Ассалому алайкум! Мен бир оддий, динни ўрганишга чанқоқ, илмга интилувчан инсонман. Гарчи мен ўзимни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни шогирдиман дейишга ҳаққим бўлмасада мен у кишини ўз устозим деб биламан. У кишининг китобларини севиб мутолаа қиламан, аудио ёзувларини диққат билан эшитаман, видео материалларини кўраман. Мени отам оламдан ўтганлар (Аллоҳ отамни Ўз раҳматига ғарқ қилсин! Амийн!). Мен устоз, фазилатли шайх, ҳазрат Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни ўз отамдек қадрлайман, ҳурмат қиламан. У киши ҳақида ёмон гаплар гапиришса, у кишига туҳматлар қилишса жаҳлим чиқади, ўзимни тутиб туролишим қийин. Инсон у кишини ёмонлашдан, у кишига туҳмат қилишдан олдин бир ўйлаб кўриши ва ўзига: «Мен ўзи кимман?! Мен диним, давлатим равнақи, юртим тинчлиги, халқим фаровонлиги учун нима қилдим? Шу инсон ҳақида гапиришга аслида менинг ҳаққим борми?», дея савол бериши шарт! Бир неча кун муқаддам норасмий каналларда ҳазратимизга тегишли бўлмаган «фатво»лар тарқалди. Бундан кимга нима наф?! Буни ким қилди?! Хўп, шу берилган саволни кўчириб олибсиз, лекин нега унинг тагига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф деб ёзиб қўясиз?! Ҳазратнинг бу «фатво»ларингизга берган жавобларини келтирмайсизми?! Туҳматдан қўрқмайсизми?! Эл севган, халқ қаттиқ ҳурмат қилган, Ислом уламолари тан олган инсонга туҳмат қилишдан аввал заррача фикрламадингизми!? Аллоҳ таоло сизга ҳам фикрлаш имконини берганку! Мен бу «фатво»ни кўрдиму асабийлашдим(агар жуда қўпол ёзаётган бўлсам узр сўрайман, устозлар). Анча пайтгача буни ҳазм қила олмадим. Мен ҳар гал намозларимдан кейинги дуоларимда уламоларимизга, отамга ва албатта шайхимизга Аллоҳдан мағфират сўрашга одатланганман. Буни риё учун айтмаяпман. Мен у инсонни қаттиқ ҳурмат қиламан. Лекин бу каби туҳматларни чиқараётган инсонлар бир ўйлаб кўринг! Мушоҳада қилинг! Ана шу қилган туҳматингизнинг ҳам ўз жавоби бўладику. Мана шу ёзган ҳарфларингизнинг ҳам жавобини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида берасизку! Наҳотки, буни ўйламайсиз?! Аллоҳдан қўрқинг! Майли ҳазратни ёмон кўринг (ёмон кўрадиган жиҳатлари йўқ бўлса керак, менимча), у кишини китобларини ўқиманг, лекин у киши ҳақида ёмон сўз айтманг! Аллоҳ таоло у кишининг ҳаётини баракотли қилди. Қисқа умрлари давомида 100 дан зиёда китоб ёздилар, шунча аудио ва видео материаллар қолдирдилар. Ҳали нашрга чиқмаган, энди нашрга тайёрланаётган китоблари 15-20 та экан (мана бу видеода Озод ака айтиб ўтибдилар ҳттп://www.уза.уз/оз/сосиэтй/шайкҳ-му-аммад-соди-му-аммад-юсуфнинг-энг-якҳши-к-рган-а-16-05-2019?м=й&ЭЛЭМЭНТ_СОДЭ=шайкҳ-му-аммад-соди-му-аммад-юсуфнинг-энг-якҳши-к-рган-а-16-05-2019&СЭСТИОН_СОДЭ=сосиэтй). Сизчи, эй ҳазратга туҳмат қилаётган инсон! Сиз нима қилдингиз?! Китоб ёзишни, халқнинг ғамида бўлишни, мусулмонларнинг илму маърифатини оширишга интилишни қўя турайлик, сиз шу кунгача нечта китоб ўқидингиз?! Устозингиз ким?! Кимдан таълим оляпсиз?! Қайси «шайх»ингизга эргашгансиз?! Нега уламоларга тошларингизни отасиз?! Инсон инсофини йўқотмаслиги керак, ноинсоф бўлмаслик керак! Сиз қайси мазҳабдасиз?! «Шайх»ингиз қайси мазҳабда?! Сизнинг ўз «мазҳаб»ингиз борми? Тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблардан бирини маҳкам тутган инсон бундай ёмон ишларга қўл урмайди, менимча. Бир неча ўн йиллар муқаддам Аллоҳ таолонинг фазли ила, ҳазратимизнинг саъйи ҳаракатлари