– Ва алайкум ассалом! Шариатда маййитни ўнг ёнбоши билан ётқизиб, юзини қиблага қаратиб, кафанини очмасдан кўмилади. Бошидаги тугунинигина ечиб қўйилади. Кафанлангач барзах ҳаётига ўтади. Шунинг учун юзини очмасликка ҳаракат қилиш керак. Мабодо юзи қорайган ёки бошқа ҳолат бўлса унинг ҳаққида ёмон гумонга бормаслик учун.
رُوِيَ عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: شَهِدَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جِنَازَةَ رَجُلٍ فَقَالَ: يَا عَلِيُّ اسْتَقْبِلْ بِهِ اسْتِقْبَالاً وَقُولُوا جَمِيعًا بِاسْمِ اللهِ، وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللهِ، وَضَعُوهُ لِجَنْبِهِ وَلاَ تَكُبُّوهُ لِوَجْهِهِ وَلاَ تُلْقُوهُ لِظَهْرِهِ. (بدائع الصنائع في ترتيب الشرائع)
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг жанозасига ҳозир бўлиб: “Эй Али, уни қиблага тўлиқ юзлантиргин ва барчангиз “Бисмиллаҳи ва ала миллати Расулиллаҳ”, денглар. Уни ёнбошлатиб қўйинглар, юзтубан қилиб ҳам, чалқанчасига ҳам қўйманглар”, дедилар”.
Маййитни қабрга юзини қиблага қаратиб, ўнг томони билан ёнбошлатиб, бошини қабр деворига тираб қўйилади. Қуйидаги лафзларни маййитни қабрга қўяётганлар ҳам, жанозада иштирок этаётганлар ҳам айтадилар. “Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам”.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: كَانَ النَّبِيّ إِذَا وَضَعَ الْمَيِّتَ فِي الْقَبْرِ قَالَ بِسْمِ اللهِ وَعَلَى سُنَّةِ رَسُولِ اللهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: بِسْمِ اللهِ وَبِاللهِ وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللهِ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитни қабрга қўйсалар: “Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам”, дер эдилар”.
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
“Бисмиллаҳи ва биллаҳи ва ала миллати Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам”, дейилган.
Кафанга боғланган бойламлар ечилади. Бели ва ёнбоши қимирламаслиги учун хом ғишт тираб қўйиш лозим. Сўнг лаҳаднинг оғзи ҳам хом ғишт ёки махсус гувала билан тўсилади ва устидан тупроқ тортилади. Валлоҳу аълам!