Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қарз сўраб келганга пулим йўқ десам

16:14 / 23.02.2020 | Javohir | 1983

Ассалому алайкум! Мени бир оғайним мендан 3-4 йил олдин олган қарзи бор, лекин шароити яҳши бўлатуриб қарзини ҳалигача узмаган ва қарз устига қарз сўрайверади. Менда қарзини кечиб юборадиган шароитим йўқ. Саволим шуки, ўша оғайним яна қарз сўраб келса пулим бўла туриб, пулим йўқ десам бўладими? Сенга пул бера олмайман дейишдан, орага низо тушиб қолишидан қўрқаман.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Одатда қарз инсонни миясини тўғри фаолият юритишдан тўсиб қўяди. Шунинг учун азалдан уламолар қарз олишдан қаттиқ қайтарганлар. Мабодо қарзга эҳтиёжи бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каби эвазига бирор қиммат нарсасини гаровга қўя оладиган даражада бўлишини таъкидлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхудийдан қарз олиб, совутларини гаровга қўйганлар. Бунчалик имкониятга эга бўлмаган кишилар қарз олмасликлари керак. Чунки уларни кўзлаган мақсади амалга ошмай қолса янада ботқоққа чуқурроқ ботишга тўғри келади. Қарз берувчилар ҳам ҳар томонини ўйлаб қарз беришлари керак. Қарзини қайтаришини ҳисобга олиш керак, қатаролмаса эвазига бирор нарсасини бера олишини ҳисобга олиш керак. Мабодо беролмаса кечиб юбора олишини ҳам ҳисобга олиш керак. Агар булардан биротасига кўз етмаса унга қарз бермаслиги керак. Чунки бундай ҳолатда қарз сўраганга қарз бериш уни ботқоққа ботириш ҳисобланади. 

«مطل الغني ظلم» 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бой (қодир) бўлатуриб қарзни кечиктириш зулмдир», деганлар.
Муттафақун алайҳ.
Қуйидаги Аллоҳ таолонинг буйруғига қарши чиқиш ҳам ҳисобланади. Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:  

 وَلاَ تُؤْتُواْ السُّفَهَاء أَمْوَالَكُمُ الَّتِي جَعَلَ اللّهُ لَكُمْ قِيَاماً وَارْزُقُوهُمْ فِيهَا وَاكْسُوهُمْ وَقُولُواْ لَهُمْ قَوْلاً مَّعْرُوفًا۝ 

5. Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўшандан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга маъруф сўз айтинг.
«Эси пастлар» 
– мол-мулкни яхши тасарруф қила олмайдиган етимлар. Аммо уламолар бу ҳукмни умумлаштириб, молу мулкни яхши тасарруф қила олмайдиган ҳар бир кишини эси пастларга қўшганлар.
Биз «эси паст» деб таржима қилаётган ибора араб тилида «сафиҳ» дейилади. Унинг кўплиги «суфаҳаа» бўлади. Аслида бу ибора «енгиллик» маъносини англатади. Шундан келиб чиқиб, «эси пастлар»ни «мол-мулк тасарруфига енгилтакларча муносабатда бўлувчилар» дейишимиз мумкин. Оятда зикр қилинаётган «мол» аслида ўша эси пастларнинг мулки, отасидан етим қолганларнинг ҳаққи. Аммо улар мол тасарруфида эси паст бўлганликлари, ундан оқилона фойдалана олмасликлари сабабли, етимларни оталиққа олган шахсларга молни уларга бермаслик амр қилинмоқда.
«Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг».
Бу амрнинг баёнида «молларини» демасдан, «молларингизни» деб хитоб қилинишида ҳам катта ҳикмат бор. Қуръони Карим эси пастларнинг шахсий-хусусий молларига ҳам жамоатнинг моли деб қарамоқда. Демак, мусулмонлар қўлидаги мол-мулк айни вақтда мусулмон жамоасининг ҳам мол-мулки ҳисобланади. Ўша мол бекордан-бекорга совурилмаслиги учун жамоат ҳам жавобгардир. Чунки мол-мулк ҳам якка шахсларнинг, ҳам жамоаларнинг ҳаётида улкан қийматга эга. Шунинг учун ҳам уни Аллоҳ таоло ояти каримада «Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилган», деб таърифлаяпти. Ҳа, Ислом бу дунёда мол-мулкка шундай назар билан қарайди. Мусулмонлардан ҳар бири қўлидаги молининг муҳофазасини жамоа аъзоларига топширади. Агар эси пастларга топшириб қўйса, ўзимнинг молимни сарф қиляпман-ку, деб жамоатни ҳам кўпгина яхшиликлардан маҳрум қилиши мумкин.
Ушбу ояти каримага амал қилиб, уламоларимиз «ҳажр» деб аталган қоидани ишлаб чиққанлар. Бу сўз луғавий жиҳатдан «қотириш» деган маънони англатади. Амалда эса «ҳажр» эси пастларга, яъни молни яхши тасарруф қилишни билмайдиганларга ўз ҳолича молу мулк ишлатишни ман этишдир.
Ҳажр турли ҳолларда жорий қилинади. Мисол учун, етимнинг ёши кичик бўлса, унга ҳажр жорий қилинади. Чунки кичкина болалар ўзларига меросга қолган молларни мустақил тасарруф қила олмайдилар, ҳаётни билмаслик оқибатида молни нотўғри сарф қилиб, ундан ажралиб қолиши мумкин. Шунинг учун унинг моли ўзини оталиққа олган шахсга топширилади. Оталиққа олган киши эса бу молни омонат билан сақлаб, етим вояга етганда – «эси пастлик»дан чиққанда, ўзига қайтариб беради.
Шунингдек, мажнунлик туфайли ҳам ҳажр қилинади. Ўз-ўзидан маълум бўладики, мажнун одам мол-мулкини зое қилади. Унинг моли ҳам омонат сифатида унга яқин кишилардан бирига топширилади. Аллоҳ шифо бериб, тузалиб қолса, яна ўзига қайтарилади. Молни ҳажр қилишнинг сабабларидан яна бири ноўрин сарфлашдир. Ақлида ва динида нуқсони бор кишилар молни ноўрин сарфлайдиган бўлсалар, уларнинг моли ҳам ҳажр қилинади. Чунки булар ўзларининг «эси паст»ликлари билан нафақат ўз шахсларига, балки мусулмон жамоасига ҳам катта зарар келтирадилар. Ҳозирги кунимизда Ислом оламидаги иқтисодий қийинчиликларнинг келиб чиқишига молнинг ноўрин сарфланиши сабаб бўлмоқда. Шариатга амал қилмаслик қанчалик ёмон эканини шундан ҳам билиб олсак бўлади.
Шариатимизда касодга учраганларнинг молини ҳажр қилиш ҳам бор. Айтайлик, бир одам бир қанча шахслардан қарз олган, уни қайтариб бермаяпти. Бунда қарз берувчилар қозига арз қилсалар, уларнинг моллари ҳажр қилинади. Яъни қози қарздорга молни ўзича сарфлашни ман қилиб қўяди. Унинг ҳисобида бор ва бўладиган молни қарз берганларга бўлиб бериб туришни жорий қилади.
Ўз-ўзидан маълумки, ҳажр туфайли молларини олиб қўйиш мол эгаларига қаттиқ ботади. Бу ҳолни эътиборга олиб, оятнинг иккинчи ярмида:
«Уларни ўшандан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга маъруф сўз айтинг», – дейилмоқда.
Бунга биноан, «эси пастлар»нинг ҳажр қилинган молларидан уларнинг еб-ичишлари ва кийинишларига, яъни кундалик эҳтиёжларига сарфлаб турилади. Уларга яхши сўзлар айтилади, яъни тушунтириш олиб борилади. Ҳажр унга зулм эмас, кони фойда экани баён қилинади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat