«Зулхаласа» Ямандаги Хасъам, Бажила, Давс ва яна бошқа бир қатор қабилаларнинг ибодатхонаси бўлиб, уни «Яманий Каъба» деб даъво қилишар ва у ерда «Халаса» деган санамга ибодат қилишар эди (ҳозир бу ер Саудия Арабистони ҳудудига киради). Уни насронийларнинг кўрсатмасига кўра қуришган бўлиб, улар Яманни босиб олишгач, арабларнинг Каъбага бориб ҳаж қилаётганларини кўриб, унинг ўрнига шу ернинг ўзига ибодатхона қуришни маслаҳат беришган эди. Бу ибодатхонадагилар жуда кўп одамларни турли хил ҳийла-найранглар билан йўлдан адаштирар, кишиларни алдаб пулларини ўзлаштирар, фолбинлик билан шуғулланар эди. Қолаверса, Зулхаласа оддий ибодатхона эмас, балки «Каъба» деган даъво билан қилинган, бирор илоҳий топшириқ олган шахс тарафидан эмас, балки уйдирмачи қаллоблар ўзларича қуриб олган ибодатхона эди ва жамият софлигига, бирдамлигига раҳна солиб турган эди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша юртнинг катталаридан бўлган Жарир розияллоҳу анҳуга уни бузиб ташлашни буюрганлар. У киши бориб, уларни Исломга, инсофга чақиради, кўнишмагач, уларни ўлдиради.