Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

4тадан зиёт хотин олса буладими?

09:07 / 25.12.2016 | Muxxammad | 10748
Ассалому алайкум! Биз ожиз бандаларни Оллох кeчирсин китоб уқиб изланмeмизда хархил булар бумас саволлар билан сизларни овора қилип қуямиз Исломда 4тадан ошиқ хотин олип булмайди дeган айрим устозларни марузалари бор eкан лeкин мeн аниқроқ далил Cадиллаc тополмадим исломда нeчтагача рухсат бор шу хақида аниқроқ хадис далил билан тушунча бeрсангизлар дeгандим олдиндан рахмат Оллох сизлардан рози булсин!

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ҳақиқатан кўпроқ китоб ўқисангиз бизни ҳам вақтимизни олмасдингиз ва жуда кўп маълумотларга эга бўласиз. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади : وَإِنْ خِفْتُمْ أَلاَّ تُقْسِطُواْ فِي الْيَتَامَى فَانكِحُواْ مَا طَابَ لَكُم مِّنَ النِّسَاء مَثْنَى وَثُلاَثَ وَرُبَاعَ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلاَّ تَعْدِلُواْ فَوَاحِدَةً أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ ذَلِكَ أَدْنَى أَلاَّ تَعُولُواْ۝ 3. Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами, никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг) ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг). Мана шу жабр қилмаслигингизга яқинроқдир. Бу ояти кариманинг маъноларини тўғри тушуниш, ундан келиб чиқадиган ҳукмларни ўз ўрнида англаш учун бир қанча қўшимча маълумотларга эҳтиёж тушади. Сиртдан қараганда, етимларга адолат қила олмасликдан қўрққан кишига иккита, учта ёки тўртта хотин олишни тавсия қилиш ғалати туюлади. Бу сирни англашда бизга имом Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоят ёрдам беради: «Менга Урва ибн Зубайр хабар бердики, у Оиша онамиздан «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз…» ояти ҳақида сўраган экан, у киши розияллоҳу анҳо: «Эй жиян! Бир етим қиз кафилининг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, уларга уйланишдан қайтарилдилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилиндилар», – деб жавоб қилибдилар. Демак, оятдаги «етимлар»дан мурод етим қизлар экан. Етим қизларга уларни ўз кафолатига – ҳимоясига олган киши уйланмоқчи бўлса-ю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсин-да, бошқа ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган аёллардан хоҳишига қараб, иккитагами, учтагами, тўрттагами, уйлансин. Агар хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин ёки чўри тутиш билан кифоялансин. Етим қизларга адолатсизлик фақат мол-мулк борасида эмас, чунки оятда адолат мол-мулк билан бирга қайд қилинмасдан, умумий зикр этилгандир. Шунинг учун ҳар қандай адолатсизликнинг юз беришидан сақланиш керак. Жумладан, агар эркак бу қизга фақат моли учун уйланса, унинг ўзига нисбатан кўнгли бўлмаслиги мумкин. Ёки орадаги ёшда катта фарқ бўлиши натижасида қизнинг ҳаётида оилавий ҳаётнинг ҳақиқий маъноси умуман, ўз ифодасини топмаслиги мумкин. Ва ҳоказо... Булар ҳам адолатсизликдир. Ояти каримадаги «...ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами, никоҳлаб олинг» жумласидан Ислом дини рухсат берган кўпхотинлилик ҳукми олинган. Дўст-душман бу оятнинг ўзини билмаса ҳам, унинг ҳукмини яхши биладилар. Чунки улар Исломга душманлик қилиш йўлида гўё шу нуқтада қулай имкон топганлар. Агар дин душманларининг бу масаладаги шовқин-суронларига эътибор бериладиган бўлса, худди Ислом фақат шу масаладангина иборатга ўхшаб кўринади. Исломдан сўз очилиши билан шу мавзуга ёпишиб олишади. Гўёки уларнинг фикрича, Ислом шариати мусулмон эркакларга тўрттадан хотин олишни фарз қилган. Бу ҳолат асрлар давомида душманлар томонидан Исломга қарши олиб борилган тарғиботларнинг самарасидир. Ҳатто баъзи ўзини мусулмон ҳисоблаб юрганлар ҳам бу тарғибот таъсирига тушиб қолганлар. Улар умуман, ҳеч бир нарса билан, жумладан, ушбу ояти карима билан ҳам танишмай туриб, душманларнинг гапларини тўтидай такрорлайверадилар. Ҳеч бўлмаса, ушбу оятни ўқиганларида эди, унинг иккинчи ярмида «Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)» жумласини кўрар эдилар. Бу масалага муфассалроқ тўхталмасак бўлмайди. Исломнинг кўпхотинлиликка рухсатига қарши шов-шув кўтарадиганлар асосан ғарбликлардир. Улар қадимдан Исломга нисбатан адоватда бўлишлари билан бирга, айнан ушбу масалага алоҳида урғу берадилар. Аввало, уларнинг табиати шуни тақозо этади, чунки улар мижози совуқ кишилар бўлиб, кўпинча битта хотин билан яшашга ҳам қийналадилар. Аммо улар Ислом бутун дунёга юборилган дин эканига эътибор бермайдилар. Дунёдаги барча халқларнинг дини ўлароқ, Ислом совуқ мижозли шимолликларга ҳам, иссиқ мижозли жанубликларга ҳам мос ҳукмларни жорий қилгандир. Жумладан, оила масаласида ҳам. Лекин имкони йўқлар, биттадан ортиқ хотинга эҳтиёжи бўлмаганлар кўпхотинлиликка мажбур қилинмайди. Ҳам жинсий қувват, ҳам маблағ жиҳатидан имкони бор кишиларга, улар ҳаром йўлга юриб кетмасликлари учун, зарурат юзасидан кўпхотинли бўлишга рухсат берилади. Бу масаланинг бир ҳикмати. Иккинчидан, ҳозирги кунимизгача аҳолини рўйхатга олиш натижаларига назар солсак, ҳамиша аёллар эркакларга нисбатан сезиларли даражада кўп бўлганини кўрамиз. Ёш гўдаклар ичида ҳам қиз болаларга нисбатан ўғил болаларнинг ўлими кўп экани қайд этилади. Йўл ҳодисалари, турли турмуш ҳодисалари ва қолаверса, урушларда асосан эркаклар ўлади. Демак, жамиятимизда аёллар сони эркакларга нисбатан кўп. Агар ҳамма эркаклар фақат биттадан хотинга уйланса, ортиб қолган аёллар нима қиладилар? Улар ҳам инсон, Аллоҳ берган жинсий майл бор, улар ҳам оилали, эрли, фарзандли бўлишни хоҳлайдилар. Аммо иложи йўқ. Эркакларнинг ҳаммаси банд. Хўш, бундай ҳолда мазкур аёллар ўз муаммоларини қандай ҳал этадилар? Бунинг фаразий уч йўли бор: Биринчиси – ҳаром йўлга юриш. Жинсий эҳтиёжини қондириш нуқтаи назаридан зино қилади; насл қолдириш эҳтиёжи нуқтаи назаридан ҳароми бола орттиради. Иккинчиси – бировнинг оиласини бузиб, хотинидан ажратиб, болаларини тирик етим қилиб, тегиб олиш. Учинчиси эса – ҳалол-пок, рози-ризолик йўли билан иккинчи хотин бўлиш. Албатта, ўзини қадрлаган, ҳалол-пок бўлишни хоҳлаган аёл аввалги икки йўлни кескин рад этади ва учинчи йўлни – исломий йўлни танлайди. Инсоният тарихи давомида бу оғир масалани Исломчалик инсоний бир йўсинда ҳал этган бошқа дин ёки тузум борми?! Учинчидан, инсон ҳаётида турли ҳолатлар бўлиб туради. Жумладан, соғлиқ масаласида ҳам. Дейлик, бир муддат оилавий ҳаёт кечириб, фарзандли бўлиб, сўнгра аёл киши касал бўлиб қолди. Натижада у эрининг олдидаги аёллик вазифасини тўлиқ адо эта олмайди. Эркак эса ҳали жисмонан бақувват. Нима қилиш керак? Бу ҳолни муолажа қилишнинг ҳам уч йўли бор: Биринчи йўл – эр бошқа аёллар билан зино қилиб, ҳаром йўлга кириб кетиши керак. Бу ечимнинг турган-битгани зарар. Аввало, ўзига: виждон изтиробида, иккиюзламачилик билан ҳаёт кечиришга мажбур. Сўнгра оиласига, фарзандларига: улар ҳам изтиробда қоладилар, оиланинг парчаланиб кетиши хавфи туғилади. Сўнгра жамиятга: зинокор ҳамиша жамият ахлоқини бузиб туради. Ва ҳоказо. Иккинчи йўл – умид билан бир ёстиққа бош қўйган аёлни – болаларининг онасини ташлаб, бошқага уйланиб кетиш. Бунда, табиийки, нормал ҳаёт бузилади, фарзандлар тарбиясига футур етади. Учинчи йўл – касал ҳолдаги аёли билан, болалари билан бирга қолиб, уларнинг розилиги ва ҳалол-пок йўл