- Ва алайкум ассалом! Жума намози шаҳарда ёки шаҳарнинг ҳукмини олган қишлоқларда ўқилади. Чўлда жума ўқиш вожиб эмас. "Кифоя" китобида қуйидагича келади:
Мисрда яшаш.
«Миср» – энг катта масжидига ўзининг аҳолиси сиғмайдиган аҳоли яшайдиган жой. Бу каби истиқомат масканлари авваллари «шаҳар» дейилган. Аммо ҳозирги кичикроқ қишлоқлар ҳам аввалги шаҳарлардан катта бўлиб кетган. Мазкур иборадаги «аҳоли»дан мурод жума намози ўқиши фарз бўлган аҳолидир.
Демак, қай бир аҳоли яшайдиган жой бўлса-ю, унинг энг катта масжидига жума ўқиши фарз бўлган одамлари сиғмаса, ўша ер «миср» бўлади ва унда жуманинг фарз бўлиш шартларидан бир шарт вужудга келган бўлади.
Миср бўла олмаган аҳоли яшаш жойларининг аҳолисига жума фарз бўлмайди.
Шунингдек, яшаш жойидан сафарга чиққан одамга ҳам жума фарз бўлмайди. Агар мусофир бир жойда ўн беш кун ёки ундан ортиқ яшашни ният қилса, мусофирлиги қолмайди ва жума ўқиши фарз бўлади. Валлоҳу аълам!