- Ва алайкум ассалом!
АЁЛ ОТАСИНИНГ УЙИГА БОРГАНДА...
Аёл киши сафар масофасидан узоқдаги шаҳар ёки қишлоққа турмушга чиқса, агар отасининг уйида яшашни бутунлай тарк этиб, гоҳи-гоҳида зиёратга келиб турса, мусофир ҳукмида бўлади. Агар отасининг уйини бутунлай тарк этмай, йилнинг баъзи фаслларини шу ерда ўтказса, ватани аслийси ботил бўлмайди. Шунингдек, отасининг уйига шаръий масофани босиб келиб, ўн беш кундан ортиқ туришни ният қилса, муқимга айланади («Фатавои Раҳимия»).
ОТА ВА ЎҒИЛ БИР-БИРЛАРИНИНГ
УЙЛАРИГА БОРГАНДА...
Ўғил отасининг уйидан бутунлай кетиб, бошқа шаҳардан уй-жой қилган бўлса ва уларнинг уйлари орасидаги масофа шаръий масофадан узоқ бўлган шаҳар ёки қишлоқларда жойлашган бўлса, улар бир-бирлариникига меҳмонга борганларида мусофир бўлишади. Агар ўғил отасининг жойини бутунлай тарк қилмаган бўлса, отасининг уйига келиши билан муқим бўлади.
Агар ота ва ўғил алоҳида-алоҳида сафар масофасидаги ватани иқоматда яшашса, бир-бирлариникига борганларида мусофир бўлишади.
«Балоғатга етган кишининг туғилиб-ўсган жойидан бошқа ерда ота-онаси бўлса ва бола у жойда оила қурмаган бўлса, ота-онасининг турар жойи унга ватани аслий бўлмайди. Лекин ота-она олдида қолишни қасд қилса, у жой унга ватани аслийга айланади» («Роддул муҳтор»). Валлоҳу аълам!