Ассалому алайкум! Мен бир марузада эшитган эдим, унда айтилишича бир ҳадисда(хато ёзган бўлсам Аллоҳ, кечирсин) Кимки Аллоҳ, учун бир томчи кўзёш тўкса унга дўзох харомдир деган мазмундаги саҳиҳ ҳадис борми?
– Ва алайкум ассалом! Сиз бир нарсани тушунинг, баъзи бир одамлар қайси бир ҳадисда бир фазилатли амал келса ўшани бажарса ўзини ўша ҳадисга биноан жаннатийман деб ҳисоблаб олади. Ваҳоланки бошқа ўринларда фалон ишни қилмасанг, фулон ишни қилмасанг, фалон ишни қилсанг дўзахга тушасан деган оят ва ҳадисларни хаёлига ҳам келтирмайди. Албатта фарзларни ўз вақтида адо қилса, ҳаромдан сақланса ва ўша фазилатли ишни қилса фазилатидан умидвор бўлиш керак.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ: الْإِمَامُ الْعَادِلُ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِي الْمَسَاجِدِ، وَرَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ، وَرَجُلٌ طَلَبَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ إِنِّي أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ فَأَخْفَى حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ، وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ خَالِيًا فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أبَا دَاوُدَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: одил имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман» деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмай қолган одам ва холи қолиб, Аллоҳни эслаганда кўзидан ёш оққан одам», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
«Аллоҳни холи қолиб эслаганида кўзидан ёш оққан одам». Бу ерда тақводорлик риёкорликдан холи бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Кишиларнинг кўзига тақводор бўлиб кўриниш жуда ҳам осон. Кўпчилик олдида Аллоҳни эслаб, кўзидан дув-дув ёш тўкадиганлар оз эмас. Лекин ҳақиқий тақводор ёлғиз ўзи қолганда Аллоҳдан қўрқиб, кўзидан ёш тўкадиган одамдир. Ана шундай даражага етган одамгина ҳақиқий тақводор ҳисобланади. Ана шундай даражага етган одамгина Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади. Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўшандай бандалар қаторида қилсин ва ҳадиси шарифда зикр этилган сифатларга соҳиб бўлишимизни насиб айласин. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!