Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жунуб ҳолда Аллоҳни зикр қилиш

00:00 / 19.06.2011 | eski savollar | 23437

Ҳурматли Устоз! Бир саволим бор эди.

Биз ҳозир Россиядамиз. Бомдодни 04:10 да ўқиймиз ва ундан кейин яна ётиб, ухлаймиз. Уйланмаганман, шу сабабли баъзи-баъзида бомдоддан кейинги уйқуда эхтилом бўлиб қоламан. Ғусл қилишга вақт йўқ, юз-қўлимизни ювиб, йўлга чиқсак, соат 8:00 га иш жойимизга етиб келамиз. Шу сабаб тушлик вақтида келиб, ғусл қилиб кетамиз. Устоз, биз шу жунуб вақтимизда иш жойимизда баъзи-баъзида маърузалар эшитамиз, маърузалар ичида Аллоҳ жалла жалолуҳу, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини эшитамиз, шунда «жалла жалолуҳу», дейиш вожиб. Яна кўпчилик салом беради, уларга хам алик олиш вожиб. Яна иш вақтимизда жим турмайлик деб истиғфор, такбир, таҳлил, ҳамду саноларни шу жунуб ҳолимизда зикр килсак, гуноҳкор бўлмаймизми? Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَقِيَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّةً فِي طَرِيقٍ مِنْ طُرُقِ الْمَدِينَةِ وَأَنَا جُنُبٌ فَاخْتَنَسْتُ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَانْسَلَلْتُ فَذَهَبْتُ فَاغْتَسَلْتُ ثُمَّ جِئْتُ، فَقَالَ:  أَيْنَ كُنْتَ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟ قُلْتُ: إِنِّي كُنْتُ جُنُبًا فَكَرِهْتُ أَنْ أُجَالِسَكَ عَلَى غَيْرِ طَهَارَةٍ، قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ! إِنَّ الْمُسْلِمَ لَا يَنْجُسُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Мадинанинг йўлларидан бирида йўлиқиб қолдилар. Мен жунуб эдим, ўзимни четга олдим».

Бошқа ривоятда:

«(Билдирмай четландим). Бориб, ғусл қилиб келдим. У зот: «Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» дедилар. Мен: «Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», дедим. У зот: «Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар», дейилган.

Шарҳ: Ҳадисда жунубликнинг ҳукмини тўлиқ билмайдиган одамнинг холи баён қилинмоқда. Жунублик ҳақидаги дастлабки маълумотларни эшитган одамда кўпгина ғалати фикрлар тўпланиб қолади. Жумладан, баъзилар жунуб одамни кўрган одам ҳам жунуб бўлиб қолар экан, фалон бўлар экан, пистон бўлар экан, деган эътиқодларни қилиб, ноўрин гапларни айтиб юрадилар. Аслида ундай эмаслигини ушбу ҳадисдан билмоқдамиз.

Мадинаи Мунавваранинг йўлларидан бирида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб қолган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам шунга ўхшаш хаёлга борганлар. Яъни, жунуб ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўриниб, у зот билан ўтириб бўлмайди, деган фикрга бориб, беркиниб олган эдилар. У киши бориб, ғусл қилиб келганларидан кейин бўлиб ўтган ишнинг мулоҳазасини қилиб турган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» деб сўрадилар.

Бу юксак одоб намунасидир. «Нима учун мени кўриб, бекиниб олдинг?» Ёки «Ҳа, фалон ҳолатда эдингми?» демасдан, «Қаерда эдинг?» дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса тўғрисини айтдилар: «Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», дедилар.

Бу у кишининг ҳаққи эди. Ўз ҳолатини хоҳласа, айтсин, хоҳласа, беркитсин эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўз ҳолатларини ва фикрларини очиқчасига айтишни раво кўрдилар ва айтдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг фикрлари нотўғри эканлигини баён қилиб, «Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар».

«Субҳаналлоҳ»нинг луғавий маъноси «Аллоҳни поклаб ёд этаман» бўлиб, гоҳида ажабланиш маъносидаги гап ўрнида ҳам ишлатилади. Мусулмон одам нажас бўлмас, у жунуб бўлади. Жунублик эса унинг намоз ўқиш, Қуръон ушлаш каби баъзи нарсалардан четда туришини тақозо қиладиган ҳолатдир. Жунублик инсонни нажасга айлантириб қўймайди. Биров билан гаплашиш, сўрашиш ёки бирга ўтиришини ман қилмайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ғусл вожиб бўлгандан кейин кўчага чиқиб юриш жоизлиги.

2. Гарчи ғусл вожиб бўлиши билан уни қилиб олиш яхши бўлса ҳам, бир оз ортга суриш мумкинлиги. Лекин ортга суриш намоз вақтидан чиқиб кетиш даражасида бўлмаслиги керак.

3. Раҳбар, олим одам ўзига тобе кишиларда нотўғри иш содир бўлганини мулоҳаза қилса, ундан сўраб, тўғри йўлни кўрсатиб қўйиши лозимлиги.

4. Мўмин-мусулмон одам нажас бўлмаслиги.

5. Жунуб одам бошқалар билан кўришиши, бирга ўтириши мумкинлиги.

Шунингдек, оғзи ва бурнини яхшилаб чайиб олиб, ичимлик ва таом тановул қилиши ҳам мумкин. Бу ҳукмларни кейинги ҳадиси шарифлардан ўрганамиз.

عَنْعَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَجُنُبًا فَأَرَادَ أَنْ يَأْكُلَ أَوْ يَنَامَ تَوَضَّأَ وُضُوءَهُ لِلصَّلَاةِ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунуб бўлсалар-у, ейиш ёки ухлашни ирода қилсалар, намозга таҳорат қилганларидек таҳорат қилар эдилар».

Иккала ҳадисни бешовлари ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай эди. Бу бир-икки марта қилинган эмас, балки одат тусига кирган ҳол эди. У зот аввало ғусл вожиб бўлиши билан уни қилар эдилар. Лекин баъзи ҳолларда ғуслдан олдин ухлашлари ёки таом тановул қилишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас эди. Ана шундай вақтларда аввал намозга қиладиган таҳоратни амалга ошириб, ухлар ёки таом тановул қилар эдилар. Бу ҳам бўлса, Ислом дини осонлик йўлини тутишидан далолатдир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي قَيْسٍ، قَالَ: سَأَلْتُ عَائِشَةَ: كَيْفَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصْنَعُ فِي الْجَنَابَةِ؟ أَكَانَ يَغْتَسِلُ قَبْلَ أَنْ يَنَامَ أَمْ يَنَامُ قَبْلَ أَنْ يَغْتَسِلَ؟ قُلْتُ: كُلُّ ذَلِكَ قَدْ كَانَ يَفْعَلُ، رُبَّمَا اغْتَسَلَ فَنَامَ وَرُبَّمَا تَوَضَّأَ فَنَامَ، قُلْتُ: الْحَمْدُ لِلّٰهِ الَّذِي جَعَلَ فِي الْأَمْرِ سَعَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.  

Абдуллоҳ ибн Абу Қайсдан ривоят қилинади:

«Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликда қандай қилар эдилар, ухлашдан олдин ғусл қилар эдиларми ёки ғусл қилишдан олдин ҳам ухлар эдиларми?» деб сўрадим. «Иккисини ҳам қилардилар: гоҳида ғусл қилиб, сўнг ухлар эдилар, гоҳида таҳорат қилиб, ухлар эдилар», деди. Шунда мен «Ишда кенглик қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дедим».

Бешовларидан фақат Имом Бухорий ривоят қилмаган.

Жунубликдан ғусл қилиш борасида Аллоҳ таоло мусулмонларга қанчалик кенглик берганлиги бу ҳадиси шарифда очиқ-ойдин кўриниб турибди. Аллоҳ таолонинг «жунуб бўлишинг билан дарҳол ғусл қилмасанг, фалон бўлади», дейишга ҳаққи бор эди. «Жунуб бўлган одамга бир лаҳза ҳам ухлаши, еб-ичиши, бировга кўриниши ва бошқа нарсалар мумкин эмас», дейишга ҳаққи бор эди. Лекин ундай қилмади, осон қилди. Шунинг учун ҳаммамиз худди Оиша онамиз каби: «Ишда кенглик қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дейишимиз лозим.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُقْرِئُنَا الْقُرْآنَ عَلَى كُلِّ حَالٍ مَا لَمْ يَكُنْ جُنُبًا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.  

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлмасалар, бизларга ҳар қандай ҳолда Қуръонни ўқитар эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Бу ҳадисдан жунуб ҳолда Қуръон ўқитиш (яъни Қуръон ўқишни ўргатиш, таълим бериш) ва ўқиш мумкин эмаслиги келиб чиқади.

Кези келганда жунуб одамга ман қилинган нарсаларни тартиб билан эслаб ўтайлик:

1. Намоз ўқиш ва тиловат саждаси қилиш.

2. Каъбаи Муаззамани тавоф қилиш.

3. Қуръони Каримни ушлаш.

4. Қуръони Каримни тиловат қилиш. Аммо «Бисмиллаҳ»ни айтиш, Аллоҳни зикр қилиш мумкин.

5. Масжидга кириш ва у ерда қолиш.

Ушбу ишлардан бошқа ишларни қилиш мумкин. Лекин иложи борича тезроқ ғусл қилиб олиш лозимдир.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat