Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

“Анбиё” сураси

Маккада нозил бўлган. 112 оятдан иборат.

 

«Анбиё» сўзи арабча «набий» сўзининг кўплик шакли бўлиб, «пайғамбарлар» деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бу сурада пайғамбарлар ҳақида, жумладан, Иброҳим, Довуд, Сулаймон, Исҳоқ, Яъқуб, Лут, Нуҳ, Айюб, Исмоил, Идрис, Зулкифл, Зуннун, Закариё, Мусо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар ҳақида сўз юритгани учун ҳам мазкур сура «Анбиё» («Пайғамбарлар») номини олган.

Бошқа маккий суралар каби, бу сурада ҳам Ислом даъватининг Макка давридаги бош мавзу – ақийда ва унга тегишли масалалар муолажа қилинади. Хусусан, ақийданинг тавҳид, пайғамбарлик ва қайта тирилиш бобларига алоҳида эътибор берилади.

Ушбу масалаларнинг муолажаси борлиқдаги қонун-қоидаларга боғлаб олиб борилади. Чунки ақийда масаласи борлиққа чамбарчас боғлиқдир. Ақийдага энг эҳтиёжманд инсон борлиқда яшайди ва унинг бир қисми ҳисобланади. Шунинг учун осмонлару ер, уларнинг орасидаги барча нарсаларга назар солиш, уларнинг бекорга яратилмаганини ўйлаб кўриш зарур бўлади.

Дунёда турли нарсалар, ҳар хил жонзотлар, турли-туман умматлар бўлган ва ва ҳозир ҳам мавжуд. Сурада ўша нарсалар ва жонзотларнинг ҳам, умматлар ва уларга келган пайғамбарларнинг ҳам асли бир экани очиқ-ойдин баён этилади.

Дунёдаги шариатлар ва пайғамбарларнинг асли бирлигини, айниқса, сурадаги пайғамбарлар ва уларнинг қиссаларидан яхши англаб олиш мумкин. Ўтган пайғамбарлар ва уларнинг умматлари қиссалари кишилар учун улкан ибрат ва ваъз-насиҳат манбаи бўлмоғи зарур. Уларни яхши ўрганиб, хулоса чиқариб, уларнинг гўзал тажрибаларини ўзлаштириб, хатоларини такрорламасликка ҳаракат қилиш лозим. Шунинг учун Қуръони Каримда бу масалага алоҳида эътибор берилади. Пайғамбарларнинг қиссалари турли жиҳатлардан ёритилади.

Анбиё сураси кишиларнинг охиратни ва ундаги ҳисоб-китоб, жазо-мукофот ишларини унутиб юрганларини таъкидлаш, қиёмат яқинлашиб қолганини эслатиш билан бошланади.

Сўнгра эса дину диёнатни ва пайғамбарларни ёлғонга чиқарувчилар ҳақида сўз юритилади. Уларнинг ўтганларнинг ҳалокатларини кўриб, билиб турсалар ҳам, улардан ибрат олмаётганлари афсус билан эслатилади. Аммо тўсатдан азоб келиб қолса, ҳаммалари ёрдам сўраб, ёлворишлари айтиб ўтилади.

Аллоҳ қудратининг чексиз далиллари кишиларнинг ўзларида ва атрофларида жуда кўп эканига эътибор қаратилади.

Кейин мушрикларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни истеҳзо, масхара ва қўполлик билан қарши олганлари айтилади. Бундай ишларнинг оқибати қадимдан ёмонлик билан тугаб келаётгани эслатилади.

Сўнгра юқорида исми шарифлари зикр этилган пайғамбар алайҳиссаломларнинг қиссалари сура сиёқига мос равишда қисқа ёки узунроқ баён этилади. Энг аввал Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссалари батафсил ҳикоя қилинади. Чунки Иброҳим алайҳиссалом билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмлари орасида катта ўхшашлик бор эди. Қолаверса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиққан мушриклар «Биз Иброҳим миллатиданмиз», – деб даъво ҳам қилар эдилар.

Суранинг ниҳоясида эса қиёмат манзараларидан бирининг кўриниши васфи орқали ҳамманинг оқибати баён қилинади.


Топ рейтинг www.uz Openstat