Ассаламу алайкум муҳтарам ҳазрат!Бир қўшнимиз никоҳга оид савол борлигини айтиб қолдилар. Мен аввало сизнинг вақтингизни олмаслик, ҳамда таълийф этган китобларингиз ва ёки интернет саҳийфаларида қўшнимизнинг муддаоларига жавоб бўлса, такрор чиқишни кўпайтирмасликни ирода қилгандим. Лекин у киши баён қилган холатнинг айнан ўзи кабисини учратмадим. Сал ўхшаш холатлар бордек, аммо ўшалар хақидан сиздан сўраб билганимиз афзал деган хулоса қилдик. Савол сўровчи қўйидагича мурожаат қилдилар:"Ука шу бир синглимизнинг қизларини яна бир синглимизнинг ўғилларига никоҳлаб бермоқчи эдик. Аммо узатилмоқчи бўлган қизни яна бир бошқа синглимиз гўдаклигида эмизган эканлар. Шу билан бирга уйлатилаётган йигитни ҳам қайсидир тўй маросимида уйқусираб, эмизиб қўйган эканлар. Буларнинг никоҳига йўл борми, билиб беринг" дейишди. Мен "Хадис ва хаёт"нинг никоҳга оид жуъзидан Уқбату ибн Ҳорис розияллоҳу анҳунинг хадисларини уларга айттим. Лекин Улар куёв бўлажак йигитнинг атига бир бора, уйқусираб эмизилгани хақида алоҳида тўхталишмоқда. Масала никоҳ масаласи, келажакка қўйиладиган пойдевор масаласи бўлгани сабабидан, ҳамда буларнинг мисоллари каби саволга берилган жавобни топмаганим(мукаммал қидирдим деб билмайман ўзимни) туфайли уларнинг муддаоларига шариат қандай йўл кўрсатганини сиздан билиб беришга сўз бердим. Шу ўринда айтишим керак, ҳар икки ёш эмизилган пайтлари икки ёшдан кичик бўлишган. Бирларининг тўйиб эмганларига шубха йўқ. Аммо уйқусираб эмизганларида сут қоринга етиб борганми, сут суюқ бўлганми буни эмизган аёл эслай олмасликларини баён қилганлар. Эмиза туриб, бола ўзлариники эмаслигини билган заҳоти кўкракдан гўдакни ажратганларини эътироф қилибдилар. Шу билан бирга кўкракларида ўшанда сут бўлганини ҳам айтганлар. Муҳтарам шайҳ ҳазратлари юқоридаги воқеанинг шаръий хукми қандай бўлади? Сўзимиз охирида сизнинг қилаётган хайрлик ишларингизга Аллоҳдан барака сўраб, ўзи ажрсиз қолдирмаслигини илтижо қиламиз. Илоҳо, охиратида муносиб тақдирласин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- Уйқусираган бўлса ҳам, сут боланинг қорнига тушса ҳаром бўлади.