Ассалому алайкум Ҳазрат! Мен пайғамбарлар ҳақида ўқидим. Довуд алайҳиссаломнинг ўғли Сулаймон алайҳиссалом подшоҳлик қилган даврда Ислом дини бўлганмиди? У ерда «Билқис иймон келтиради, Ислом динини қабул қилади», деяпти. Ислом дини фақат Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга берилмаганми?
- Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло юборган барча динлар Ислом дини бўлган.
«Ислом» Аллоҳ ягона, деб эътиқод қилиб, Унга бўйсунмоқ ва бутун қалб билан Унга ихлос қилмоқ ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтирмоқдир.
Қуръони Каримнинг баъзи оятларида Ислом ширкка (Аллоҳнинг шериги бор, деб ишонишга) қарши қўйилган. Бошқа баъзи оятларида Ислом Аллоҳга ихлос қўйиш ва Унга бўйсуниш, итоат қилиш маъноларида ҳам келган.
Аллоҳга итоат қилган ва Аллоҳ юборган расуллар ва набийларга эргашган киши «мусулмон» дейилади.
Нуҳ алайҳиссалом тўғрисида Қуръони Каримда шундай дейилади:
وَأُمِرْتُ أَنْ أَكُونَ مِنَ الْمُسْلِمِينَ
«Ва мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман» (Юнус сураси, 72-оят).
Иброҳим алайҳиссалом ҳақида шундай оят бор:
إِذْ قَالَ لَهُ رَبُّهُ أَسْلِمْ ۖ قَالَ أَسْلَمْتُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ
«Робби унга: «Мусулмон бўл!» деган эди, «Оламларнинг Роббига мусулмон бўлдим», деди» (Бақара сураси, 131-оят).
Юсуф алайҳиссалом ҳам Аллоҳга қараб шундай деган:
أَنتَ وَلِيِّي فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ۖ تَوَفَّنِي مُسْلِمًا وَأَلْحِقْنِي بِالصَّالِحِينَ
«Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин» (Юсуф сураси, 101-оят).
Яна Қуръони Каримда Мусо алайҳиссалом тилидан шундай дейилган:
يَا قَوْمِ إِن كُنتُمْ آمَنتُم بِاللَّهِ فَعَلَيْهِ تَوَكَّلُوا إِن كُنتُم مُّسْلِمِينَ
«Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирган бўлсангиз, агар мусулмон бўлсангиз, фақат Унгагина таваккул қилинг» (Юнус сураси, 84-оят).
Ийсо алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган:
فَلَمَّا أَحَسَّ عِيسَىٰ مِنْهُمُ الْكُفْرَ قَالَ مَنْ أَنصَارِي إِلَى اللَّهِ ۖ قَالَ الْحَوَارِيُّونَ نَحْنُ أَنصَارُ اللَّهِ آمَنَّا بِاللَّهِ وَاشْهَدْ بِأَنَّا مُسْلِمُونَ
«Ийсо улардан кофирликни сезиб қолганда: «Кимлар Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?!» деди. Ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва бизнинг мусулмонлигимизга гувоҳ бўл…» дедилар» (Оли Имрон сураси, 52-оят).
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077