– Ва алайкум ассалом! Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу:
«Ё Расулаллоҳ, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом:
«Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», – деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» – деганлар.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ زَمْعَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَا يَجْلِدُ أَحَدُكُمْ امْرَأَتَهُ جَلْدَ الْعَبْدِ ثُمَّ يُجَامِعُهَا فِي آخِرِ الْيَوْمِ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин (ўша) куннинг охирида яқинлик қил(гиси келиб қол)иши ҳам бор», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги «уриш»дан мурод, қаттиқ уриш эмаслигига улкан далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демас эдилар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эр ўз хотинини калтакламаслиги кераклигини уқтирмоқдалар. Хотинга ўзига яраша муомала қилиш лозим. Уни уриб-калтаклашдан олдин, кейинги бўладиган алоқа ва муомалаларни ҳам бир ўйлаб қўйиш керак. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда ишлатаверилса. Ҳатто қулни ҳам калтаклаш яхши эмас. Хотинни калтаклашдан олдин уни қўйнида олиб ётишини ҳам, кўзи-кўзига тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим бўлади. Уламоларимиз «Хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир» деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар. Валлоҳу аълам!