- Аллоҳ таоло барчаларимизнинг гуноҳларимизни мағфират қилсин. ТАВБА«Тавба» сўзи араб тилида «қайтиш» маъносини англатади. Банданинг гуноҳдан қайтиши ҳам «тавба» деб аталган.Уламолар тавбанинг шаръий маъноси ҳақида бир-бирини тўлдирувчи ва таъкидловчи бир неча таърифларни айтганлар:Роғиб: «Шариатда тавба гуноҳни ёмонлиги учун тарк қилиш, ўзидан ўтган камчиликка надомат қилиш, гуноҳни яна такрорламасликка азм қилиш ва имкони бор ишларни қайтадан қилишдир», деган. Журжоний: «Тавба қалбдаги гуноҳда давом этиш тугунини ечиб, Аллоҳга қайтиш ва Роббнинг барча ҳаққларини адо этиш», деган.Баъзилар: «Тавба эътироф, надомат ва гуноҳдан узилиб чиқиш», деганлар.Бошқалар: «Тавба қилинган маъсиятга маъсият бўлгани учун надомат чекиш ва уни қайтармасликка азму қарор қилиш», дейдилар.«Таърифот» китобининг соҳиби тавбанинг маъноси ва турлари ҳақида, жумладан, қуйидагиларни келтирган:«Тавбанинг маъноси учтадир: Биринчиси – надомат қилиш. Иккинчиси – Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтишга азму қарор қилиш. Учинчиси – зулмларни ўрнига қайтариш учун ҳаракат қилиш.Тавбанинг турлари:1. «Иноба тавбаси»–Аллоҳ таолонинг қудратидан қўрқиб қилинган тавба.2. «Истижоба тавбаси»–Аллоҳ таолонинг яқинлигидан уялиб қилинган тавба.3. «Фосид тавба»–фақат тил билан қилинган тавба.4. «Саҳиҳ тавба»–банданинг гуноҳ қилиши билан дарҳол ўзини билиб, ундан қайтиши.5. «Насуҳ тавба».Араб тилидаги «насуҳ» сўзи «холис», «жазм», «содиқ», «насийҳат қилувчи» маъноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси «холис тавба», «жазм тавба», «содиқ тавба», насий-ҳатга тавба» маъноларини англатади. Аллоҳ таоло бундай деб буюради:«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!» («Таҳрим» сураси, 8-оят).Насуҳ тавбанинг шаръий маъноси ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан: «Тавбаи насуҳ» нима?» деб сўралганда, «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайрилмаслигидир», деб жавоб берганлар.Журжоний: «Насуҳ тавба олдинги гуноҳга қайтмасликка мустаҳкам азму қарор қилишдир», деган.Таҳонавий: «Насуҳ тавба қалб амалларидан бўлиб, қалбни гуноҳлардан тозалашдан иборатдир. Унинг аломати банда маъсиятни ёмон кўриши ва қабиҳ санаши ҳамда ҳеч хотирига келтирмаслигидир», деган. Тавба ва унинг шартлари ҳақида имом Нававий қуйидагиларни айтади:«Ҳар бир гуноҳдан тавба қилиши вожибдир. Агар қилинган гуноҳ банда билан Аллоҳ таолонинг орасидаги иш бўлса, одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлмаса, тавбанинг тўғри бўлишига уч шарт бордир:1. Маъсиятдан бутунлай ажраб чиқиш.2. Уни қилгани учун надомат қилиш.3. Абадул-абад уни қайтармасликка азму қарор қилиш.Ушбу шартлардан бирортаси бўлмаса, тавба тўғри бўлмайди.Агар қилинган гуноҳ одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлса, тўртинчи шарт – ўша одамнинг ҳаққидан қутулиш зиёда қилинади. Ҳаққ молу мулк ёки шунга ўхшаш нарса бўлса, уни эгасига қайтарилади.Ҳаққ шаръий жазога лойиқ иш бўлса, ўзини жазога тутиб беради ёки ҳаққ эгасидан афв қилишини сўрайди.Агар ҳаққ ғийбат каби маънавий нарсаларда бўлса, мазлумдан ҳаққини ҳалол қилишни илтимос қилади.Албатта, бунда тавба учун қилинаётган иш аввалгисидан кўра катта зарар келтирмаслиги шарт.Барча гуноҳлардан тавба қилиш вожибдир. Агар баъзисидан тавба қилса, ўша гуноҳдан қилган тавбаси тўғри бўлади. Қолган гуноҳлари тураверади.Қуръони Каримда келган тавба ҳақидаги ояти карималарни бир неча қисмга тақсимлаш мумкин.1. Тавбани қабул қилиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифат экани.Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг Ўзи шундай деб марҳамат қилади:«Қайси бир Расулни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Расул ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳимли Зот эканини топган бўлур эдилар» («Нисо» сураси, 64-оят). Аллоҳ таоло ҳақийқатан ҳам тавбаларни қабул этгувчи Зот эканининг далили шуки, У бандаларидан иймон даъвосини қилиб, амалда шайтоннинг йўлидан юрганларини ҳам дарҳол азобга гирифтор қилмайди, балки кечиримли бўлиб, яна уларга ўзларини ўнглаб олишларига имкон яратиб, тавба эшигини очиб қўяди. У зот ҳақийқатан ҳам раҳимли бўлганидан гуноҳкор мунофиқларнинг айбини кечиб, уларга раҳим-шафқат кўрсатади.2. Тавба Анбиё ва солиҳ мўминларнинг сифатидир.Тавба, аслини олганда, олий мақомлардан бир мақомдир. Шунинг учун, Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандалари бўлмиш Набийлар ва Расуллар ҳам тавбани лозим тутганлар. Шайтон алайҳилаъна тавба қилмай тавқи лаънатга учради. Одам алайҳиссалом тавба билан мукаррамликка эришдилар.