сабабчи бўлиб, қийин бир даврда юртимизга Саудия Арабистони Қироллигидан бир миллион дона Қуръони Карим - Мусҳафи шариф келтирилдику. Собиқ СССР даврида халқимиз диндан йироқлашиб кетган, худосизлик ёйилган бир даврда Аллоҳ таоло Ўз фазли ила шу инсонни юртимизга Исломни қайтаришга сабабчи қилмадими?! Шу инсоннинг «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт», «Кифоя», «Руҳий тарбия», «Сунний ақийдалар» каби китобларини ўқиб Аллоҳ таолонинг Каломини, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини, фиқҳ илмини, қалбни поклашни, тикланишни, хулқланишни, аҳли сунна вал жамоанинг ақийдасини ўрганмадими?! Соф Ислом ақийдаси учун курашган, аҳли сунна вал жамоани тарк қилиш тойилиш ва азоб эканлигини далиллар билан китобларида келтирган шу инсон эмасми?! Ҳаётлик пайтларида юртимиз аҳолисини қийнаган нозик фиқҳий масалаларга қисқа, лўнда, оддий инсон тушунадиган тилда жавобларни берган шу инсон эмасми?! Ҳозир халққа илм тарқатишда у кишининг ишларини давом эттираётган «Ҳилол нашр» нашриётига ҳам шу инсон асос солганларку! Шу нашриётда чиқадиган китобларчалик арзон китоб қайси нашриётда чиқади? Инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Шу нашриёт сабабли қанчадан-қанча Аллоҳнинг Каломига ташна бўлган юртимиз мусулмонлари арзон ва сифатли бўлган Қуръони Карим - Мусҳафи шарифга эга бўлди. Албатта, буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг фазли ила бўлди. Ўзига ҳамдлар бўлсин! Зеро, ҳеч бир иш У Зотнинг хоҳиш ва иноятисиз бўлмайди. Ҳазрат эса бу ишларда бир сабабчилар. Лекин сиз нимани қойиллатиб қўйдингизки, ҳазратга тухмат қиласиз?! Уялинг! Илмни кимдан окаётганингизга бир назар солинг. Чет элда туриб олиб тасаввуфни инкор қиладиган, Бароат кечасини бидъатга чиқарадиган, мазҳабсизликни тарғиб қилаётган, мен "ҳанафий"ман деб алдаб, мужтаҳид уламоларимизни инкор қилувчи, ўзларининг мазҳабсиз уламоларига эргашувчи, имом Мотурудийни «мантиқчи» дея ҳақоратловчи инсондан илм оласизми?! Сизнинг «шайх»ингиз кимнинг шогирди?! Устозлари силсилада Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етиб борадими?! Эргашаётган инсонингиз мужтаҳид уламо эканлигига ишончингиз комилми?! Бу саволларни ўзингизга бир бериб кўринг. Халқимиз фитнадан чарчаган. Бизга яна фитналар керак эмас! Бир неча йилдирки, юртимизда диний соҳада катта (бошқа соҳаларда ҳам) ўзгаришлар бўлди, бўлмоқда ва иншааллоҳ, Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила давом этади. Халқ орасида адоват уруғини сочманг, фитна қўзғаманг, биз мусулмонлармиз унутманг. Ислом умматини тўғри йўлга бошлаган, бизга таълим берган, кўпчиликнинг ҳидоятига сабабчи бўлган уламоларимизни ёмонламанг, уларга тухмат қилманг! Ақл билан иш тутинг! Яна қайтараман! Динни кимдан ўрганаётганингизга эътибор беринг. Устозлар, айтадиган гапларим жуда кўп эди лекин қисқароқ қилишга қарор қилдим. Ортиқча гаплар ёзган бўлсам, асабий жумлалар бўлган бўлса сизлардан узр сўрайман. Аллоҳ таоло бизнинг буюк аждодларимиз, уламоларимиз, фақиҳларимиз, барчамиздан ўтган ота-бобо, бувиларимиз, шу жумладан ҳазратимизни Ўз раҳмати ила ўраб олсин, жаннатнинг олий даражалари билан сийласин! Сизлардан илтимос мен гуноҳкор бандани ҳам дуо қилинглар. Аллоҳ мени ҳақ динида содиқ, ҳидоятида мустаҳкам, ибодатида қоим, зикрида бардавом қилсин! Аллоҳ таоло сизларни икки дунёда азиз қилсин!
- Ва алайкум ассалом! Аллоҳ сиз кабиларнинг сафини кўпайтираверсин. Валлоҳу аълам!