Ассалому алайкум! Эркак киши ўз аёлини ўпганда жинсий азосидан раннгсиз суюқлик чиқса ғусл вожиб бўлмайдими?
– Ва алайкум ассалом! Бундай вазиятда одатда мазий чиқади. Сиз ўшани кўриб маний деб ўйлаган бўлишингиз мумкин. Маний чиқаётганда шиддат ва шаҳват сезилади. Мазийда эса бу нарса топилмайди. “Кифоя” китобида бундай дейилган:
«Маний» – шаҳват шиддатлашган пайтда отилиб чиқадиган суюқлик.
Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади.
«Мазий» – эркак кишининг жинсий аъзосидан жинсий алоқани ўйлаган ёки хотинини қучоқлаган пайтда чиқадиган оқ суюқлик.
«Вадий» – бавл қилгандан кейин баъзида чиқадиган қуюқ оқ суюқлик.
Мазий ёки вадий чиққанидан ғусл қилиш йўқ.
Маний шаҳват билан отилиб чиқса, ғусл вожиб бўлади.
Бунда бошқа жинсдаги шахсга назар солиш, жинсий яқинликни тафаккур қилиш, бевосита қучоқлашиш ва шунга ўхшаш барча омиллар туфайли манийнинг шаҳват билан отилиб чиқиши назарда тутилади.
Аммо, маний шахснинг оғир нарса кўтариши, баланд жойдан йиқилиб тушиши каби омиллар туфайли шаҳватсиз равишда чиқса, ғусл вожиб бўл-майди.
Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодига биноан, эр ва аёл кишидан, хоҳ уйқуда бўлсин, хоҳ уйғоқликда бўлсин, маний шаҳват билан отилиб чиққандагина ғусл вожиб бўлади.
Биров мастлик ёки ҳушидан кетишдан сўнг ўзига келганда ҳўлликни кўриб, «маний» деб гумон қилса, ғусл вожиб бўлади. Валлоҳу аълам!