Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ижтимоий тармоқларда яна тўқима ҳадис урчимоқда

18:25 / 12.06.2018 | ubaydulloh | 4330
Ассалому алайкум! Устозлар динга зарар етказиш мақсадида кўп ишлар бўлиб туради. Шулардан бири мусулмонлар орасига тўқима ҳадисларни тарқатиб, одамларни фарз ибодатларини адо қилмаса ҳам жаннатга тушаверадиган қилиб қўювчи маълумотлар экан. Шу кунларда намозни қазосини ўқишдек фарз амалидан қайтарувчи қуйидаги тўқима ҳадис тарқалмоқда. Буни дин душманлари тўқиб чиқаришсада афсус буни ўзини мусулмон дейдиган кишилар тарқатишмоқда. Ўша тарқатилаётгандан иқтибос: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо С.А.В. буюрдиларки: умматларимни қазо намозлари бўлса рамазоннинг охирги жума куни жума намози билан аср намози орасида 4 ракат намоз ўқиса 400 йиллик қазо намозини ўқиган бўлади. Инсон 400 йил қазо намоз қила олмагани учун ортгани онаси, дадаси, болалари, қўшниларининг ўрнига ўтади. Намоз 4 ракат суннат каби (ният қилдим Аллоҳ ризоси учун аввалги устимда қолган қазо намозларининг каффорати учун 4 ракат суннат намозини ўқишга) ҳар ракатда фотиҳадан сунгра 10 оятал курси,15 кавсар, 3 кафирун, 3 ихлос ўқилади. Саломдан кейин 70 истигфор 70 саловат ўқилади Оллоҳ намозларимизни дуоларимизни қабул этсин АМИН... иқтибос тугади. Устозлар шундай нарсаларни тўқиб тарқатаётганларга шариат ҳукмини айтсангизлар ва телеграммда ҳам чиқарсангизлар зора чиқараётганлар ва тарқатаётганларга Аллоҳ тавфиқ берса. Жавоб учун ташаккур.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Бундай гап динимизда йўқ. Бу каби гапларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш керак. Қазоларни ҳар бирини бирма-бир ўқиб чиқмагунича зиммасида қолаверади. Бу каби динда йўқ гапларни тўқиб фатво берувчилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан ёлғон тўқувчилар ҳақида қуйидагича ҳадислар келган. 

عَنْ عُبَيْدِ الله بْنِ أَبِي جَعْفَرَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَجْرَؤُكُمْ عَلَى الْفُتْيَا أَجْرؤُكُمْ عَلىَ النَّارِ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ  

Убайдуллоҳ ибн Абу Жаъфардан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатвога журъатли бўлганингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир», дедилар».
Доримий ривоят қилган.
Ким дўзахга тушишдан қўрқмаса, парво қилмасдан тўғри келган фатвони айтаверади.
Ушбу таълимотлар мусулмонларнинг аввалги авлодлари томонидан яхши ўрганиб чиқилган, уларга амал қилинган ва улар асосида махсус қоидалар ишлаб чиқилган эди.
Абдурроҳман ибн Абу Лайло бир масалани сўраб билиб олиш учун бир юз йигирмата саҳобийга мурожат қилганини, уларнинг ҳаммаси ўзидан бошқадан сўрашни тавсия қилганларини ривоят қилган.
Ўзидан илмлироқ кишининг борлигини билган олим ҳам ўзи фатво бермай мазкур билмлироқ кишидан сўрашни маслаҳат бериши қоидага киритилган.
Мусулмонлар ушбу қоидага қарши чиққанларга нисбатан муросасиз кураш олиб борганлар ва шунинг учун ҳам, турли ихтилофлар ҳамда бало офатлардан сақланганлар.(“Дин насиҳатдир” китобидан). 

عَنْ عَبْد ِاللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ  

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим масалани баён қилмоқдалар.
1.«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар».
Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар. Ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар.
2.«Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ».
Бу иш рухсат берилган доирада бўлиши кераклигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Чунки бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳли китобларни тасдиқламанглар ҳам, ёлғончи ҳам қилманглар. Аллоҳга ва У зотдан ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, денглар», деганлар.
Шунинг учун уларнинг шариатимизга мувофиқ нарсаларини тасдиқлаймиз, шариатимизга номувофиқларини ёлғон, деймиз.
3.«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин».
Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан, деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Оз бўлса ҳам, ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.
2. Бани Исроил ҳақида шариатимиз изн берган маънода гапириш жоизлиги.
3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахий бўлиши.
Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Билган нарсаларимизни оз-оздан бўлса ҳам, ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур. Қанчадан-қанча кишилар калимаи шаҳодатни ўрганишга муҳтожлар. Уларга бу нарсани билганлар ўргатмаса, ким ўргатади?
Қанчадан-қанча кишилар ақалли бир оятни ҳам, Қуръондаги кичик сураларни ҳам билмайдилар. Уларга ҳам билганлар ўргатмай, ким ўргатади?! Таҳорат, ғусл, намоз, жаноза ва бошқа кўплаб шаръий аҳкомларни билмайдиганларимиз кўп. Буларнинг ҳаммасини уларга биладиганлар ўргатиши лозим. Баъзи нарсаларни билганлар ундан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни билишга интилишлари, ўзларидан кўпроқ биладиганлардан ўрганишлари лозим бўлади ва ҳоказо.
«Бани Исроил» ва бошқа аҳли китоблар ҳақида ҳам билганлар билмаганларга гапириб, шариатимизнинг уларга бўлган муносабатларини тушунтириб беришлари лозим. Чунки билимсизлик оқибатида улар билан нотўғри муносабат ва алоқалар вужудга келмоқда. Кишиларимиз адашиб, катта хатоларга йўл қўймоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишининг ҳам олдини олиш лозим. Билиб-билмай, турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳақийқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat