Ассалому алайкум! 10-синф тарбия фани дарслигида бир хадис келтирилган. Хадиснинг манбаси "Имом Бухорий, никох китоби, 5162-хадис дея келтирилган". Хадис куйидагича: "Хишом ибн Урва ривоят килади:"Оиша розияллоху анхо бир келинни бир ансорий куёв хузурига кузатиб куйдилар. Жаноб Расулуллох:"Эй Оиша, мусика чалиб, уйин-кулги билан кузатиб куйдингизларми? Ансорлар мусика чалиб, уйин-кулги килишни хуш курадилар" дедилар"" Саволим шундан иборатки, бу хадис канчалик сахих? Мен бу даражада уйланиб колишимга бир холат (Расулуллох хаётлари хакидаги бир ходиса) сабаб булган. Яъни Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам туй тантанасини эшитиб, бормокчи булганларида Аллох у Зотни уйкуга кеткизган. Мусика таралаётган тарафга боришларини Аллох истамаган. Лекин юкоридаги хадисда Пайгамбаримиз алайхиссалом мусика чалдингизми деб сурадилар дейилмокда. Яъни Аллох у Зот килишини хохламаган ишни, килдингларми дея сурадилар дейилган. Шу холат бу хадиснинг ишончли ёки ишончли эмаслигида шубха уйготди. Балки бу икки вазиятни мен нотугри талкин килаётгандирман. Илтимос жавоб берсангиз. Саволни тушунтира олдим деган умиддан. Жавоб учун олдиндан рахмат. Аллох рози булсин.
– Ва алайкум ассалом! Ҳадиси шарифни нотўғри таржима қилишибди. Унда мусиқа ёки унга далолат қилувчи бирорта сўз йўқ. Асл матн қуйидагичадир:
عن هشام بن عروة عن أبيه عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها أَنَّهَا زَفَّتْ امْرَأَةً إِلَى رَجُلٍ مِنْ الْأَنْصَارِ فَقَالَ نَبِيُّ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : يَا عَائِشَةُ مَا كَانَ مَعَكُمْ لَهْوٌ فَإِنَّ الْأَنْصَارَ يُعْجِبُهُمْ اللَّهْوُ
Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади:
“Оиша бир аёлни бир ансорийникига узатиб борибди. Кейин Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша, сизларда нима ўйин-кулги бўлди? Ахир ансорлар ўйин-кулгини ёқтиришади”, дебдилар.
Изоҳ: Бу ерда шариат рухсат берган даражадаги ўйин-кулги назарда тутилганини барча бир овоздан таъкидлаган. (“Олтин силсила китобида “Саҳиҳул Бухорий”). Валлоҳу аълам!