- Ва алайкум ассалом! Умумий ҳолатда аёл кишининг талоқ сўраши шариатмизда қораланган. Лекин унинг ҳаққи ҳисобланади.
عَنْ ثَوْبَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَيُّمَا امْرَأَةٍ سَأَلَتْ زَوْجَهَا طَلَاقًا مِنْ غَيْرِ بَأْسٍ فَحَرَامٌ عَلَيْهَا رَائِحَةُ الْجَنَّةِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَحَسَّنَهُ التِّرْمِذِيُّ
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар. Термизий ҳасан, деган.
Шарҳ: Эридан беҳудага талоқ қилишни сўраган аёл жаннатга кириш у ёқда турсин, унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди.
Бу ҳадиси шарифда аёлларнинг оилавий ҳаётдаги энг заиф жойларидан бири муолажа қилинмоқда. Одатда, баъзи аёллар сал нарсага эрига «Ундай бўлса, мени талоқ қилиб қўйинг», деб, эрнинг хаёлида ҳам йўқ нарсани кўндаланг қилиб қўйиб, туриб оладилар. Бунинг оқибатида гап кўпайиб, жанжал кучаяди ва иш талоқ билан тугайди. Эр хаёлига ҳам келмаган нарсага – талоққа мажбур қилинади. Шунинг учун ҳадисда бу иш учун қаттиқ ва шиддатли жазо борлиги маълум қилинмоқда. Албатта, ҳар бир мўмина-муслима аёл бу ҳадиси шарифнинг маъносини ўзига яхшилаб сингдириб олмоғи лозим. Турмушда ҳар хил ҳолатлар бўлиши турган гап. Одам бир хил туравермайди. Эркаклар хато қилиши, баъзида зулм қилиб юбориши ҳам мумкин. Лекин ўша ҳолатни орага талоқни қўшмай муолажа қилиш ҳам мумкин-ку! Аёллар иложи борича эрларидан талоқни талаб қилмасликлари керак. Эркаклар ҳам ўзларини бу сўзни айтишдан сақлашлари лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
Ислом шариати талоқ ихтиёрини аёлга бермади. Лекин бундан аёл киши ғассол қўлидаги ўлик каби ихтиёрсиз эрининг зулми, ситами остида мажбур ҳолда яшаши керак, у эрининг зулми ва ситамидан халос бўлиш учун ҳеч қандай йўлга эга эмас, деб тушунмаслик лозим. Чунки золим эрнинг зулмидан қутулиш учун шариат аёлларга маҳр эвазига талоқни сотиб олиш, яъни хулуъ имконини берган. Агар эр хулуъ қилишга розилик бермаса, аёл шаръий ҳокимият судига ёки шариат қозисига эр-хотин ўртасидаги муомалани тақдим қилиб, қонуний талоқни қўлга киритади ва қози томонидан никоҳ фасх (бекор) қилинади.
2). Бу каби масалаларни жонли мажлисда, икки томон ва гувоҳлар ҳузурида кўриш керак. Сизлар ўзингизга яқин жойдаги бирор аҳли илмга учраб маслаҳат қилинглар. Валлоҳу аълам!