Ассалому алайкум! Устозлар, бир мавъизада эшитдимки, бир илм бўлиб, уни мукаммал ўрганган инсон бошқа бир инсоннинг юзига қараб унинг кимлиги, келажакда ким бўлиши хақида айтиб бераркан. Бу илмни ўрганиш шариатимизда жоиз экан. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни болалик даврларида кўрган шундай илмли киши уларнинг келажаги буюк бўлишини башорат қилган эканлар. Шундай илм ростдан мавжудми ва ўрганиш жоизми? Сизлардан илтимос шу хақида маълумот берсангизлар.
Ва алайкум ассалом! У нарса илм эмас. Инсон шаръий илмларни ўрганиб, ҳалол ва ҳаромни ўрганиб, доимий тақвода бўлса Аллоҳ таоло унга фиросат деган нарсани беради. Яъни унинг кўзи билан биргаликда қалби ҳам кўра бошлайди. Аллоҳдан ўзга ҳеч ким келажакда нима бўлишини билмайди. Юқоридаги инсонлар эса ўзгалардан кўра ҳолатнинг ҳақиқатини инсондаги қобилятни тўғри баҳолай оладиган бўлишади. Шунинг учун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ каби олимлар ҳузурига кишилар ҳар соҳада маслаҳат олишга келишади. Бу уларни ғайбни билганларидан эмас, балки Аллоҳ уларнинг қалбига илм нури ва фиросатни ато қилганлиги туфайлидир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ تَعَالَى قَالَ: مَنْ عَادَى لِي وَلِيًّا فَقَدْ آذَنْتُهُ بِالْحَرْبِ، وَمَا تَقَرَّبَ إِلَيَّ عَبْدِي بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيَّ مِمَّا افْتَرَضْتُهُ عَلَيْهِ، وَمَا يَزَالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إِلَيَّ بِالنَّوَافِلِ حَتَّى أُحِبَّهُ، فَإِذَا أَحْبَبْتُهُ كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذِي يَسْمَعُ بِهِ، وَبَصَرَهُ الَّذِي يُبْصِرُ بِهِ، وَيَدَهُ الَّتِي يَبْطِشُ بِهَا، وَرِجْلَهُ الَّتِي يَمْشِي بِهَا، وَإِنْ سَأَلَنِي لَأُعْطِيَنَّهُ، وَلَئِنِ اسْتَعَاذَنِي لَأُعِيذَنَّهُ، وَمَا تَرَدَّدْتُ عَنْ شَيْءٍ أَنَا فَاعِلُهُ تَرَدُّدِي عَنْ نَفْسِ الْمُؤْمِنِ يَكْرَهُ الْمَوْتَ وَأَنَا أَكْرَهُ مَسَاءَتَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالْإِمَامُ أَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло «Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. Бандам Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила Менга яқинлаша олмас. Бандам менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен уни яхши кўрурман. Мен уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, уни албатта Ўз паноҳимга олурман. Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман», деди», дедилар». Бухорий ва имом Аҳмад ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда жуда ҳам нозик масалалар жуда ҳам нозик иборалар билан баён қилинган. Шунинг учун унинг зоҳирий маъносига учмасдан, уламоларимиз узоқ изланишлар оқибатида эришган нозик натижаларни ҳушёрлик билан ўзлаштиришимиз лозим. Аввало, бу ривоят ҳадиси қудсий эканини англамоғимиз лозим, чунки Пайғамбар алайҳиссалом бу гапларни Аллоҳ таолодан ривоят қилмоқдалар. Иккинчидан, бу ривоят тасаввуф бобида катта баҳсларга сабаб бўлганлигини билмоғимиз керак. Чунки бу ерда Аллоҳ таолога валий бўлган шахс У Зотга қурбат ҳосил қилиш учун нима қилиши кераклиги ҳақида сўз кетмоқда. Учинчидан, бу ривоятда зоҳирий маъноси таъвилсиз англаниши мумкин бўлмаган иборалар келмоқда. Келинг, ҳадиси шарифнинг матни билан яқиндан танишиб чиқайлик. «Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман». Демак, ким Аллоҳ таолога валий бўлиш шарафига эришган бўлса, ана шу бандага душманлик қилган одамни Аллоҳ таоло Ўзига душман тутар экан. Хўш, бунчалик олий мақомга сазовор бўладиган кишилар кимлар ўзи? «Валий сўзи араб тилида «яқин дўст» маъносини англатади. Оддий ҳолатларда, айниқса, Қуръони Карим оятларидан келиб чиқадиган маъноларда тақводор мўмин кишига валий дейилади. Аллоҳ жалла ва аъло «Юнус» сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар» (62-оят). Аллоҳнинг валийларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий бўлганлари учун, У Зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлиғига, молу мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига ҳеч қандай хавф йўқ. Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ. Аллоҳнинг валийлари бу дунёю охиратда заррача хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар. Ана шу бахтиёр шахслар – Аллоҳнинг валийси бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлар? «Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир» («Юнус» сураси, 63-оят). Демак, Аллоҳнинг валийси бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У Зотга иймон келтириш, иккинчидан эса тақводор бўлиш, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзига-ўзи йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга валий бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳга валий бўлганларга эса: «Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша ўзи буюк ютуқдир» («Юнус» сураси, 63-оят). Аллоҳнинг валийларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли Аллоҳнинг инояти билан аввало бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар. Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир. «Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша ўзи буюк ютуқдир» (63-оят). Ҳозирда баъзи мусулмон жамиятлар бу дунё ҳаётида ўша улуғ ютуққа эриша олмаётган бўлсалар, бу нарса Аллоҳнинг калималари ўзгарганига эмас, балки иймон ва тақвода камчилик борлигига ёки иймон ва тақвонинг умуман йўқлигига далилдир. Аммо урфда ва ҳаётда валий – авлиё деганда, юқорида зикр қилингандан кўра тор доирадаги маълум бир кишилар кўзда тутиладиган бўлиб қолган. Уларнинг васфи айнан ушбу ҳадиси шарифда келган. Улар Аллоҳ таолога алоҳида яқин бўлиш шарафига муяссар бўлган саодатманд зотлардир. Уларнинг қай тарзда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилганларининг баёни ҳадиси шарифнинг давомида келади. «Бандам Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила Менга яқинлаша олмас». Бундан Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун банда аввало ўзига фарз қилинган нарсаларни ўрнига қўйиб адо этадиган бўлиши керак. Фарз амалларни бекаму кўст адо қилган банда Аллоҳ таолога яқин бўлар экан. Фарз амалларни қилмай туриб, Аллоҳ таолога яқин бўлиш ҳақида ўйлаб ўтириш ҳам мумкин эмас экан. Фарз амалларни тўлиқ адо этиб, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилган бандалар У Зотга янада яқинроқ бўлиш имконига эга эканлар. Бунинг учун улар нафл ибодатлар билан машғул бўлмоқлари лозим экан. «Бандам менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен уни яхши кўрурман». Агар банда фарзларни тўлиқ адо қилганидан кейин нафлларни бардавом бажариб турса, маълум даражага етганида Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлар экан. «Мен уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман». Бу жумлада келган Аллоҳ таолонинг «Унинг эшитадиган қулоғи бўламан» дегани банданинг фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, бошқа нарсаларни эшитмайдиган ҳолга етиб қолишини билдиради. Бу ерда зинҳор зоҳирий маънони хаёлга келтирмаслик керак. Шунингдек, «кўрадиган кўзи» деганда банда Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсадан бошқа нарсани кўришдан ўзини тортадиган, «ушлайдиган қўли» деганда банда фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни ушлайдиган бўлишини ва «юрадиган оёғи» деганда банда фақатгина Аллоҳ таолони рози қиладиган ишларга юрадиган ҳолга етишишини тушунмоқ керак. Демак, банда фарзларни адо этиш ила Аллоҳ таолога яқин бўлади. Нафл ибодатларини кўп қилиш ила Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади. Сўнгра фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, кўрадиган, ушлайдиган ва Аллоҳ таолони рози қиладиган жойларга юрадиган ҳолга эришади. Бу ҳол унинг учун алоҳида бир мақомга эришиш имконини беради. У ҳолда нималар бўлишини Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан билиб оламиз: «Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, уни албатта Ўз паноҳимга олурман». Қисқа қилиб айтиладиган бўлса, бу ҳолда банда дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган шарафга ноил бўлади. Валийларнинг ҳоли шундайдир. «Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман». Бу жумладаги иккиланиш ҳам Аллоҳ таолонинг фаришталарига нисбатан айтилмоқда. Яъни бу жумладан фаришталар мўминнинг жонини олишда иккиланганлари каби, бошқа бирор нарсада иккиланмайдилар, деган маъно келиб чиқади. Чунки Аллоҳ таолога иккиланиш нисбатини бериб бўлмайди. Хўш, нима учун фаришталар мўмин банданинг жонини олишда иккиланар эканлар? «У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман». Яъни мўмин банда ўлишни хоҳламайди, Аллоҳ таоло эса унга ёмонлик қилишни хоҳламайди. Валий бўлиш учун нималар қилиш кераклигини ҳам ўрганиб олдик. Аммо бу ҳадиси шарифни нотўғри талқин қилиш оқибатида кўпгина ноқулайликлар келиб чиққанини ҳам эслатиб ўтмоғимиз лозим. Баъзи кишилар бу ҳадиси шарифдаги маъноларнинг зоҳирини олиб, «Банда нафл ибодатларни кўп қилиши орқали Аллоҳ таоло билан бирлашиб кетади, ваҳдатул вужуд шундандир» деган фикрга бориб, кўпгина тортишувлар, адашувлар ва ғавғоларга сабаб бўлганлар. Биз эса бу нарсанинг нотўғрилигини айтиш, ҳаммани бундан огоҳлантириш билан кифояланганимиз маъқул. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!