Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Нуқсон билан туғилган фарзанд

21:45 / 09.07.2019 | Муштарий | 2810
Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, мени савалом шуки фарзандим нуксон билан дунёга келди. Бир томон қулоғи йўқ, бу кулоғидаги нуқсон тилига, танлайига ва бурун йўлларига хам тасир ўтказган. Ота онам бундай фарзандни боқа олмайсан топшириб юборинглар деяпти. Турмуш ўртоғим оламан деяпти, орада гап сўзлар бўлиб ўтди, отам ажрашасан бундай эр билан яшамайсан дедилар. Шу сабабли ота онамга хам қаттиқ гапириб юбордилар турмуш ўртоғим, агар мен ажрашадиган бўлсам болам турмуш ўртоғимда қолса бўладими?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинг, ота-онангиз нотўғри иш қилишмоқда. 

 عَنْ جَابِرٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: يَوَدُّ أَهْلُ الْعَافِيَةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حِينَ يُعْطَى أَهْلُ الْبَلَاءِ الثَّوَابَ لَوْ أَنَّ جُلُودَهُمْ كَانَتْ قُرِضَتْ فِي الدُّنْيَا بِالْمَقَارِيضِ. رَوَى التِّرْمِذِيُّ هَذِهِ السَّبْعَةَ  

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қиёмат куни аҳли балоларга савоб берилган пайтда аҳли офиятлар дунёда терилари қайчи билан қийилган бўлишини орзу қиладилар», дедилар».
Ушбу  ҳадисни Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу дунёда ўзига етган балоларни Аллоҳ таолонинг ҳукмидан деб билиб, уларга сабр қилган мўмин бандага бериладиган савобларга бу дунёда бало-офатлардан узоқда бўлиб ўтганлар ҳавас қилар эканлар. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг иродаси ила етган балоларга сабр қилиб, Аллоҳ таолодан савоб умидида бўлиш лозим. Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёда бало-офатларга учраган мўмин банда учун катта тасалли бор. Шу билан бирга, алоҳида таъкидлаш лозимки, мўмин банда савоби кўп бўлар экан, деб, ўзини ўзи балога уриши ёки ўзига ўзи бало етишини тилаши мутлақо мумкин эмас.
Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади: 

      يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اسْتَعِينُواْ بِالصَّبْرِ وَالصَّلاَةِ إِنَّ اللّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ۝ 

153. Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир.
Ислом умматига Аллоҳ таоло улкан масъулиятни – бутун дунёни илоҳий йўлга даъват этишни юклаган. Бу жуда ҳам машаққатли иш. Бундай улкан масъулиятни адо этиш учун камида шундай улкан сабр керак бўлади. Шу боис, Аллоҳ ушбу оятда мўмин бандаларини сабр-тоқатга чақирмоқда.
Қуръони Каримда сабрга даъват кўп такрорланади. Чунки Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни енгиш учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавойи нафсни жиловлаш учун ҳам сабр керак ва ҳоказо. Ўтган уламоларимиздан бирлари сабрни умумий тарзда учга бўлганлар:
Биринчиси: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳлардан сақланишга сабр.
Иккинчиси: тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр.
Учинчиси: етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.
Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта миқдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга куч, қувватга қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қачон бир ишдан ташвишга тушсалар, намоз ўқишга шошилар эдилар. Шу боис, Аллоҳ таоло қийинчилик ва машаққатлар остонасида турган Ислом умматини сабрга ва намозга чақирмоқда. Ва ортидан:
«Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир», – деб таъкидламоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассаллом ҳадисларидан бирида:
«Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса ҳам, яхшилик бўлади. Хурсандлик етса, шукр қилади, яхши бўлади. Мусибат етса, сабр қилади, яхши бўлади», – деганлар.
Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда «Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон уларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир», – деганлар.
Мадинаи Мунавварада Набий алайҳиссалом атрофларида бирикиб, алоҳида хусусиятларга эга бўлган жамият қурган мусулмонлар ўзларига етган улуғ неъматни – Аллоҳнинг динини, Исломни дунёга тарқатиш учун узоқ ва машаққатли кураш олдида турганлари эътиборидан Қуръони Карим уларни бу ишга руҳий-маънавий томондан тайёрлаш учун бўлғуси қийинчиликларга қандай муносабатда бўлиш йўлларини кўрсатади. 

 وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوفْ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الأَمَوَالِ وَالأنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ۝ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُواْ إِنَّا لِلّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعونَ۝ 

155. Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер.
156. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир.
Катта масъулият қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Инсон қийинчиликларда, синовларда тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан баъзилари саналгандир.
«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз».
«Хавф» деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир. Шунингдек, «Мол-мулкка ўғри уриши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб; жонга турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб; меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш ила синаб кўрамиз», – дейди Аллоҳ таоло. Бошга шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кўрсатма бермоқда:
«Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир».
Демак, мусулмон киши мусибат етганда сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:
«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтиш қисқача «истиржў» дейилади. Эътибор қилинса, истиржўда улкан маъно ётибди.
«Албатта, биз Аллоҳникимиз…» яъни «Барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани қачон қандай тасарруф қилишни Ўзи билади».
«…ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни «Эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам». Шу боис, истиржўга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Умму Салама онамиз дейдиларки:
«Бир куни Абу Салама Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларидан келди-да:
«Набий алайҳиссаломдан бир гап эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, у киши:
«Мусулмонлардан бирига мусибат етганда истиржў айтса ва сўнгра «Аллоҳумма ажирни фий мусибати вахлуф ли хойромминҳа (Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин)» деса, айтгани бўлади», – дедилар», – деб айтди.
Мен буларни ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида, истиржў айтдим ва ҳалиги дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча «Менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда», – дедим.
Иддам чиққанидан сўнг Расулуллоҳ келиб, киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У кишига ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг менга уйланмоқчи эканларини айтдилар. У киши гапларини тугатгач, мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», – дедим. Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрисида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», – дедилар... Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳни берди».
Имом Термизий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Аллоҳ таоло:
– Эй ўлим фариштаси, сен бандам фарзандининг, кўзи қорачиғининг, қалби самарасининг жонини олдингми, – дейди. Фаришта:
– Ҳа, – дейди. Аллоҳ:
– У нима деди? – деб сўрайди. Фаришта:
– Сенга ҳамд ва истиржў айтди, – дейди. Шунда Аллоҳ таоло:
– Жаннатда унга бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи» деб номланглар, – дейди», – деганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом:
«Бирортангизнинг оёқ кийимининг ипи узилса ҳам истиржў айтсин», – дейдилар.
Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак: кўзининг қорачиғи, жигарбанди, боласи ўлганда ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам. Мусибат етгандан кейин дарҳол истиржў айтиб, сабр қилиш лозим, «Ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади» деган эътиқодни маҳкам тутиш керак.
Юқорида зикр этилган машаққатларнинг, шаҳидликнинг, Аллоҳ йўлида қатл этилишнинг, хавфу хатарга, очликка учрашнинг, молу жонга ва меваларга нуқсон етиб, зарар кўришларнинг ва уларга сабр қилиб, истиржўни айтиб, унинг маъносини ақийда этиб яшашнинг мукофоти келаси оятда зикр қилинади: 

 أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ۝ 

157. Ана ўшаларга Роббларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар, ўшаларгина ҳидоят топганлардир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat