- Ва алайкум ассалом! Сизни у фолбинга боришингиз ва унинг гапини тасдиқ қилишингиз Ислом динидан чиқиш эканлигини билмайсизми? Бу билан агар уйланган бўлсангиз аёлингиз билан никоҳингиз бекор бўлиб, қилган ҳамма яхшиликларингиз хабата бўлиб кетиши мумкин. Тез тавба қилинг. Аллоҳ таоло “Намл” сурасида:
قُل لَّا يَعْلَمُ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ الْغَيْبَ إِلَّا اللَّهُ وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ
65. Сен: «Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», – деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар” деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло шундай деб турса инсон Роббисининг гапини бир тийнга олмай жинкаш ва шайтоннинг дўсти, дўзахий фолбинни гапини тасдиқлаб туриши қайси бир мусулмонга тўғри келади?
Ғайбни билиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким – на инсон, на фаришталар, на жинлар ғайбни билмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мутлақ илм эгаси эканини англатиш билан бирга, махлуқотлар учун У буюк Зотнинг лутфи ҳамдир. Ўйлаб кўрайлик, инсон ўз тақдирини – бир кун, бир ҳафта, бир ой, бир йилдан кейин ёки умрининг охиригача нималар бўлишини аниқ билса, унинг учун ўша кун, ҳафта, ой, йил ва умрнинг қизиғи қоладими? Албатта, йўқ. Бу мулоҳаза фақат биргина ғайб ҳақида. Яна қанчадан-қанча ғайб ишлари бор, уларни ҳам мулоҳаза қилсак, шунга ўхшаш ҳикматлар келиб чиқаверади. Валлоҳу аълам!