Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бидъат ҳақида тушунча

07:12 / 17.03.2019 | Alisher | 3514
Ассалому алайкум! Охирги вақтларда яхши бидъат деган тушунча пайдо бўлди. Динда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар суннатларидан ташқари бошқа янгиликлар қилиш мумкинми? Бу янгилик агарда инсон учун яхшилик ёки енгиллик учун бўлса. Умуман олганда ҳозирги кунда янги бидъат киритиш мумкинми?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Бидъат икки қисмга бўлинади. Бири луғавий бидъат, яъни ҳар бир янгилик. У техникага тегишлими, кийим-кечакка тегишлими, ўқиш-ёзишга тегишли бўлади барчаси шу бидъат остига киради. Иккинчиси, истилоҳий бидъат, яъни динда “диндан ва савобли иш”  деб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеъин ва табаъ-тобеъинлар замоналарида сабаблар бўлатуриб диний деб қилинмаган ишларни ҳозирги кунга келиб “диндан ва савобли иш” деб билиш ва уни қилиш бидъатдир. Баъзилар мадрасаларни бидъат дейишади. Бу бидъат эмас, балки фарз илмларини билишга восита ҳисобланади. Шариатда фарзга олиб борадиган воситаларни қилиш фарз, вожибга олиб борадиган воситаларни қилиш вожиб дейилган. Масалан: Қуръони карим биринчи бўлиб китоб шаклига келтирилганда нуқта ва ҳаракатлари бўлмаган. Кейинчалик уламолар уни ўқишни осон қилиш учун ҳаракат қўйиб чиқдилар. Чунки шароит шуни тақозо қилди. Бу бидъат эмас, Қуръон ўқишликка восита эди, ҳолат шуни тақозо қилди, уламолар буни тадбирини қилишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар замонасида мадраса йўқ эди. Дарслар масжидларда берилар эди. Ҳолат мадраса қурилишини тақозо қилган эди уламолар буни ҳам тадбирини қилиб, мадрасалар қуришди. Мадрасасиз илм олиш қийин бўлгани учун мадрасани қуришди. Бу бидъат эмас, балки фарз илмни эгаллашга восита холос. Кўпчилик бидъат ҳақида гапирилганда истилоҳий бидъатга луғавий бидъатни қориштириб юборади. 

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَصْدَقَ الْحَدِيثِ كِتَابُ اللهِ، وَأَحْسَنَ الْهَدْيِ هَدْيُ مَحَمَّدٍ، وَشَرُّ الْأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ مَحْدَثَةٍ بِدْعَةٌ، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلَالَةٌ، وَكُلُّ ضَلَالَةٍ فِي النَّارِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ وَاللَّفْظُ لَهُ  

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники.
Шарҳ: Муаллифнинг бу ҳадисни «Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш ҳақида» номли бобда келтиришдан кўзлаган мақсадлари аниқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳа¬дисларида бир неча ҳақиқатни баён қилмоқдалар:
1. «Энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир».
Шундай бўлганидан кейин Аллоҳнинг Китобини ўқиш-ўрганиш ва унга амал қилиш керак. Ким Қуръондан бошқани ундан устун қўйса, катта хато қилган бўлади. Ҳадисдаги бу жумла Китобни маҳкам тутиш зарурлигини кўрсатади.
2. «Энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир».
«Ҳидоят» сўзи луғатда бир нарсага лутф билан йўллаб қўйишни ифода этади. Дунёда одамларни ҳидоят қилишни даъво қиладиганлар кўп. Лекин энг яхши ҳидоят – охирги ва энг афзал Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари ўзларининг Суннатларида баён қилинган. Ким ҳақиқий ҳидоятни топаман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини маҳкам тутсин! Ким ҳақиқий тўғри йўлда юраман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юрсин!
3. «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир».
Аввал айтганимиздек, бу гап Ислом янгиликка қарши деган маънони билдирмайди. Бу ерда Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган нарсалар тўғрисида гап кетмоқда. Дарҳақиқат, Китоб ва Суннатга хилоф равишда янги пайдо бўлган ҳар бир иш энг ёмон ишдир. Ана шундай шароитда пайдо бўлган
«Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир».
«Бидъат» сўзи луғатда янгидан ўйлаб чиқарилган нарсани англатади. Шариатда эса бидъат деб Қуръон ва Суннатда зикри келмаган нарсаларнинг янгидан пайдо бўлишига айтилади. Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган ҳар бир нарса бидъатдир.
«Ҳар бир бидъат залолатдир».
Қуръон ва Суннатга хилоф нарса залолат бўлмай, нима ҳам залолат бўлар эди.
«Барча залолат дўзахдадир».
Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган иш ҳам, унинг қилувчиси ҳам дўзахга тушади. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиш лозим. Бунинг учун эса аввало уларни яхшилаб ўрганиш керак. Ҳақиқий исломий иш нима, ҳақиқий бидъат нима эканлигини яхши ажрата билиш керак. Ушбу ҳадиси шарифни суистеъмол қилиб, ҳамма нарсани бидъатга чиқариб, ҳаммани дўзахга маҳкум қилиб юбормаслик ҳам зурур. Бу маъно аввалги ҳадиснинг шарҳида батафсил баён қилиб ўтилди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аллоҳнинг Китоби энг содиқ каломлиги.
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари энг яхши ҳидоятлиги.
3. Қуръон ва Суннатга хилоф нарсалар бидъат эканлиги.
4. Ҳар бир бидъат ўз эгаси билан дўзахда эканлиги.
Биз мусулмонлар бугунги кунда ушбу ҳадисни ҳаётга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Аллоҳнинг каломини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари – Суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз керак. Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушламоғимиз, уларга хилоф бўлган барча бидъатлардан халос бўлмоғимиз лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat