- "Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир".Мунофиқлар Исломга фақат бир тарафни ўйлаб, ундан ўзларига яхшилик – фойда етишини кўзлаб кирадилар. Агар Исломга кирганидан кейин кўзланган фойда ҳосил бўлса, хотиржам юраверади. Аммо кўзланган фойда ҳосил бўлмаса, юз ўгириб, динни тарк этади. Улар бу қилмишлари билан икки дунёда ҳам зиён кўрадилар.Мунофиқлар субутсизликлари туфайли, аввало бу дунёда катта зиён кўрадилар. Охиратда эса, жаҳаннамнинг энг қаърига тушадилар. Бундан ортиқ зиёнкорлик бўлмаса керак.Ислом тижорат эмаски, унга фойдани кўзлаб кирилса. Ислом – иймон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, унинг йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо этиш, ҳар хил бало-офатларга бардош бериш, демакдир. Ана ўша синовлардан ўтганлар икки дунё бахтига сазовор бўладилар. Аммо Исломга муайян фойдани кўзлаб кирган, ўша фойдага эришса, хурсанд бўлиб, эришмаса, динни тарк этиб, юз ўгириб кетадиган мунофиқлар икки дунёда зиён кўришлари муқаррар. Аслини олганда, мунофиқ кимса Исломдан, Аллоҳдан юз ўгириб, қаёққа ҳам борарди, кимга ҳам топинарди?