Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

“Анкабут” сураси

Маккада нозил бўлган. 69 оятдан иборат.

 

Араб тилида «анкабут» сўзи «ўргимчак» маъносини ифода қилади. Сураи кариманинг бундай номланишига сабаб, унда ўргимчак мисол қилиб келтирилгандир. Сураи кариманинг 41-оятида Аллоҳ таоло: «Аллоҳни қўйиб, ўзга валийлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайдир. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки, билсалар эди»,  дейди.

Бошқа маккий суралар каби, ушбу сурада ҳам иймон, ақийда, мўмин билан кофир, ширк билан куфр орасидаги фарқ каби мавзулар муолажа қилинади.

Анкабут сураси ўзидан олдин келган маккий суралар силсиласининг узвий, ажралмас бир қисмидир. Маълумки, Қуръони Карим инсониятга ҳидоят маёғи ўлароқ, йигирма уч йил давомида нозил этилган. Шунинг ўн уч йили Маккаи Мукаррамада ўтган. Ана ўша узоқ ва машаққатли ўн уч йил Ислом ақийдасининг шаклланиши, мусулмонларнинг турли синовлардан ўтиш йиллари бўлган. Бу даврда янги динни қабул қилган кишилар турли қийноқларга, бало-синовларга дучор бўлганлар. Аллоҳ таоло иймон фақат оғизда сўзланадиган гап эмас, балки амал, сабр-бардош ва матонатдан иборат эканини уларга воқеъликда кўрсатган. Ҳар бир марғуб (исталган) нарсага етишиш осон эмас. Ўша марғуб нарсанинг салмоғига қараб, унга етишиш йўлидаги синов ҳам катталашиб бораверади. Иймон, Ислом йўли – икки дунё саодатига, жаннатга ва Аллоҳнинг розилигига эриштирувчи йўл осон йўл эмас. Чунки бу дунёда ундан-да олийроқ мақом йўқ. Бу йўлдаги синовлар ҳам унинг ўзига яраша олий мақом бўлиши турган гап.

Анкабут сураси мўмин-мусулмонларга ана шу ҳақиқатни ўзига хос услуб билан тушунтиради. Бундан олдинги суралар тафсирида айтганимиздек, Ислом даъвати ва мусулмонлар учун энг таҳликали кунларда нозил бўлган ушбу суралар мўминларга тасалли вазифасини ҳам ўтаган. Ўша пайтларда кофир ва мушрикларнинг мусулмонларга қарши зулм ва зўравонликлари беҳад кучайган эди. Мушриклар мусулмонларга қарши қўлларидан келган барча ёмонликларни қилишарди. Айниқса, ҳимоясиз, бечораҳол мусулмонларни шафқатсизлик билан қийноқларга солишар, ҳушларидан кетгунларича калтаклашар, баъзан ўлдириб қўяқолишар эди. Мушрикларнинг бу қилмишлари сийрат ва тарих китобларида батафсил келтирилган. Ана шундай пайтларда қийноқ жонидан ўтган мусулмонлар чора ахтариб, ҳабиблари, Пайғамбарлари – ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилар эдилар. Биргина мисол келтирамиз:

Имом Бухорий Хаббоб ибн Арт розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини ривоят қиладилар: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борсам, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба соясида, ридолари устида ёнбошлаб ўтирган эканлар. Ўша пайтда мушриклардан кўп шиддатли (азоблар) тортган эдим. Мен:

«Аллоҳга бир дуо қилсангиз-чи?!» – дедим. Шунда у киши туриб ўтирдилар. Юзлари қизариб кетган эди. Сўнгра:

«Сиздан олдин ўтганларнинг гўштлари ва пайлари темир тароқ билан суягидан ажратиб олинса ҳам, бу иш уни ўз динидан қайтара олмас эди. Бошининг ўртасига, фарқ очадиган жойига арра қўйиб, арралаб, иккига бўлиб юборилса ҳам, ўз динидан қайтмас эди. Аллоҳ, албатта, бу ишни охирига етказажак. Уловли киши Санъодан Ҳазарамавтгача Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмай борадиган кунлар ҳам келажак. Лекин сизлар шошилмоқдасизлар, холос», – дедилар».

Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом доим саҳобаларини сабрга чақирар, сабр ила жаннатга эришиш мумкинлигини баён қилар эдилар.

Қуръони Каримнинг оятлари эса ҳам мўмин-мусулмонларга, ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига тасалли бўлиб тушиб турар эди. Анкабут сураси ҳам худди шу маънодаги – иймон, Ислом, Аллоҳнинг розилиги йўлидаги синовларга, турли машаққатларга сабр қилишга ундовчи оятларга бой.

Иймон келтирган одамлар синовга дучор қилинмасдан қолмасликлари суранинг бошидаёқ очиқ-ойдин таъкидлаб айтилади. Кейин эса иймон фақат оғиз билан айтиладиган гап эмаслиги, ким иймон калимасини келтириб, кейин бошига синов тушганида ортга чекинса, катта хато қилиши ҳақида сўз боради. Улар Исломдан қайтиб, муртад бўлиб, бу дунёнинг арзимаган қийинчилигидан қутулганлари билан, охиратда чексиз азоблар гирдобида қолишлари таъкидланади.

Шу билан бирга, дин йўлида қийинчилик, азоб-уқубатга дучор бўлиш янгилик эмаслиги, балки аввал ўтган барча пайғамбарлар ва уларга эргашган мўминлар ҳам синовга дучор бўлганлари эслатилиб, Нуҳ, Иброҳим, Лут, Шуъайб алайҳимуссаломнинг қиссалари келтирилади.

Сўнгра қадимда туғёнга кетиб, ўзбошимчалик қилган Од ва Самуд қавмлари, Қорун ва Ҳомон каби кимсаларнинг ҳоли нима бўлгани эслатилади.

Ва, ниҳоят, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари ҳақ экани таъкидланади. Яъни у зот пайғамбарлар силсиласидаги охирги халқа экани, ҳеч бир янги даъво билан чиқмаганлари, балки Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбарларнинг биттаси эканликлари турли далиллар билан баён қилинади. Бу билан ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашса, аввалги пайғамбарларга эргашган умматларга ўхшаб, нажот топишига, ким у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлик қилса, эргашмаса, аввалги кофирларга ўхшаб, ҳалокатга учрашига ҳам ишора этилади.

Сура бало-офат ва синов-имтиҳонларга сабр этганларга, Аллоҳ йўлида жиҳод қилганларга бериладиган мукофотлар ҳақидаги сўзлар билан тугайди.


Топ рейтинг www.uz Openstat