- Хатна суннат билан собит бўлган. Ҳамма нарса Қуръони Каримда бўлиши шарт эмас. Ўғил болани хатна қилиш соф табиат суннатларига киради. Шариатнинг амаллари сиз билан менинг хаёлим билан эмас Қуръони Карим ва Суннат билан собит бўлади.ХАТНА«Иброҳим алайҳиссалом саксон йилдан кейин Қадум деган жойда ўзларини ўзлари хатна қилдилар», – дедилар».Набийларнинг отаси бўлган Иброҳим алайҳиссалом кексайиб қолган пайтларида ҳам ўзларини хатна қилган эканлар. Демак, Аллоҳ таолонинг бу амри ўша пайтда жорий қилинган экан.Хатна қилдириш суннатдир. Суннат бўлганда ҳам, Исломнинг шиорларидан, хусусиятларидан бири саналган суннатдир. Ўғил болаларни кичиклик чоғида хатна қилдириш мусулмон халқларнинг тарк қилмайдиган одатига айланганлиги яхши ишдир. Қолаверса, бу ишнинг инсон соғлиғи учун қанчалик фойдали амал эканини бугунги замон илми ҳам исботлади. Шунинг ўзи Ислом шариатида буюрилган амалларнинг ҳеч бири беҳикмат эмаслигини тасдиқлайди.Хатнада закарнинг уч қисмини қоплаб турган юмшоқ тери кесилади. Ўша терини арабчада «қалафа» дейилади.Ҳанафий мазҳаби бўйича, боланинг ҳолига қараб, хатнани соғлиғи кўтарадиган бўлганда қилинади. Етти кунлик ёки ундан каттароқ гўдакни хатна қилиш шарт эмас.Шунингдек, заифлиги учун хатнага чидай олмайдиган каттароқ ёшдаги болаларни ҳам хатна қилинмайди.Хатна қилинмаган одам вафот этса, уни хатна қилинмайди.Хатна ҳолида туғилган шахсни ҳам хатна қилинмайди. Агар хатна қилиниши лозим бўлган жойда баъзи бир тери бўлса, уни олиб ташлаб лозим бўлади.Хатначининг айби ила хатна қилинган шахсга талафот етса, товон тўланади.Хатна муносабати ила маросим қилиш машруъдир. Ўғил болаларнинг хатнасини изҳор қилиш суннат амаллардан ҳисобланади.Ёшлигида хатна қилдирилмаганларни, шариат ҳукмларини бузмаган ҳолда, кейинроқ бўлса ҳам, хатна қилдириш уламоларимиз томонидан тавсия қилинади.Катта ёшдаги киши мусулмон бўлса ва хатна унга зарар келтириши хавфи бўлса, тарк қилинади.Бир одам, катта ёшда мусулмон бўлгани узри учун хатна қилинмаган бўлса, адолатли бўлади ва шаҳодати қабул қилинади. Узрсиз хатна қилинмаган одамнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.Хатна шофеъийлар ва ҳанбалийлар наздида вожиб, ҳанафийлар ва моликийлар наздида суннатдир. Бола туғилганига етти кун ўтгандан бошлаб хатна қилинса, бўлаверади, деган уламолар ҳам бор. Баъзилар, етти ёшдан ўн ёшгача хатна қилинса, яхши бўлади, деганлар.Хатначи катта одамни ёки ўсмирни хатна қилиш учун авратига назар солиши жоиздир.Бу ишнинг қанчалик фойдали эканини мусулмонмаслар ҳам энди-энди англаб етмоқдалар.