Ваалайкум ассалом! Қишлоқ аҳлингиз диний идорадан қишлоғингизда жумани жорий қилишини сўрашларингиз шарт. Чунки мамлакатимиздаги энг кичик қишлоқларда ҳам жомеъ масжиди қурилса эркаклари чиқса тўладиган даражада мусулмонлар мавжуд. Жумани қолдирманглар.
عَنْ أَبِي الْجَعْدِ الضَّمْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَرَكَ ثَلَاثَ جُمَعٍ تَهَاوُنًا بِهَا طَبَعَ اللهُ عَلَى قَلْبِهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحاَكِمُ
Абу Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким писанд қилмай, уч Жумъани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай», дедилар».
«Сунан» эгалари ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиснинг ровийси билан танишиб олайлик.
Бу саҳоба Абу Жаъд аз-Зомрий куняси билан машҳур бўлганлар. У кишининг асл исмлари Амр ибилан Бакр эди. Бу зот Маккани фатҳ этиш ва Табук ғазотларида иштирок этдилар.
Жамал воқеасида эса Оиша розияллоҳу анҳо онамиз билан қатнашиб, мана шу урушда вафот этдилар.
Ҳадисларни Салмон Форсийдан ривоят қилдилар. Бу кишидан Убайда ибилан Суфён ал-Ҳазрамий ва бошқалар ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда Жумъа намозига эътиборсизлик билан қараб бўлмаслиги ҳақида сўз бормоқда.
Эътиборсизлик ила уч Жумъа намозини узрсиз тарк қилган одамнинг қалбига Аллоҳ муҳр босиб, яхшилик кирмайдиган қилиб қўйиши ўша одамнинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун катта бахтсизликдир. Чунки Аллоҳ муҳрлаб қўйган қалбдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Бундан ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкин эмас.
Демак, Жумъа намози ўқийдиган намозхонлари кўп бўлган жамиятда яхшилик ҳам кўп бўлади. Аксинча, жамиятнинг бу намозни ўқимайдиганлари қанча кўпайса, ўша жамиятнинг ёмонлари ҳам, мусибатлари ва мушкулотлари ҳам шунчалик кўпайиб бораверади. Ичимизда Жумъага чиқмайдиганларимиз бор бўлганидан кейин жамиятимизнинг яхшиликка эриша олмаётганидан ажабланмасак ҳам бўлаверади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!