Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари

00:00 / 25.11.2010 | eski savollar | 14599

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари. Сизга узоқ умр ва динимиз йўлидаги олиб бораётган улкан хизматларингизга ривож тилайман. Сиздан илтимос, янги туғилган фарзандга қилиниши керак бўлган амаллар ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. Ақийқа ҳақида ҳам. Жавобингиз учун олдиндан рахмат.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
- Ва алайкум ассалом!

ФАРЗАНДНИНГ ҲАҚЛАРИ

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.

Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзида қуйидагиларни зикр қиладилар:

1. Насаб.

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтиб, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.

2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш.

Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасидан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди.

عَنْ عَائِشَةَ، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «تَخَيَّرُوا لِنُطَفِكُمْ وَانْكِحُوا الْأَكْفَاءَ وَأَنْكِحُوا إِلَيْهِمْ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالدَّارَقُطْنِيُّ. 

«Талхийс» номли китобда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг», дедилар».

Ибн Можа ва Дорақутний ривоят қилишган.

Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлиги, ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Чунки улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.

3. Эмизиш.

Туғилган фарзанд аввало эмизишга муҳтож. Бу эса онанинг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида: 

وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلَادَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْنِ لِمَنْ أَرَادَ أَن يُتِمَّ الرَّضَاعَةَ

 «Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир», деган (233-оят).

Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдакнинг жисми ва руҳининг ўсишига онанинг сутидан афзал озиқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озиқа ҳисобланади.

Ушбу озиқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу Қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният бир минг тўрт юз йилдан кейингина тушуниб етди. Ҳозирги пайтга келиб, кўп йиллик илмий текширишлардан сўнг, гўдак бола учун энг яхши озиқа она сути эканлиги ва гўдакни тўлиқ икки йил эмизиш кераклиги такрор-такрор айтилмоқда.

Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксарият буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.

4. Боланинг ота-онадаги ҳақларидан яна бири унга муносиб исм танлашларидир.

Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир.

Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий «Китобул бирри вас-сила»да Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда ёзади: «Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни эслашди. Бир киши: «Менга етиб келган хабарга қараганда, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига: «Мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» дейди», деди».

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан ёндошмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ أَحَبَّ أَسْمَائِكُمْ إِلَى اللهِ عَبْدُ اللهِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.  

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга Исмларингизнинг энг маҳбуби Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир», деганлар» (Муслим ривоят қилган).

Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи Абдуллоҳ, Абдурраҳмон, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи Ҳамидуллоҳ каби исмлар энг яхши исмлар ҳисобланади.

Шунингдек, набийларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари ҳам яхши номлар саналади.

Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимизнинг, саҳобия аёлларнинг исмларини ва эзгулик маъносини англатувчи исмларни қўйиш керак.

5. Ақийқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

«Ақийқа» луғатда «ёрди» деган маънони англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига айтилади.

Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилиш тавсия қилинади.

Соч бошдан ажратиб олинганлиги учун бу маросим «ақийқа» дейилади.

Ўша муносабат билан сўйиладиган қўй ҳам «ақийқа» дейилади.

Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилганлиги учун, «ақийқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати билан сўйиладиган қўй тушуниладиган бўлиб қолган.

عَنْ سَلْمَانَ بْنِ عَامِرٍ الضَّبِّيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَعَ الْغُلَامِ عَقِيقَةٌ، فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا وَأَمِيطُوا عَنْهُ الْأَذَى». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.  

Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулом ила ақийқа бордир. Унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Ҳадисдаги бу жумлани «янги туғилган боланинг ақийқаси ўзи билан», деб тушунииш керак. Яъни, ҳар бир янги туғилган болага ақийқа лозим, деганидир.

«Унинг учун қон чиқаринг».

Яъни янги фарзанд туғилганининг шарафига жонлиқ сўйинг. Бу муносабат билан қон чиқариш қандай бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَقَّ عَنِ الْحَسَنِ وَالْحُسَيْنِ كَبْشًا كَبْشًا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога биттадан қўчқор сўйиб, ақийқа қилдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

6. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

عَنْ أَبِي رَافِعٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَذَّنَ بِالصَّلَاةِ فِي أُذُنِ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ حِينَ وَلَدَتْهُ فَاطِمَةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.  

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи – Ҳасан ибн Алининг қулоғига намознинг азонини айтаётганларини кўрдим».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтиш мандубдир. Янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса Аллоҳ таолонинг зикри бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.

رُوِيَ عَنْ حُسْيَنٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَنْ وُلِدَ لَهُ فَأَذَّنَ فِي أُذُنِهِ الْيُمْنَى، وَأَقَامَ فِي أُذُنِهِ الْيُسْرَى، لَمْ تَضُرَّهُ أُمُّ الصِّبْيَانِ. أَخْرَجَهُ أَبُو يَعْلَى وَابْنُ السُّنِّيِّ وَابْنُ عَسَاكِرَ.  

Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича:

«Ким бола кўрса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас», дейилган.

Абу Яъло, Ибн Сунний ва Ибн Асокир ривоят қилишган.

«Умму сибён» – болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.

7. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدَ لِي غُلَامٌ فَأَتَيْتُ بِهِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَسَمَّاهُ إِبْرَاهِيمَ، فَحَنَّكَهُ بِتَمْرَةٍ، وَدَعَا لَهُ بِالْبَرَكَةِ وَدَفَعَهُ إِلَيَّ، وَكَانَ أَكْبَرَ أَوَلَادِي. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.  

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Менинг ўғлим туғилганда, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Ул зот уни Иброҳим деб номладилар, хурмо билан танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб, дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, ниҳоятда хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар.

Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.

«Ул зот уни Иброҳим деб номладилар».

Демак, янги туғилган фарзандларга аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундай кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига Иброҳим деб исм қўйганликлари ҳам бунинг бир мисоли.

«...хурмо билан танглайини кўтардилар...»

Ёш боланинг танглайини кўтариш – катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Бу ишни аҳли солиҳ, фазилатли кишилар қилишлари марғубдир.

«...ва унга барака тилаб, дуо қилиб, менга тутқаздилар».

Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор беришлари керак.

8. Ҳомийлик.

Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож бўлади. Яъни овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда уларга доимо катталарнинг ёрдами керак бўлади. Бу ишларни унинг ота­-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.

9. Валийлик.

Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам, агар ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.

10. Нафақа.

Болаларнинг нафақаси. Уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши матлубдир.

Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади.

Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ояти каримадир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ 

«Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир», деган (233-оят).

Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин, боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا: أَنَّ هِنْدًا بِنْتَ عُتْبَةَ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَا سُفْيَانَ رَجُلٌ شَحِيحٌ، وَلَيْسَ يُعْطِينِي مَا يَكْفِينِي وَوَلَدِي إِلَّا مَا أَخَذْتُ مِنْهُ وَهُوَ لَا يَعْلَمُ، فَقَالَ: «خُذِي مَا يَكْفِيكِ وَوَلَدَكِ بِالْمَعْرُوفِ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.  

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳинд бинт Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу ­Суфён хасис одам, менга ва боламга етарли нарса бермайди. Унга билдирмаган ҳолда ундан олганимдагина (етиши мумкин)», деди. Шунда у зот: «Ўзингга ва болангга етарлисини инсоф билан олавер», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби, бирор киши шерик бўлмайди, яъни боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.

11. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-онанинг вазифасидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَبَّلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْحَسَنَ بْنَ عَلِيٍّ وَعِنْدَهُ الْأَقْرَعُ بْنُ حَابِسٍ التَّيْمِيُّ جَالِسًا، فَقَالَ: إِنَّ لِي عَشَرَةً مِنَ الْوَلَدِ مَا قَبَّلْتُ مِنْهُمْ أَحَدًا، فَنَظَرَ إِلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَالَ: «مَنْ لَا يَرْحَمُ لَا يُرْحَمُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда болажон зот эдилар. Ул зот болалар ичида набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар.

Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

وَقَالَ أُسَامَةُ بْنُ زَيْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْخُذُنِي فَيُقْعِدُنِي عَلَى فَخِذِهِ، وَيُقْعِدُ الْحَسَنَ عَلَى فَخِذِهِ الْأُخْرَى، ثُمَّ يَضُمُّهُمَا ثُمَّ يَقُولُ: «اللَّهُمَّ ارْحَمْهُمَا فَإِنِّي أَرْحَمُهُمَا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.  

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб, тиззаларига ўтирғизар эдилар. Ҳасанни эса бошқа тиззаларига ўтирғизар эдилар. Сўнгра бизни бағирларига босиб, «Аллоҳим, буларга раҳм қилгин, мен ҳам уларга раҳм қилурман», дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَ أَعْرَابِيٌّ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: أَتُقَبِّلُونَ الصِّبْيَانَ؟! فَمَا نُقَبِّلُهُمْ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَوَ أَمْلِكُ لَكَ أَنْ نَزَعَ اللهُ مِنْ قَلْبِكَ الرَّحْمَةَ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қили­нади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз ўпмаймиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳм-шафқатни суғуриб олган бўлса, мен сенга нима ҳам қилиб бера олардим», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари ҳам бор. Чунки қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис уларнинг тарбиясида кўпроқ эътибор, меҳр ва эҳтиёткорлик зарур бўлади.

12. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْطَلَقَ بِي أَبِي يَحْمِلُنِي إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، اشْهَدْ أَنِّي قَدْ نَحَلْتُ النُّعْمَانَ كَذَا وَكَذَا مِنْ مَالِي، فَقَالَ: «أَكُلَّ بَنِيكَ قَدْ نَحَلْتَ مِثْلَ هَذَا؟» قَالَ: لَا، قَالَ: «فَأَشْهِدْ عَلَى هَذَا غَيْرِي»، ثُمَّ قَالَ: «أَيَسُرُّكَ أَنْ يَكُونُوا إِلَيْكَ فِي الْبِرِّ سَوَاءً؟» قَالَ: بَلَى، قَالَ: «فَلَا إِذًا». وَفِي رِوَايَةٍ: «اتَّقُوا اللهَ وَاعْدِلُوا فِي أَوْلَادِكُمْ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Отам мени кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нуъмонга ўз молимдан буни-буни бердим», деди. «Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у зот. «Йўқ», деди. «Бунга мендан бошқани гувоҳ қил, – дедилар ва сўнгра: – Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими?» дедилар. «Ҳа», деди. «Ундай бўлса, йўқ (бошқа болаларингга ҳам бер)!» дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.

Агар шаръий сабаб бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса бўлади.

Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.

13. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ва бошқалар.

Оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилгандир.

Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.

14. Тарбия ҳаққи ҳам фарзандлик ҳақларидандир.

Аллоҳ таоло шундай буюради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَّا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган дўзахдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят).

Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканлигига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъул бўлиб, қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради.

Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлганидан сўнг «Эй Аллоҳнинг Расули, ўз нафсимизни-ку, сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар.

Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликдан таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.

Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизнинг, оила аъзоларимизнинг иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларининг тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat