Эрнинг бурчи

odina сўради 3 ой аввал

Ассалому алайкум! Сизларга савол ёллашимдан мақсад синглимнинг ҳаётига бeфарқ бўлолмадим. Синглимни турмушга бeрганимиздан буён куёв бола чeт элда ишлайди. 6-7ойда, баъзан йилда бир кeлиб бир ой туриб кeтади. Синглимни ҳомиладорлиги тугул фарзандларининг бирортасининг туғилганида олдида бўлмаган. Ҳаш-паш дeгунча 4 та фарзандли бўлди. Ўғил қизлари бор Аллоҳга шукур. Саволим шундан иборатки куёвим синглим билан тортишиб қолса оиласини умуман ташлаб қўяди. Фарзандларига қарамайди синглимга аччиқ қилиб ойлаб гаплашмасдан юравeришади. Оталик бурчини унутади. Айб синглимда бўлган тақдирдаям ота фарзандларига қараши, уларни таъминлаши кeракми ёки аёлини жазолаб боллариниям оч наҳор ташлаб қўйиши кeракми? Оталик бурчи ҳақида эркакларимизга насиҳат қилишингизни илтимос қилиб қолардим. Зора чeт элларда юрган бизнинг айрим «номард» эркаклар оиласига эътиборини ажратиб мeҳрини бeрса.

1 жавоб
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати Маъмурият жавоб берди 3 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

ЭРЛАРНИНГ БУРЧИ

Ислом шариатида эр ва хотин аҳил, тотув, бахтли ва фароғатли ҳаёт кечириш учун бир-бирларидаги ҳақларини яхши билиб олишни буюради ва уларнинг бунга қатъий амал қилишлари зарур бўлади. Хотиннинг эрдаги ҳақлари кўп бўлиб, айримларини келтирамиз:  Эр хотинига хушфеълли бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт кечириши, унга озор етказмаслиги керак. Чунки ҳадисда: «Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига яхши муомала қилганингиздир», дейилган. Эр аёлини қизғаниши (рашк қилиши), унинг ор-номусини сақлаши даркор. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолга бепарво бўлмаслиги керак. Аммо ёмон ўй, талабчанлик ва тергашда ҳаддан ошиш дуруст эмас. Эр хотинининг озиқ-овқат, кийим-кечак каби эҳтиёжларини исрофга йўл қўймаган ҳолда, етарли таъминлаши зарур. У бунга сарфлаган харжлари учун ажр-савобга эришади. Эр хотинига диний масалаларни, шаръий ҳукмларни ўргатиши, ибодатга тарғиб қилиб туриши керак. Эр хотинининг иффатини сақлаши, уни ҳаромдан ҳимоя қилиши керак. Айниқса қўшилиш чоғида хотинининг хоҳишини инобатга олиши лозим. Эр хотинини яхши кўрса, уни ҳурматлаши, қадрлаши, ёмон кўрса, зулм қилмаслиги лозим. Истаса чидаб яшасин, ёки яхшиликча ажрашсин. Аёлни фақат мардлар қадрлайди, пастлар хорлайди. Эр аёлига бола тарбиясида яқиндан ёрдам беради, бу соҳада унинг ишларини енгиллаштиради. Болаларга иймон-эътиқодни тушунтириш, касб-ҳунар ўргатиш, уларни жисмонан чиниқтириш кўпроқ оталар зиммасида бўлади. Тирикчилик ва рўзғор ташвишлари хусусида эр аёли билан маслаҳатлашади, бундан бошқа катта иш, масъулиятларни аёлига юкламайди. У аёлига ўзининг қайғу-мусибатлар ва ташвишларини, ишидаги кўнгилсизликларни, зиммасидаги бурчларини айтиб, душманлари ҳақида гапириб, унинг оромини бузмайди. Аёлининг номаҳрам, бегона эркаклар билан бирга ўтиришига, улар билан ёлғиз қолишига, апоқ-чапоқ бўлиб кетишига бефарқ бўлмайди. Эр аёлининг изнисиз сафарга кетмайди, уни узоқ вақт ҳижронга солмайди, аёли билан бахтли ҳаёт кечиришаётган бўлса, устига уйланмайди.
Лекин ҳозирги пайтга келиб, эркаклар оилани боқиш мақсадида турли ўлкаларга ишлагани кетишяпти. Ватандош мардикорлар орасида оила ва никоҳ муносабатлари ҳам издан чиқмоқда. Улар оиладан уч-тўрт йилга, баъзан бундан ҳам кўпроқ муддатга узилишмоқда. Ҳар қандай шаҳватини тия олган одам ҳам бунча узоқ муҳлатга хотинсиз юра олмайди. Улар борган жойларида дарров бунинг “чораси”ни топишга интилишади. Агар бу нарса қонуний никоҳ йўли билан ҳал қилинганида бу ҳақда ёзиб ҳам ўтирмас эдик. Аммо Русияда ишлаб келган йигитлар ҳикоясига қараганда, ўзбек йигитларининг аксарияти рус аёлларига ҳеч қандай никоҳсиз, гувоҳларсиз, маҳрини ҳам бермай “уйланиб” олишяптийкан. Ҳатто хотинини эргаштириб ишга борган бир-икки мардикораларни “Тулага нега ўз самоваринг билан келдинг” дея “аския” ҳам қилишармиш. Энг ачинарлиси, мардикор йигитларнинг кўпи бу ишлари зинодан бошқа нарса эмаслигини тушунмас ҳам эмиш.
Яна бир муаммо шуки, бундай ватандошлар орасида ватанга, оилага қайтишни бутунлай “унутиб” юборгани ҳам талайгина. “Тўй қиламиз, уй қурамиз, машина оламиз” деган баланд орзулар билан эрларининг иссиқ ўрнини совутиб, чет элга ишга жўнатган ўзбек аёллари беш-олти йиллардан буён оиласига оз-моз пул жўнатиш билангина ўзининг борлигини “эслатиб” турган эрлари бошқа аёллар билан тўшакни баҳам кўраётгани ҳақида ўйлашармикин? Уларнинг ўзлари не аҳволга тушишяпти? “Эрларимиз уйга қайтишни ўйламаяпти, бу ёқда болалар тарбиясиз бўлиб кетяпти, жўнатган пули ҳам керак эмас, тезроқ уйга қайтариб беринглар” дея масжидларга, маҳалла фуқаролар йиғинига, ҳуқуқ органларига шикоят қилиб юрган аёллар орзу-ҳавасларининг нечоғли қимматга тушиши ҳақида бошда нега ўйлашмадийкин? Ахир улар ҳам тирик жон, Аллоҳ яратган фитрати билан эрларини соғинади, болаларининг “дадамиз қачон келадилар” деган саволига жавоб тополмай қийналади. Водий қишлоқларидан бирида яшайдиган танишимизнинг: “Қишлоқда йигитлардан мену бир неча қартайган чолларгина қолганмиз, кўчадан ўтгани юрагим безиллайди, эрларини соғинган аёлларнинг кўзлари баданимни тешиб юборай дейди” қабилидаги гаплари ҳам фожиани бутун бўй-басти билан ошкор қилиб турибди.
Чет элларда ишлаётган йигитлар (аёллар ҳам) ўзлари исташадими-йўқми, ўша жойдаги халқларнинг менталитетию улар турмушидаги зарарли одат ва қусурларга тақлид қилишади, эргашишади. Айниқса, Русияда мардикорлик қилаётганлар орасида ароқхўрлик, бангиворлик, қимор ўйнаш, пичоқвозлик, фоҳишабозлик каби иллатлар тобора одат тусига кириб боряпти. Бу эса яхши ахлоқ ва тарбия кўриб ўсган мусулмон йигитларининг ватанга безори, пиёниста, бузуқи ва расво бўлиб қайтишларини “кафолатлайди”. Биладиган кишиларнинг эътироф қилишича, Русияда ишлаб қайтганлар ичида хотинини қизғанмаслик, ҳар гап орасида айниб сўкиниш, бировларнинг озгина ютуғини ҳам кўролмаслик, катталарга беҳурмат бўлиш каби халқимиз менталитетига ёт қусурлар “юққан” кишилар ҳам кўп топилади. Валлоҳу аълам!