Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан то қабргача фарз қилган. Бу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди. Фарз икки қисмга бўлинади. Биринчиси, фарзи айн. Иккинчиси фарзи кифоя. Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан бажариш лозим бўлган ишдир. Уни биров учун бошқаси адо этгани билан бўлмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши фарзи айн. Ўқимаган одам гуноҳкори азим бўлади. Фарзи кифоя эса, баъзи бир мусулмонлар адо этса бошқалар учун ҳам кифоя қиладиган ишдир. Бунга мисол, жаноза намозидир. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо, фарзи кифоя бўлгани учун баъзи мусулмонлар жанозасини ўқиса, кифоя қилади. Бошқалардан фарз соқит бўлади.Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми ҳам ишга тушади. Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олишда зарур бўлган ҳар бир нарсани ўрганиш фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шартдир. Қилмаган одам гуноҳкори азим бўлади. Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса, фарз кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахассисларни тайёрлаб олиш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарз бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади. Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади. Мана, илм талаб қилиш фарзлиги Ислом дини бўйича қандоқ эканини тушуниб олдик.Энди бу фарз ҳаётимизда қандоқ ҳолатда эканини мулоҳаза қилайлик. Кўпимиз ўзимиз учун керак бўлган диний мажбуриятларимизни билмаймиз. Қуръон ўқиш, намоз ўқиш ва бошқа фарз, вожиб, суннат ишларни ўрганмаймиз. Ҳолбуки, бу ишлар ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Бу нуқсонни йўқотиш учун курашмоғимиз лозим.Шунингдек, фарзи кифоя бўлган илмлар борасида ҳам нуқсонларимиз жуда кўп. Кўплаб муҳим соҳаларда ўз мутахассисларимиз етишмайди. Бу соҳада бошқа дин ва миллат вакилларига муҳтожмиз. Шу билан бирга бу катта камчиликни тугатиб, Исломий бурчни адо қилишга ҳаракат ҳам қилмаймиз. Бу эса мусулмонлар жамияти учун ҳаракат қилмоғимиз лозим.