Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ушбу ҳадисни шарҳлаб берсангиз илтимос

00:00 / 03.01.2008 | eski savollar | 2462
Ассалому алайкум ҳурматли Шайх Ҳазратлари!Бизга мана бу ҳадиси шарифни кенгроқ фойдалари билан шарҳлаб берсангиз, Аллоҳ сиздан рози бўлсин!عَنْ أبي هُريْرة عَبْدِ الرَّحْمن بْنِ صخْرٍ رضي الله عَنْهُ قال : قالَ رَسُولُ الله صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم: «إِنَّ الله لا يَنْظُرُ إِلى أَجْسامِكْم ، وَلا إِلى صُوَرِكُمْ ، وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعمالِكُمْ » رواه مسلم

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, Аллоҳ сувратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар».Муслим ва Ибн Можа ривоят қилишган.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда Аллоҳ томонидан инсонларни баҳолаш, уларнинг қадр-қимматини белгилаш қандай ўлчов билан бўлиши ҳақида гап кетмоқда. Аллоҳ таолонинг раҳмат назарига муяссар бўлиш учун нималарга эътибор бериш керагу ва аксинча, нималарга эътибор беришнинг кераги йўқлиги кўрсатиб ўтилмоқда.Қадимдан турли жамиятларда инсоннинг қадр-қиммати турли нарсаларга боғлиқ бўлиб келган. Ҳар бир жамият ўз мафкурасидан, дунё қарашидан, инсон зотига муносабатидан келиб чиқиб, уни турлича тақдирлаган.Қайсидир бир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисоблаган. Бошқа бир жамиятда эса, ҳукмдор, амалдор инсонлар қадр-қиммат топган. Ҳиндиларда олий диний табақадан туғилганлар, яҳудийларда яҳудий бўлиб туғилганлар энг яхши одам ҳисобланган. Қолганларга уларнинг малайлари, деб қаралган. Шу билан бирга одамлар ўйлаб чиқарган инсон қадрининг ўлчовлари ичида турли тузум ва фикрларни умумлаштириб турувчи нарсалар ҳам бўлган. Кишининг суврати ва молу мулки ана шу жумлага киради. Ҳар бир инсонда аслида чиройли суврат ва молу дунёга иштиёқ бўлади. Исломий тарбия эса, ўша иштиёқни меъёрига солиб, тўғри йўлга йўллаб туради. Исломий тарбия бўлмаган жойда эса бу иштиёқ меъёрдан чиқади, мафкурага айланиб қолади. Қадр қиммат сувратгаю молу дунёга қараб ўлчанади. Хоҳ таниш, хоҳ нотаниш одамларни ташқи сувратига, қўлидаги молу дунёсига қараб қадрланадиган бўлиб қолади. Бу ҳақиқат Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам бор эди. Қадимда одамлар ҳусни-жамоли, кийим-кечаги, туяси-оти, тилла-кумуши, уй-жойига қараб баҳоланар эдилар. Иккисидаги нарсаларнинг номи ва шаклида хилма-хиллик бор, холос, аммо моҳияти бир хил. Ислом эса инсон қадрини бундай адолатсиз баҳолашга қарши бўлиб келган. Ислом назарида ҳусни-жамол ва молу дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки ҳаётнинг бир василаси, холос. Исломда инсоннинг қадр-қимматини қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амалларига қараб белгиланади. Ислом кишиси назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал сувратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир. Аллоҳ таоло инсонни ташқи сувратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди.Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди.Инсон қадрини ўлчашнинг илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топадилар. Ҳар бир инсон бунинг учун иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интилиши лозим бўлади.Турли ўткинчи ҳойи-хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади.Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул-Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни, Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия-азон айтишга эришди.Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Мадинада қул қилиб сотилган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу охирги замон Пайғамбарининг яқин маслаҳатчисига, аҳли байтига айланди. Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида: «Салмон Биздан-аҳли Байтдандир», деб марҳамат қилдилар.Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли, аввалда қул қилинган Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом жамиятидаги энг ҳурматли шахслардан бири бўлдилар.Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Рум империясига қарши урушаётган мусулмонлар ўзларининг музокарадаги вакиллари сифатида асли қора қул бўлган Ато розияллоҳу анҳуни киритдилар. Уни кўрган румликларнинг бошлиқлари у кишининг хунуклиги ва занжилигига ишора қилиб, «биз бу одамни кўриб, қўрқиб кетяпмиз, бошқа тузукроқ ваки- лингиз йўқми?» дейишди. Шунда мусулмонлар: «Ичимизда энг тузук ва яхшимиз шу. Агар буни кўриб қўрқаётган бўлсангиз, ишингиз тамом бўлибди. Чунки, бизнинг орамизда бунга ўхшаганлар кўп» дейишди.Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли мусулмон олами Имом Бухорийни ўзининг ҳадисдаги амири деб, у кишининг китобларини Қуръони Каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб, деб эълон қилди ва ҳозиргача эъзозлаб келмоқда.Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Замахшарий, Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва бошқа юзлаб имомларимиз араб бўлмасалар-да қалблари иймонли, ўзлари солиҳ амалли бўлганлари учун вафотларидан минг йилдан кўп вақт ўтган бўлса ҳам Ислом уммати томонидан эъзозланиб келмоқдалар. Худди шу гапларни Ибн Сино, Фаробий, Беруний, ал-Хоразмий, Улуғбек каби кўплаб алломаларимиз ҳақида ҳам айтишимиз мумкин.Қачонки, мусулмонлар инсоннинг қадрини ўлчашда бу илоҳий, одил ўлчовни эътибордан четда қолдиришгандан кейингина ишлари орқага кетди. Бунга тарих шоҳиддир.

Топ рейтинг www.uz Openstat