Аллоҳ таоло Набийларнинг тавбалари ҳақида шундай деб марҳамат қилади:«Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи Зотсан», деб Байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳимли Зотсан» («Бақара» сураси, 127-, 128-оятлар).Аллоҳ таоло солиҳ мўминларнинг сифатларини баён қилар экан, энг аввало уларнинг тавба қилувчилар эканларини зикр қилади:«Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» («Тавба» сураси, 112-оят).Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берадиган хушхабарга ҳаққли бўладилар. Чунки, улар билиб-билмай содир этган ҳамма гуноҳларидан тавба қилиб қайтадилар. Гуноҳларига чин қалбдан афсус-надомат чекадилар ва уни иккинчи қайта такрорламайдилар.Аслини олганда, билиб-билмай қилинган гуноҳлар учун истиғфор айтиш иймоннинг етукли аломатидир.3. Тавбадан кейин солиҳ амал қилишга тарғиб.Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:«Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир» («Моида» сураси, 39-оят).Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни ҳам қилиши зарур экан. Чунки, ёмонликдан тўхташ билан бирга яхшиликни касб қилмаса, орада бўшлик пайдо бўлади ва бу уни яна ёмонликка қайтариши мумкин. Шунинг учун ҳам, яхшилик қилиш тавбани қабул этиш шартларига қўшилмоқда. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:«Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир.Магар, бундан кейин тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилганлар (мустаснодир). Зеро, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳимлидир» («Нур» сураси, 4-, 5-оятлар).Қуръони Карим бўҳтончини «фосиқ», яъни, Аллоҳнинг амридан чиққан одам, деб васф қилмоқда. Бу ҳам жуда ёмон сифатдир. Энди бундай одам фақат ихлос билан тавба қилгандагина ва ўзини бутунлай тузатгандагина фосиқликдан чиқиши мумкин. Шунда унинг гувоҳлиги яна қабул қилинадиган бўлади. Демак, бўҳтончининг фақат тавба қилиши кифоя эмас. Балки ўзини ўнглаганини жамият аъзоларига амалда кўрсатиши ҳам зарур. Бунинг учун покиза одамни қаерда, кимларнинг олдида, қандай қилиб зинода айблаган бўлса, ўша ерда, ўша одамларнинг олдида, ўшандай қилиб поклайди ва ўзини қоралайди. Сўнгра тавба қилади. Жамият уни бир йил давомида кузатади. Шу муддат ичида чиндан ҳам ўзини тузатиб, шариатга хилоф ишларни қилмаса, ундан «фосиқ» номи олинади ва гувоҳлиги қабул қилинадиган бўлади.4. Тавбанинг мукофоти ҳақидаги оятлар.Қуйидаги ояти каримада Аллоҳ таоло тавба қилувчиларни «покланувчилар» деб сифатлайди:«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севадир», деб айт» («Бақара» сураси, 222-оят).Холис тавбанинг мукофоти жаннат экани ҳақида марҳамат қилиб Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримани нозил қилган:«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки, Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни(дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. Бир кундаки, унда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса: Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта, Сен барча нарсага қодирсан, дерлар» («Таҳрим» сураси, 8-оят).5. Тавба Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳматидир.Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини севади ва уларнинг тавбаларини қабул қилишни хоҳлайди. Қуйидаги ояти карималар айнан шу маънода нозил қилинган бўлиб, бу ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига беқиёс марҳаматидир:«Аллоҳ сизларга баён қилиб беришни, сизни олдингиларнинг йўлига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни хоҳлайди. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.Аллоҳ сизнинг тавбангизни қабул қилишни хоҳлайдир. Шаҳватларга эргашадиганлар эса, улкан оғишга мойил бўлишингизни хоҳларлар.Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни хоҳлайдир. Ва инсон заиф яратилгандир» («Нисо» сураси, 26–28-оятлар).Ва яна:«Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақийқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир.Аллоҳ мунофиқлар ва мунофиқаларни, мушриклар ва мушрикаларни азоблаши учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул этиши учундир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳимли зотдир» («Аҳзоб» сураси, 72-, 73-оятлар).6. Ўтган Набийлар тавбага чақиришган.Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:«Ва Одга ўз биродарлари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизлар фақат тўқиб олувчиларсиз, холос.Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр сўрамайман. Менинг ажрим фақат мени яратган Зотнинг зиммасидадир. Ақл юритмайсизларми?Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади ва қувватингизга қувватни зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди» («Ҳуд» сураси, 50–52-оятлар).Аллоҳ таоло қайси қавмга Набий юборса, албатта бу Набийларнинг илк даъватлари қавмларини тавбага чорлаш бўлган. Ҳозиргина кўриб ўтганимиз ояти карималар ва қуйида мисол келтираётган ояти карима ҳам шу маънода нозил бўлган:«Ва Самудга биродарлари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди. Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир», деди» («Ҳуд» сураси, 61-оят).Тавба ҳақида келган ҳадислардан намуналар:Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Ўз бандаси тавбасидан сизнинг бирингизнинг устида шароби ва таоми билан кимсасиз биёбонда қочиб кетган уловидан умидини узиб, бир дарахт тагига бориб соясида ётганда, уловидан умуман умиди узилганда, ана шу ҳолда ётганида, бирдан қараса, у олдига келиб турибди, бас, унинг жиловидан тутиб, ўта хурсанд бўлганидан: «Эй Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборган пайтидаги хурсандлигидан ҳам кўра шиддатлироқ хурсанд бўлади. У хурсандлигининг шиддатидан хато қилганди», – дедилар».Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», – дедилар».Муслим ва Термизий ривоят қилишган.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Барча одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбалардир», – дедилар».Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ банданинг тавбасини, модомики, у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса, албатта, қабул қилади», – дедилар».Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», – дедилар».Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким қуёш мағрибидан чиқмасдан туриб тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», – дедилар».Иккисини Муслим ривоят қилган.Тавбанинг фойдаларидан:1. Тавба иймоннинг камоли ва Исломнинг жамолидандир.2. Тавба Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва ризосига сабабдир.3. Тавба эгасини Аллоҳ таолонинг кенг раҳматига эриштиради.4. Тавба танглик ва ғамнинг кетишига сабаб бўлади. ТАВБАНИНГ ҲАҚИЙҚАТИТавба илм, ҳол ва амалдан иборат бўлиб, бу уч нарса бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.1. Илм–гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига ва банда билан унга маҳбуб бўлган ҳар бир нарса орасидаги тўсиқ эканига маърифат ҳосил қилишдан иборат.2. Ҳол мазкур илм туфайли қалбда пайдо бўлган афсус ва надоматдан иборатдир. Зотан, қалб қачон ўзи муҳаббат қўйган нарсадан маҳрум бўлса, алам чекади. Ана ўша аламни «надомат» деб аталади.3. Амал гуноҳнинг зарарини билиб, қалбда ундан алам чекилгандан кейин, мазкур аламни йўқотиш учун азму қарор ила гуноҳни тарк қи¬лишдир.Бу борадаги гуноҳни тарк қилиш ҳозирги, келаси ва ўтган замонга боғлиқ бўлади.Ҳозирги замондагиси қилиб турган гуноҳидан дарҳол четланиш ва тавба қилиш ила бўлади.Келаси замондагиси умрининг охиригача гуноҳ қилмасликка азму қарор қилиш ва гуноҳ шубҳаси бор нарсалардан сақланиш орқали бўлади.Ўтган замонга боғлиқ бўлиши аввалги гуноҳларига астойдил тавба қилиш ва уларга каффорот бўладиган амалларни бажариш ва қазоларни адо этиш билан бўлади.Демак, тавбанинг ҳақийқати илм, надомат(ҳол) ва ҳозир, келажак ҳамда ўтган замондаги гуноҳларни тарк қилиш(амал)дан иборатдир.Ким гуноҳ маҳбубдан узоқлаштирувчи сабаб эканини билмаса, қилган гуноҳларига тавба қилмайди. Аламга сабаб бўлувчи гуноҳни қилаверади ва оқибатда ҳалок бўлади. ТАВБАНИНГ ВОЖИБЛИГИБанда учун тавба қилиш вожиблиги ҳақида далиллар жуда ҳам кўп. Намуна учун баъзиларини зикр қиламиз.Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:«Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар» («Нур» сураси, 31-оят).Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!» («Таҳрим» сураси, 8-оят).Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», – дедилар».Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Тавбанинг вожиблигига мусулмон уммати ижмоъ қилган.Чунки, гуноҳлар бандани Аллоҳ таолодан узоқлаштирувчи ва ҳалокатга олиб борувчидир. Шунинг учун ҳам, улардан қочиш ва тавба қилиш вожиб бўлади.Тавбани давомли равишда қилиш вожибдир. Зеро, банда ким бўлишидан қатъиназар гуноҳкордир. У аъзолари билан гуноҳ қилишдан сақланган чоғида ҳам, қалбида гуноҳни режа қилиши мумкин. Ундан ҳам сақланганда, шайтоннинг васвасасига йўлиқиши бор. Бунга ўхшаш нарсалар анчагина.Шунинг учун ҳам, давомли равишда тавба қилиб туриш керак. Бу иш ўта муҳим ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ишни ҳар куни қилиб турганлар.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, тавба қиламан», – дедилар».Бухорий ривоят қилган.