Ассалому алайкум! Бу саволни бир синглимнинг илтимосига биноан жунатяпман. Менинг онам ёшлари 50да, отам билан яшашни ҳоҳламаяптилар, соглиқлари ва асаблари кўтаролмаяпти. Отам феллари оғир инсон, шу вақтгача чидаб келдилар, энди соглиқлариям кўтармаяпти. Онам отамга “уйланинг” деб айтдилар. Отамнинг ҳам қаршилиги йўқ. Бир хонадонда яшашади, лекин гаплашишмайди. Бунга 1 йил бўлди. Онам ўзлари ёлғиз яшашга ҳаққилари борми? Динда бунга қандай қаралади?
– Ва алайкум ассалом! Никоҳ икки инсон бир-биридан ҳузур топиб ҳаёт кечириш учун жорий қилинган. Агар бирга бўлиш азобларга сабаб бўлса шариат кўзда тутган мақсад ҳосил бўлмайди. Будан ҳолатда никоҳни бекор қилиб, бошқа билан никоҳ қилишлари керак бўлади. Чунки бу ҳолатда эр ҳам хотин ҳам Аллоҳ белгилаб қўйган ҳақларни адо қилолмай қолади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
الطَّلاَقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ وَلاَ يَحِلُّ لَكُمْ أَن تَأْخُذُواْ مِمَّا آتَيْتُمُوهُنَّ شَيْئًا إِلاَّ أَن يَخَافَا أَلاَّ يُقِيمَا حُدُودَ اللّهِ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلاَّ يُقِيمَا حُدُودَ اللّهِ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْهِمَا فِيمَا افْتَدَتْ بِهِ تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ فَلاَ تَعْتَدُوهَا وَمَن يَتَعَدَّ حُدُودَ اللّهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
229. Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш. Уларга берган нарсангиздан бирор нарсани олиш сизга ҳалол бўлмас, икковлари Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликдан қўрқсалар, мустасно. Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликларидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларни бузманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, бас, ўшалар, ана ўшалар золимлардир.
Шу ўринда бир нарсани унутмаслик керак. У ҳам бўлса шу ёшгача эр хотинининг хурсандчилиги учун жонини, молини, умрини сарфлаган бўлсаю, бирор мусибат ёки имтиҳон туфайли эр яроқсиз ҳолга келиб қолса “Энди сендан фойда қолмади” деб ташлаб кетиш нонкўрлик ҳисобланади. Буни азоби ҳам оғир бўлади. Худди шунингдек аёл киши ҳам ёшлигини, чиройини, бутун меҳрини эрга фидо қилсаю, бир ёшга етганда эри “Энди сендан фойда қолмади” деб ташлаб кетиш ҳам нонкўрлик ҳисобланади. Бундай вақтда сабр ва Аллоҳ таолонинг ажрини умид қилиш керак. Валлоҳу аълам!