадиган турли урф-одатлар бор эди. Бу ҳолатни яхшироқ тушуниш учун саҳобий Жаъфар ибн Абу Толибнинг Ҳабашистон подшоси Нажоший ҳузурида мазкур ҳолатни ва Исломнинг фазилатини баён қилиб сўзлаган сўзини эслаб ўтсак яхши бўлади: «Эй подшоҳ, биз буту санамларга ибодат қилувчи жоҳил бир қавм эдик. Ўлимтикларни ер эдик. Кучлиларимиз заифларимизни ер эди, фаҳш ишларнинг барчасини қилардик, қариндошлик алоқаларини узардик, қўшниларимизга ёмон муомала қилардик. Бизга Аллоҳ таоло ўзимиздан чиққан Пайғамбар юборгунча, шу ҳолатда давом этдик. Унинг насабини, ростгўйлигини, омонатга хиёнат қилмаслигини, поклигини яхши билардик. Пайғамбар бизни ягона Аллоҳга эътиқод ва ибодат қилишга чақирди, ўзимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилиб юрган тошлар ва бутларни тарк этишга даъват этди. У бизларни ростгўй бўлишга, омонатга хиёнат қилмасликка, қариндошлик ва қўшничилик алоқаларини яхшилашга, ҳаром ишлардан ва қон тўкишдан қайтишга буюрди. Шу билан бирга, фаҳш ишлардан, ёлғон гапиришдан, етимларнинг молини ейишдан, пок кишиларни зинода айблашдан қайтарди. У бизларни Аллоҳга ширк келтирмасликка, намоз ўқишга, закот беришга, рўза тутишга ва ҳоказо Ислом таълимотларини бажаришга буюрди. Биз унинг сўзларини тасдиқлаб, унга иймон келтирдик, у олиб келган таълимотга эргашдик, ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилдик, Унга ширк келтирмадик, нимани ҳаром деб айтса, ҳаром деб билдик, ҳалол деб айтса, ҳалол деб билдик. Ўз қавмимиз бизга душманлик қилдилар, бизни азобладилар, динимиздан қайтариб, яна бутларга ибодат қилдирмоқчи бўлдилар, ифлос, жирканч нарсаларни яна ҳалол дейишга мажбур қилдилар, бизга зулм ўтказдилар, қаҳр кўрсатдилар. Динимиздан қайтармоқчи бўлган эдилар, сенинг юртингга ҳижрат қилиб келдик...» Саҳобий Жаъфар сўнгра «Марям» сурасининг аввалидан тиловат қилди. Нажоший таъсирланиб, кўзига ёш олди. Мусулмонларни қурайш қабиласига беришдан бош тортди. Кейинчалик ўзи ҳам мусулмон бўлди. Унинг юртига ҳижрат қилган мусулмон аёллардан бирига Набий алайҳиссалом уйланмоқчи бўлганларида, у зотнинг номларидан совчи бўлди ва келинга катта совғалар берди. Нажоший вафот этганда, Аллоҳ унинг ўлими хабарини ғойибдан Набий алайҳиссаломга билдирди. У киши масжиддан чиқиб туриб, саҳобаларга: «Бугун Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бири вафот этди», – дедилар ва ғойиб жаноза ўқидилар. Юқоридаги оятда Пайғамбар арабларга юборилганлиги зикр қилинганидан, Ислом араблар учун хос дин экан, деган фикр келмаслиги керак, чунки келаси оятда араб бўлмаган халқларнинг мусулмонликни қабул қилиши ҳақида очиқ-ойдин баён келади.

وَآخَرِينَ مِنْهُمْ لَمَّا يَلْحَقُوا بِهِمْ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ۝

3. Ва улардан ҳали уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. Ва У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat