Ассалому алайкум! Масжидда хуфтон намозини кутиб ўтирамиз. Шу вақтда нафл намозини ўқисак бўладими? Яъни хуфтон пайтигача?
Ва алайкум ассалом! Албатта бўлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб ҳам қилганлар. Вожиб бўлиб қолмаслиги учун “ким хоҳласа” сўзини қўшиб қўйганлар.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَيْنَ كُلِّ أَذَانَيْنِ صَلَاةٌ مَرَّتَيْنِ ثُمَّ قَالَ فِي الثَّالِثَةِ لِمَنْ شَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки азоннинг орасида намоз бор», деб икки марта айтдилар. Сўнгра учинчисида: «Ким хоҳласа», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги икки азон – фарз намозга айтиладиган азон ва иқоматдир. Иккисини қўшиб, икки азон деб аташ урф бўлган. Бундан ҳар бир азондан кейин ва иқоматдан олдин икки ракъат қўшимча намоз ўқиб олиш яхшилиги келиб чиқади. Аммо ўша амрдан кейин «ким хоҳласа», деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан истисно қилиниши бу ишни таъкид қилинмаган суннат намоз ҳолига айлантиргандир. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!