Ҳурматли устоз! Биз молни насияга берганимизда АҚШ доллари ҳисобида берамиз. Сабаби, ўзимиз ҳам АҚШ доллари ҳисобида оламиз. Масалан, бир коробка нарсани 21,5 долларга олсак, 24 долларга сотамиз. Мижозларнинг кўпчилигида АҚШ доллари бўлмайди, масалан, қозоқ тенгесига савдо қиладилар. 145 қозоқ тенге – 1 АҚШ долларига тенг. Яъни, келишилган тўлов куни келганда айирбошлаш курси ўзгармаса, 1 коробкасига биз мижоздан 3480 тенге оламиз. Ошса, ошган нархда, камайса, камайган нархда оламиз. Пулни йиғишни бошлаганимда бозорда 1 доллар 145, кечга яқин 146 ёки 147 бўлиб кетиш эҳтимоли бор. Баъзи ҳолларда айирбошловчилар курсни ушлаб туришга ваъда бермайди, «Ҳозир 145, кечгача қандай ҳолат бўлишини билмайман», дейди. Зиён кўришнинг олдини олган ҳолда биз мижозларга, доллар бер ёки 146 тенге бер, деб, йиғаётган вақтга нисбатан 1 тенге қимматига қозоқ тенгесини оламиз. Натижада курс 147 бўлса, 24 тенге зиён кўрамиз, 146 бўлса, курсдан фойда ҳам, зиён ҳам йўқ, 145лигича қолиб, ўзгармаса, 24 тенге фойда кўрамиз. Кўп ҳолларда фойда, кам ҳолларда зиён кўрамиз. Бундай фойда ҳалолми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كُنْتُ أَبِيعُ الْإِبِلَ بِالْبَقِيعِ فَأَبِيعُ بِالدَّنَانِيرِ وَآخُذُ الدَّرَاهِمَ، وَأَبِيعُ بِالدَّرَاهِمِ وَآخُذُ الدَّنَانِيرَ، آخُذُ هَذِهِ مِنْ هَذِهِ وَأُعْطِي هَذِهِ مِنْ هَذِهِ، فَأَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَهُوَ فِي بَيْتِ حَفْصَةَ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، رُوَيْدَكَ أَسْأَلُكَ، إِنِّي أَبِيعُ الْإِبِلَ بِالْبَقِيعِ فَأَبِيعُ بِالدَّنَانِيرِ وَآخُذُ الدَّرَاهِمَ، وَأَبِيعُ بِالدَّرَاهِمِ وَآخُذُ الدَّنَانِيرَ، آخُذُ هَذِهِ مِنْ هَذِهِ وَأُعْطِي هَذِهِ مِنْ هَذِهِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا بَأْسَ أَنْ تَأْخُذَهَا بِسِعْرِ يَوْمِهَا مَا لَمْ تَفْتَرِقَا وَبَيْنَكُمَا شَيْءٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَغَيْرِهِ.
Абу Довуд ва бошқа муҳаддислар Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар:
«Мен Бақийъда туя сотар эдим. Динорларга баҳолаб сотиб, қийматини дирҳамларда олар эдим. Ёки дирҳамларда сотиб, қийматини динорларда олар эдим. Унисини бунисидан, бунисини унисидан берар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим, у зот Ҳафсанинг уйида эканлар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, шошмай туринг, сиздан бир нарсани сўрайман. Мен Бақийъда туя сотаман. динорларга сотиб, дирҳамларни оламан, дирҳамларга сотиб, динорларни оламан. Унисини бунисидан, бунисини унисидан бераман», дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша куннинг қиймати билан, иккингиз ажрашиб кетмасдан ва орангизда бир нарса бўлмай туриб олсанг, ҳечқиси йўқ», дедилар».
Ушбу ҳадисни далил қилиб келтиришнинг сабаби шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умар розияллоҳу анҳуга савдо динорлар билан бўлса, унинг ўрнига дирҳамларни олишга рухсат бердилар. Лекин шу нарса мазкур баҳолашган динорни адо қилиш кунидаги қиймат билан бўлиши шартлигини айтдилар. Ҳақ зиммага собит бўлган, яъни савдо қилинган куннинг қиймати эмас, балки уни бераётган кундаги қийматга эътибор бердилар. Яъни мазкур савдо бир динорлик, деб келишилди ва ўша савдо вақтида бир динорнинг қиймати ўн дирҳамга тўғри келар эди. Савдолашиб, пулини бермай кетди. Бошқа куни харидор пулни бермоқчи бўлиб келди. Унинг қўлида динор йўқ, дирҳам бор эди. Ўша, ҳақни бераман деган кунда бир динорнинг қиймати ўн бир дирҳамга тўғри келар эди. Ўша одам энди 10 эмас, 11 дирҳам бериши керак бўлади.
Шунинг учун ҳам Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний ва Масруқ Ажалий Абдуллоҳ ибн Умардан ўзлари у кишига икковлари дирҳамда беришлари лозим бўлган кира ҳаққи тўғрисида сўраб, уларда динордан бошқа нарса йўқлигини айтдилар. Шунда Ибн Умар: «Бозор нархида беринглар», дедилар.
Шундан аён бўладики, қиймат бераётган куннинг эътиборидан бўлади, зиммада собит бўлган куннинг эътиборидан эмас. Агар эътиборга олинган ўхшашлик мислий ҳақларда қиймат билан бўладиган бўлса, динорларнинг қиймати зиммада собит бўлган кунда лозим бўлади. Бу жуда ҳам равшан нарса.
Сизларда ҳали ошмаган баҳони ҳам қўшиб олиш бор экан. Бу мутлақо нотўғри. Фақат олди-берди бўлаётган вақтдаги нарх этиборга олиниши лозим.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077