Ассалому алайкум, ҳурматли устоз. Сизга кўп савол ёзиб, қимматли вақтингизни олаётганимдан ҳижолатдаман. Лекин саволларимни холисона, илмимни яхшилаш мақсадида бераётганим учун тўғри тушунасиз, деган умиддаман. Аллоҳ ажрингизни кўпайтириб берсин, омин!
«Шариатда шарм йўқ», деган гапга амал қилиб, саволим берсам: Бошқа мазҳаб бўйича, агар олатни ушласа, таҳорат синар экан. Бизнинг мазҳабда нега бундай эмас? Улар қайси ҳужжат билан бу ҳукмни чиқаришган?
- Ва алайкум ассалом! Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
عَنْ بُسْرَةَ بِنْتِ صَفْوَانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ مَسَّ ذَكَرَهُ فَلَا يُصَلِّ حَتَّى يَتَوَضَّأَ». رَوَاهُ أَصْحَابُ الْسُّنَنِ.
Бусра бинт Сафвон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким закарини ушласа, таҳорат қилмагунча намоз ўқимасин», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиснинг зоҳирий маъносига қараганда, жинсий олатини ушлаган одамнинг таҳорати кетади. Кўпчилик уламолар бу ҳадисни айнан шундай тушунганлар.
Аммо ҳанафий мазҳаби уламолари уни бошқача тушунганлар. Улар: «Бу ҳадисдаги таҳорат қўлни ювиш маъносидадир», деганлар. Чунки «таҳорат» лафзи шаръий таҳорат маъносидан ташқари, қўлни ювиш маъносида ҳам ишлатилади. Ҳанафий уламоларининг бу фикрлари бошқа бир ҳадисдаги закар ҳам инсоннинг бир аъзоси эканлиги, уни ушлаш билан таҳорат кетиб қолмаслиги ҳақидаги фикрлар билан тасдиқланган.
عَنْأَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ «إِذَاأَفْضَى أَحَدُكُمْ بِيَدِهِ إِلَى فَرْجِهِ وَلَيْسَ بَيْنَهُمَا سِتْرٌ وَلَا حَائِلٌ فَلْيَتَوَضَأْ». رَوَاهُ الْإِمَامُ الشَّافِعِيُّ وَالْحَاكِمُ وَأَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз қўлини фаржига олиб борса-ю, иккиси орасида тўсиқ ҳам, ажратувчи ҳам бўлмаса, таҳорат қилсин», дедилар».
Имом Шофеъий, Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилганлар.
Бу ҳадис ҳам олдинги ҳадиснинг маъносида, фақат ундаги иборалар бошқача, холос. Шунингдек, уламоларимизнинг шарҳлари ҳам худди аввалги ҳадиснинг шарҳига ўхшайди.
عَنْطَلْقِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَدِمْنَا عَلَى النَبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَجَاءَ رَجُلٌكَأَنَّهُ بَدَوِيٌّ فَقَالَ: يَا نَبِيَّ اللهِ، مَا تَرَى فِي مَسِّ الرَّجُلِ ذَكَرَهُ بَعْدَمَا يَتَوَضَّأُ؟ فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «هَلْ هُوَإِلَّا مُضْغَةٌ مِنْهُ أَوْ بَضْعَةٌ مِنْهُ». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Толқ ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эдик, худди бадавийга ўхшаш бир одам келди ва «Эй Аллоҳнинг Набийси, бир одам таҳорат қилганидан кейин закарини ушлашига нима дейсиз?» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ҳам ундан бир парча холос, ёки бир бўлак холос», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Бу ҳадисда бадавийга (саҳройига) ўхшаган кишининг «Эй Аллоҳнинг Набийси, бир одам таҳорат қилганидан кейин закарини ушлашига нима дейсиз?» деган саволига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «У ҳам ундан бир парча, холос», яъни, закар ҳам одамнинг бир бўлаги, холос, дейишлари таҳорати бузилмайди, деганларини билдиради.
Ҳанафий мазҳаби уламолари мана шу ҳадисни ҳужжат қилиб: «Закарини ушлаган одамнинг таҳорати кетмайди», дейдилар.
Бошқа уламолар: «Бу ҳадис ёки мансух (амалдан қолган), ёки ўша сўраган бадавий одамга хос ҳукм», дейишади.
Лекин усули фиқҳ қоидасига биноан, насх бўлса ҳам, хос бўлса ҳам, ҳужжат билан аниқ исбот қилиш керак.
Ҳанафий уламолар ўз ижтиҳодларини ҳамиша енгилликни олиш зарурлиги қоидаси билан қувватлайдилар. Улар: «Агар закарига қўли теккан одам таҳорат қилиши вожиб бўлиб қолса, қийинчилик туғилади», дейдилар.
Бошқа уламолар эса: «Инсон закарини ушлаганда лаззат ҳосил бўлиши мумкин, бу эса таҳоратнинг синишига олиб боради. Шунинг учун эҳтиёт чораси сифатида ҳам таҳорат кетади, десак яхши бўлади», дейдилар.
Биз эса: «Икки томоннинг қавлини жамлаш керак. Агар зарурат юзасидан, бехосдан ушланса, таҳорат кетмайди. Заруратсиз, шаҳват учун ушланса, кетади, дейилса яхши бўлса керак», деймиз.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077