Ассалому алайкум! Ҳурматли Устозлар, мен Россияда тижорат соҳасида ишлайман. Бутун областларга Ўзбекистанда ишлаб чиқарилган махсулотларни тарқатамиз Алҳамдулиллаҳ! Бундан бир қанча олдин ўзимизни юртдошимиз мендан мол олган эди. Роса вадаларни бериб молни олиб кетди. Пулини ҳисобига келганда жуда қийнаб юборди. Бизда маҳсулот айланиши катта бўлгани учун пул ҳам катта керак бўлади. Шунга ундан пулни сўраб роса телефон қилиб эплаб сеплаб қандайдир арзимаган қисмини олдим. Бир куни менга телефон қилиб, "Менда яхши моллар бор шуни қарзимни ўрнига берсам" деб таклиф киритди. Табиийки мен молларни нархини сўрадим. Нарх жуда ҳам шубҳали бўлгани учун нега арзонлиги ҳақида сўраб ўғирланганми йўқми деб ўргандим. У ҳеч қандай муаммо йўқлиги, молни хўжайинларини ўзидан олаётганлиги ҳақида айтиб мени ишонтирди. Сўнг молни менга жўнатди, олдим. Сотиш ҳаракатида юрсам, уни қариндошларидан бири мол мусодара қилинган мол эканлиги ҳақида айтди. Қаттиқ жахлим чиқди ва молни ўзига "Бошлиқларимиз унамади, бизга бундай ҳаром мол керак эмас экан берадиган 450.000 рубл ҳам керак эмас ойлигимдан узиб оламан" деб ўзига қайтариб юбордим. Чунки у таможнидаги ҳодимлар билан келишиб олиб, молни арзонгинага олар экан. Энди бўлса у молни бошқалар орқали соттириб ўша сотилган пул билан қарзини ёпмоқчи. Устозлар айтингларчи шу пулни олсам менга ҳалолми? Ҳозир у шундай ишлар билан шуғилланиб юрибди молни сотмасдан, берган тақдирда ҳам барибир шундай пул билан ҳисоблашади. Қандай йўл тутай? Ёнимдан тўлай десам 6000$ пул бўлар экан. Имкон қилиб тўлашим ҳам мумкин.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! У кимдан бўлса ҳам(бошқа дин вакилидан бўлса ҳам) ҳалол пул олиб сизга қарзини берсин. Валлоҳу аълам!