Ассалому алайкум! Мен бир холатни тушунмаяпман. Бу инсонни рухий холати хақида. Биз Ислом дини асосида яшашлик бизга таскин беришига ва рухий тетикликга чорлашини биламиз. Мени қачон жоним оғриса ёки шу каби ишлар бўлиб қолса, қўрқиб кетвураман. Яъни қазо намозлар эсга тушиб хали хаммасига улгурмаганман деб қўрқинч кучли бўлади ва Аллоҳдан жонимни олмаслигини хохлайман чунки зиммамдаги нарсаларни хаммаси соқит бўлмагандан қўрқиб, қиёматда холим нима бўлади, деб синиб қолай дейман хатто. Бу қурқувлар хар доим бор менда. Лекин айрим диндан узоқда юрган хох қўшиқчи бўлсин хох танилмаган оддий одамлар бўлсин ёши 60 га чиқса хам кулиб юришганини кўраман ва фикр қиламан, уни умри ўз нихоясига етаятган бўлса хам, сиқилиш хам, қўрқув хам йўқ, хаётдан лаззатланиб яшаяпти худди рухий тетик одамга ўхшайди, динсизлик уни қўрқитмаяпти, мени эса динга амал қилиш хаётда қўрқитиб қўйяпти. Хатто хозирги холатимизда ибодатларни Аллоҳ насиб қилаятган бўлса хам. Агар динимиз рухий холатни кафолати бўлса, нимага бизлар динга амал қилувчилар, қиёматдан қўрқадиган, ёшимиз, каттамиз, обидимиз, олимимиз хам йиғлаб худди рухан шашти тушган одамлардек кўринамиз? Улар эса кулиб йиғламайдиган рухан худди бақуват одамларга ўхшаб кўринишади? Яъни динга амал қилмаслик уларни синдириб қуймагандек. Рухий холат шу даражада мухим бўлса хаётда улар бу холатсиз хам уддалашяпти.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Қиёмат бўлганида ким қандай яшагани маълум бўлади.
Анас бин Малик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни дунёда энг роҳатда яшаган дўзахий одам келтирилади. У дўзахга бир киргизилиб чиқарилганидан сўнг унга: «Эй одам боласи, сен ҳеч яхшилик кўрдингми ёки ҳаётингдан ҳеч роҳат ўтдими?- дейилади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Роббим! Яхшилик ҳам кўрмадим, роҳат ҳам ўтмади»- дейди. Дунёда энг хор яшаган жаннатий одам келтирилади. У жаннатга бир киргизилиб чиқарилганидан сўнг унга: «Эй одам боласи, сен ҳеч хорлик кўрдингми ёки сендан қийинчиликлар ўтдими?»- дейилади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Роббим! Хорлик ҳам кўрмадим, қийинчилик ҳам ўтмади,»- дейди»-дедилар».Муслим ривояти. Валлоҳу аълам!