Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Совчининг моддий шароити

18:53 / 24.06.2020 | Nigora | 1932

Ассалому алайкум! Ўрта ҳол оиладан ўзига тўқ оила қизига совчи келди. Совчи томон чиройли хулқли, иймонли оила, лекин моддий тарафдан қизни ўз уйида бўлган шароитларни таъминлаб бера олмайдилар. Ота: моддий эҳтиёжлари билан қизим уларни қийнаб қўяди, ўзи ҳам қийналади деб совчиларга рад жавобини бермоқчилар. Лекин совчи бўлаётган оила ахлоқли, иймонли эканлигига қарамасдан, моддиятни ўйлаб рад жавобини берсак Аллоҳни ғазаби келмасмикан деб иккиланиб турибдилар. Маслаҳат беринг қандай йўл тутилса мусилмончиликка мувофиқ бўлади?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади: 

عَنْ أَبِي حَاتِمٍ الْمُزَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا جَاءَكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَأَنْكِحُوهُ، إِلَّا تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الْأَرْضِ وَفَسَادٌ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَإِنْ كَانَ فِيهِ؟ قَالَ: إِذَا جَاءَكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَأَنْكِحُوهُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ 

Абу Ҳотим ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлур», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар унда 
(фақирлик ва ҳоказо) бўлса ҳам-а?» дейишди.
У зот «Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга 
(сўраганини) никоҳлаб беринг», деб уч марта айтдилар».
Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан дини ва хулқи яхши бўлган йигит энг муносиб куёв бўлиши қаттиқ таъкидланганлиги келиб чиқмоқда. дини ва хулқи рози бўладиган даражадаги киши томонидан бир одамнинг қизи келинликка сўраб келинса-ю, берилмаса, ер юзида фитна ва фасод иш қилинган бўлиши уқдирилмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу гапни эшитиб, «Агар у одам камбағал ёки рағбат қилинмайдиган бошқа сифатларга эга бўлса ҳам-а?» деган маънодаги саволни берганларида у зот олдинги гапларини уч марта қайта такрорлашлари кишидаги диндорлик ва хулқи яхшилик нақадар улуғ сифат эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Биз, мўмин-мусулмонлар куёв танлаш пайтида ушбу набавий маслаҳатларга амал қилсак, албатта, тўғри йўл тутган бўламиз.
Энди келинликка номзод ҳам, куёвликка номзод ҳам суриштириб бўлинди. Сифатлари, дину диёнати, одоб-ахлоқи ва одамгарчилиги ўрганилди. Ана шу маълумотларга қараб, оила қуришга ният қилинади.
Мазкур сўраб-суриштириш орасида фотиҳа ушатилиб, тўй бошлаб юборилаверадими?
Келинликка ва куёвликка номзодлар бир-бирларини тўйдан олдин кўришлари гуноҳ ҳисобланадими?
Ёки баъзи бирлар айтганидек, ёшлар бир-икки йил бирга юриб, бир-бирини синаб кўришлари керакми?
Исломда юқорида сўралган иккала услуб ҳам нотўғри ҳисобланади.
Бир-бирини кўрмасдан, оила қуриш яхши эмас. Буни қуйида келадиган ҳадиси шарифлардан ўрганамиз, иншааллоҳ. Бир-бирини кўрмаган кишилар юз кўришганларида бир-бирларига ёқмай қолишлари ҳам мумкин. Иккинчидан, сифатлари суриштирилганда бошқани кўрсатиб, никоҳга бошқани олиб келиш хавфи ҳам бор. Бошқа одамнинг суратини кўрсатиб, тамоман ўзга кишини никоҳламоқчи бўлганлар ҳам топилади. Шунинг учун оила қурмоқчи бўлган икки тараф аввал бир-бирларини кўрганлари маъқул.
Лекин бу баъзи диндан бехабар ғайридинларнинг «Оила қурмоқчи бўлган ёшлар бир-икки йил синашиб, кейин никоҳдан ўтишлари керак», деган гапларини тасдиқлаш эмас. Бу Исломда мутлақо жоиз эмас, ҳаром нарсадир. Балоғатга етган эр ва аёлнинг холи қолишлари ҳеч мумкин эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бегона эркак ва аёл холи қолсалар, учинчилари шайтон бўлишини таъкидлаганлар.
Энг қизиғи, мазкур «синаш» даврида ҳар икки томон ҳам мақсаддаги синовга эриша олмаслигини тажриба исбот қилмоқда.
Синашиб турмуш қурганларнинг оиласи тезроқ ва кўпроқ бузилишини ҳамма кўриб-билиб турибди. Чунки ҳар икки тараф ҳам «синаш» даврида ўз камчиликларини беркитишга, ўзида йўқ фазилатларни ҳам бор қилиб кўрсатишга жон-жаҳди билан уринади. Оқибатда икки томон ҳам бир-бирини алдайди, бир-бирига «фаришта» бўлиб кўринади. Лекин қалбакилик умр бўйи давом этиши мумкин эмас. Никоҳдан кейин икки томон ҳам тезда ўзининг ҳақиқий башарасини очади. Сўнгра келишмовчиликлар чиқади ва оила бузилади. Фақат «синаш» давридаги ҳаром-хариш юриш, гуноҳ, баъзи ҳолларда зино, зинодан ортган фарзанд қолади, холос.
Шунинг учун ҳам Исломда бу ишга рухсат берилмайди. Сўраб-суриштирсин, шариат белгилаб берган доирада кўриб, ўргансин, шунинг ўзи етарли бўлади. Бу масалага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қизиқтирганлар, тавсия қилганлар. Шунинг учун ҳам барча ҳадис китобларимизда ва кўпгина фиқҳ китобларимизда совчи қўймоқчи бўлган пайтда бир-бирини кўриш ҳақида алоҳида боблар бор. Жумладан, ушбу китобимизда ҳам. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat