Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ижмо қилинган эътиқодий масалалар

09:27 / 09.06.2014 | Turkistoniy | 3444
Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Ислом.уз сайтида ижмо қилинган эътиқодий масалаларга фақатгина 2 та Ашъарий ва Мотудийнинг иттифоқ қилган масалалари бўйича мақола берилган. Фиқхда фақат шу 2 та олимнинг қарашлари олинадими? Ашъариялар кимлар? Буни ақидада адашган фирқа деб ўқидик. Мисол учун Аллоҳнинг макони ҳақидаги фикрлари бошқа уламонинг фикрларига умуман тўғри келмаяпти. Буни кўринг: www.youtube.com/watch?v=9Q5JOn-Xn48 Жавоб учун катта раҳмат.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бу масалалар фиқҳий эмас, ақийдавий масалалардир. Ашъраий ва Мотуридий мазҳаблари ҳақида жуда кўп айтилган, ёзилган. Ашъарийларни адашган фирқа деганларнинг ўзлари адашган. Сиз ва сизга ўхшаган азизларимиз учун ушбу кўп марта такрорланган маълумотларни яна такрорлашга мажбурмиз. АҲЛИ СУННА ВА ЖАМОА Турли сабабларга кўра мусулмон оламида турли ақийдавий бузғунчи тоифалар кўпайб кетган. Уларнинг барчаси одамларни залолатга бошлаган. Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга «Аҳли сунна ва жамоа» номи берилди. Кейинроқ, одамларга тушунарли бўлиши учун, матнларни таъвийл қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Ниҳоят, ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди. «Аҳли сунна ва жамоа» исми бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ, юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ, айни шу исмни ишлатила бошланди. «Аҳли сунна» деганда «суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар» деган маъноларни кўзда тутилган. Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридий Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар. Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир-бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам, бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларининг бирданига Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилиниши бу мазҳабнинг ақийдаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир. ИМОМ АБУЛҲАСАН АЛ-АШЪАРИЙ Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг насаблари улуғ саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У киши Бағдодда яшаб, ўша ерда ҳижрий 333-санада вафот этганлар. Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи дастлаб мўътазилийларнинг бошлиғи Абу Али Жибоийдан дарс олган ва кези келиб ўзи ҳам мўътазилийларга бош бўлган. Кейин тавба қилиб, мўзътазилийларга қарши бўлган. Уларнинг айбларини фош қилган ва Аҳли сунна ва жамоанинг имоми бўлишга эришган. Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна ва жамоа ақийдаси бўйича бир неча китоблар ёзган. Улардан баъзиларини эслаб ўтайлик. 1. «Мақолатул исломиййин». Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг бу китобларида Аҳли сунна ва жамоанинг ақийдасини баён қилиб берган. 2. «Ал-Ибона». Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи бу китобда Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қавллари асосида баён қилиб, мўътазилий ва жаҳмийларга раддиялар қилган. 3. «Рисолатун ила аҳлис-сағр». Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийларга маълум бир масалаларда раддия қиладилар ва ўзларининг имом Аҳмад мазҳабида эканларини баён қиладилар. Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг мазкур уч китобида оят ва ҳадисларни таъвийл қилиш йўлига ўтмайди. Салаф уламолари, хусусан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг йўлларини тутади. 4. «Ал-Ламаъ». Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу китобида аввалги уч китобидагидан бошқача йўл тутиб, ақлий далилга ҳам эътимод қилади. Шундай қилиб, у киши бу китобда салаф уламолари йўлидан эмас, кейинги, таъвийл йўлини тутганлар изидан боради. Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва мазҳабларини чуқур ўрганган уламолардан шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги хулосаларни қиладилар: «Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган ақийдаларни олган ва тушунтиришнинг барча услубларини қўллаган. Ташбиҳга оид оятларнинг зоҳирини – сирт­қи маъносини олган. Аммо ташбиҳга ўтмаган. У, Аллоҳ таолонинг бандаларнинг юзига ўхшамаган юзи ва У зотнинг махлуқотларнинг қўлига ўхшамаган қўли борлигига эътиқод қилган. Ақоидга оҳод ҳадислардан ҳужжат келтирган. Аҳли ҳавонинг барчасидан, мўътазилийлардан четда бўлган. Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаби ўртача ва мўътадил мазҳабдир. У киши ақийдаларга далил келтиришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан истифода қилган. Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолонинг, Унинг Расулларининг ва охират кунининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган васфларини собит қилади. Ақлий ва мантиқий далилларни ҳужжат қилиб келтиради. Шунингдек, у киши фалсафий масалалардан ҳам фойдаланган. Чунки, Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийлар, файласуфлар, қарматийлар, ботинийлар, рофизийлар ва бошқаларга раддиялар қилган. Бу ишда эса, ўшаларни қаноатлантириш ва зиддиларига далилни келтириш лозимдир». Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ишини давом эттирувчилар кўп бўлди. Ибн Асокир, Абу Исҳоқ Исфиройиний, Абу Бакр Қаффол, Ҳофиз Журжоний, Абу Муҳаммад Тобарий, Дороний, Абу Бакр Боқиллоний, Абулқосим Қушайрий, Имомул Ҳарамайни, Абу Ҳомид Ғаззолий, Фахрул Ислом Шоший, Фахруддийн Розий каби алломалар шулар жумласидандир. ИМОМ АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙ Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида ҳижрий 333-санада вафот этган. У киши Ҳанафий мазҳабида бўлиб, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни, у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддислар чақирган нарсага чақирган. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. Улар у кишидан фиқҳ, усули фиқҳ ва бошқа дийний илмларни таълим олганлар. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш-шарийъа»ни таълийф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳли ушлаган мазҳаб соҳибига айланди. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан ал-Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Таъвийлоту аҳлис-сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган. Саъдуддийн Тафтазоний, имом Тоҳавий, имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, Ибн Ҳумом ва бошқа уламолар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламоларидан бўлдилар.

Топ рейтинг www.uz Openstat