билан бошқа аёлга уйланиш. Албатта, ўзини қадрлаган, ҳалол-пок ҳаёт кечиришни хоҳлаган киши аввалги икки йўлни кескин рад этади ва учинчи – Исломий йўлни танлайди. Чунки энг тўғриси ҳам шудир. Тўртинчидан, иймонли эр-хотин оила қуриб, ўн ёки ундан ортиқ йиллар давомида биргаликда ҳаёт кечирдилар, аммо фарзанд кўрмадилар. Ва фараз қилайликки, табиблар аёл кишида она бўлиш имкони йўқлигини аниқладилар. Бу хил муаммонинг ечими қандай бўлади? Шунча йил бирга яшаган, иссиқ-совуқни биргаликда ўтказган аёлни ҳайдаш керакми? У бошқа эрга теккани билан барибир фарзанд кўрмаса?! Ёки эркак ҳам фарзандсиз ўтиши керакми? Бу муаммони тўғри ҳал қилишнинг Йўли – Ислом ҳукмидир. Яъни аввалги аёлни ўзи билан олиб қолиб, розилик ва ҳалоллик-поклик йўли билан яна битта аёлга уйланиб, бахтли ҳаёт кечириб, фарзандли бўлиш. Аввалги бефарзанд аёл ҳам эрининг болаларига меҳр қўйиб, тарбияларида иштирок этиб, уларнинг бахтига шерик бўлгани ҳоллари тажрибада кўп синалгандир. Кўпхотинлиликка рухсатнинг ҳикматлари булар билан тугамайди, яна бошқа кўп ҳикматларни келтириш мумкин. Аммо бунга ўхшаш фикрларни айтиш худди айбдорни ҳимоя қилишга ўхшаб қолади. Ислом эса ҳар қандай айб-нуқсондан холидир. У ҳеч қандай ҳимояга муҳтож ҳам эмас. У Аллоҳнинг дини, уни ҳимоя қилишни Аллоҳ таолонинг Ўзи зиммасига олган. Аммо ўйлаб кўрайлик, кўпхотинлиликни Ислом урфга киритганми? Яъни кўпхотинлилик ҳодисаси фақат Исломда борми? Тарихга назар соладиган бўлсак, Исломдан олдин кўпхотинлилик ҳамма жамиятларда бўлган ва авж олган. Бошқа динларнинг тарих китобларида ҳатто мингта хотини бўлган кишилар ҳақида хабарлар бор. Бу масала хусусида муфассал баҳс юритган илмий асарларда кераклигича ҳужжат ва далиллар келтирилган. Биз эса фақат ушбу оятлар нозил бўлган Арабистон ярим оролидаги ҳолатга бир назар солайлик. Имом Бухорий ривоят қиладилар: «Ғайлон ибн Салама Сақафийнинг мусулмон бўлиш арафасида ўнта хотини бор эди. Набий алайҳиссалом унга: «Улардан тўрттасини танлаб ол», – дедилар». Имом Абу Довуд ривоят қилишларича, Умайра Асадий: «Мусулмон бўлганимда саккизта хотиним бор эди. Буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилган эдим, у зот менга: «Улардан тўрттасини танлаб ол», – дедилар», – деб айтган. Демак, Исломдан аввал ҳам кўпхотинлилик нафақат мавжуд бўлган, балки авж олган бўлиб, маълум бир сон билан чегараланмаган ҳам. Кимда ўнта, кимда саккизта, йигирмата ёки ундан кўп хотин бўлиши мумкин бўлган. Узоққа бориб ўтирмайлик; Исломнинг душмани бўлган ва диёримизда динга катта талафот етказган Чингизхон мингта хотин олган, дейди тарих. Хуллас, Ислом инсон ҳаётига кириб қолган бу ҳайвоний ҳолатларни бартараф этиб, юқорида саналган ва яна саналмаган кўп ҳикматлар юзасидан хотинлар сонини тўрттагача чегаралаган. Аммо бу асло амр эмас, балки рухсатдир. Рухсат бўлганда ҳам, адолатли бўлиш шарти билан берилган рухсатдир! Оятнинг ўзида ҳам: «Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани…» – дейилган. Мазкур адолат, яъни эр томонидан хотинлари орасида ўрнатилиши лозим бўлган адолат муомалада, нафақада, ҳаётий ишларда ва ҳатто бирга ётишда ҳам бўлмоғи шарт. Ушбу оят ва кўпгина ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, уламоларимиз бу масалани фиқҳ китобларимизда майда-чуйдасигача батафсил баён қилиб берганлар. Бу ояти каримада кўплаб душманлар томонидан Исломга туҳмат тоши отилишига боис бўлган яна бир масала бор. Бу нарса «…ёки қўлингизда мулк бўлганлар билан (кифояланинг)» деган жумлага алоқадордир. Бу ерда гап қулдорлик ҳақида, хусусан, хотин кишини қул (чўри) тутиш ҳақида кетмоқда. Қулчилик ҳақида аввал ҳам тўхталган эдик. Хулоса шуки, қулчилик ҳам худди кўпхотинлиликка ўхшаб, Исломдан аввал авж олган ва кенг тарқалган ҳодисалардандир. Ислом биринчи бўлиб қулчиликка қарши курашни бошлади. Қул озод қилишни ибодат даражасига кўтарди. Инсонларни қул қилишни эса катта гуноҳ ҳисоблади. Бу масалада батафсил баҳс юритган китобларга мурожаат қилсак, Ислом қулчиликнинг ҳамма эшикларини беркитганини кўрамиз. Лекин воқеъликни ҳисобга олиб, фақат бир эшикни – урушда асир тушганларнинг эшигини очиб қўйган. Демак, бу оятда хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрққан кишиларга чўри тутишни тавсия қилишда ҳам ўша воқеълик ҳисобга олинган. Чўри тутишга берилган рухсат ҳам Ислом душманлари томонидан маҳкам тутиб олиниб, аксил ташвиқотларига байроқ қилиб юрилади. Натижада дунёда Ислом олами деганда, бехабарларнинг кўз олдига фақат кўпхотинлилик ва чўри аёллар келадиган бўлиб қолган. Аммо бу масалага воқеълик нуқтаи назаридан қаралгандагина унинг моҳиятини тўла тушуниш мумкин. Ўша даврларда тез-тез урушлар бўлиб турар эди. Табиийки, уруш бор жойда ўлим бор, асир тушиш бор. Душман томон мусулмонлардан асирга тушган эркакларни қул, аёлларни чўри қилар эди. Ўз-ўзидан, мусулмонлар ҳам шунга яраша муомала қилишга мажбур эдилар. Аввало, асирларга имкони борича яхши муомалада бўлишга, уларни озод қилишга тарғиб қилинарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган китобларни ўқиганимизда бунга кўплаб мисолларни топамиз. Қул ёки чўри тутишга тўғри келиб қолганда эса ўзига яраша ҳукмларга амал қилиш лозим бўлар эди. Асирга тушган муслима аёлларга нисбатан кофир ва мушриклар ваҳшиёна муносабатда бўлишларига қарамай, мусулмонлар ўз қўлларига тушган асира аёлларга шариат кўрсатмалари асосида гўзал муносабатда бўлар эдилар. Уларни озод қилиб юборишга тарғиб ҳақида гапириб ўтдик. Энди, мабодо тутиб қолишга қарор қилинса, нима бўлишини ўрганайлик. Дейлик, бир аёл асирга тушди. Бир уйда яшамоқда. Ой ўтади, йил ўтади. Лекин у ҳам аёл, у ҳам инсон, унинг ҳам жони бор, нафси бор. Ёмон йўлга кириб, Ислом жамиятидаги эркакларни йўлдан уриб яшасинми? Ёки ўзига эга бўлган одам билан ҳалол-пок, шаръий алоқада бўлсинми? Бу эса ўша аёлнинг келажакда ҳур бўлишига йўл очади. Агар хожаси унга уйланса, унинг инсонийлик кароматини қайта кўтарган бўлади. Бундай ҳолатларда кўпроқ ҳур эр ўзининг чўри хотинини озод қилади. Аммо озод қилмай, чўри ҳолида олиб юрса ҳам, туғиши билан аёл умму валад ҳисобланади. Шариат бўйича, уни сотиш мумкин бўлмай қолади. Ҳамда хожаси вафот этган куни у аёл озод ҳисобланади. Ушбу ҳолатни ғайримуслимларнинг қўлига тушиб қолган аёлларнинг ҳоли билан солиштириб кўринг-а, қандай фарқ борлигини кўрасиз. Исломнинг илк давридаги ҳолни қўя туринг, бугунги кунимиздаги тараққиёт, маданият ва инсон ҳуқуқлари даъвосини қилаётган милодий йигирма биринчи асрнинг аввалги йилларидаги ҳолатга солиштиринг. Асира аёлларни нималар қилишмаяпти. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тинимсиз зўрлашдан тортиб, уларни фоҳиша фильмларга суратга олиб, бозорда сотишгача боришяпти. Улар инсонлик маъноларини оёқости қилишяпти. Бу даҳшатли ишлар чўри тутишга рухсат бергани учун Исломга туҳмат тошини отаётган Европанинг қоқ марказида содир этиляпти. Ояти кариманинг ниҳоясида «Мана шу жабр қилмаслигингизга яқинроқдир», дейилган. «Мана шу»дан мурод етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрққанда уларга уйланмаслик ва улардан бошқа аёлларга уйланиш, хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрққанда биттага уйланиш ёки чўрилар билан кифояланишдир. Шундай қилинса, ҳеч кимга жабр, зулм бўлмайди ҳисоб. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat