Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хуфтон намозини олдинроқ ўқиш!

13:03 / 27.06.2020 | Islombek Nazirov | 12398

Ассалому алайкум! Бир қанча пайтдан бери ойим ва синглим Хуфтон намозини азон чақиришидан олдинроқ (баъзи пайтда анча олдин) ўқишаяпти экан. Нега бундай қилаяпсизлар десам бир қариндошимиз хуфтон намозини эркаклардан аввал ўқиш керак дебди. Шундан бери улар хуфтон намозини эрта ўқишаяпти экан. Шу гап қанчалик тўғри?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Вақти кирса ўқилинади. Вақти кирмасидан олдин ўқилинган адо бўлмайди. "Кифоя" китобида қуйидагича келади.

Шомники ундан то шафақ ғойиб бўлгунча. У қизғишликдир ва бунга фатво берилгандир.
Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Модомики шафақ ғойиб бўлмаса, шомнинг вақти бор», деганлар.
Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг вақтларини кўрсатганлиги ҳақидаги ҳадисда: «Сўнгра шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди», дейилган. Демак, шом намозининг вақти ушбу икки вақт орасида бўлади. 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ وَقْتِ الصَّلَوَاتِ فَقَالَ وَوَقْتُ صَلَاةِ الْمَغْرِبِ إِذَا غَابَتِ الشَّمْسُ مَا لَمْ يَسْقُطْ الشَّفَقُ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозлар вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот:
«…Шом намозининг вақти қуёш ғойиб бўлгандан шафақ тушгунча», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Хуфтон ва ундан кейин витр – иккиси ҳам мазкур вақтдан то фажргачадир.
«Мазкур вақтдан» дегани шом намозининг вақти тугагандан кейиндан бошлаб, деганидир.
Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг вақтларини кўрсатганлиги ҳақидаги ҳадисда «Сўнгра хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди», дейилган.
Бунда хуфтоннинг аввалги вақтида ўқилгани ҳақида сўз бормоқда. Охирги вақти эса бомдоднинг вақти киргунча давом этаверади. Бунда хуфтон билан бирга витр намозининг вақти бир хил.
Бомдодни субҳ оқарганда бошлаш мустаҳабдир. Токи қирқ оятни тартил қилишга ва таҳорати йўқлиги зоҳир бўлиб қолса, яна қайтаришга имкон бўлсин.
Яъни бомдод намозини ўқишни тонг оқариб қолганда бошлаш мустаҳабдир. Бу вақтни шундай тартибга солиш керакки, намозни ният қилиб, зам сурага қирқ оятни шошилмай, тартил билан ўқиб бўлгандан кейин ҳам таҳоратсиз одам таҳорат қилиб келиб, намозни янгитдан бошлаб, яна қирқ оятни тартил қилиб, намозини тугатгунча қуёш чиқмайдиган бўлиши лозим.

عَنْ رَافِعِ بْنِ خَدِيجٍ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَسْفِرُوا بِالْفَجْرِ رَوَاهُ النَّسَائِيُّ  

Рофеъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бомдодни тонг оқарганда ўқинглар», дедилар».
Имом Насоий ривоят қилган. 

عَنْ مَحْمُودِ بْنِ لَبِيدٍ، عَنْ رَافِعِ بْنِ خَدِيجٍ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:  أَسْفِرُوا بِالْفَجْرِ فَإِنَّهُ أَعْظَمُ لِلْأَجْرِ . رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ وَأَحْمَدُ 

Маҳмуд ибн Лубайд Рофеъ ибн Хадийждан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бомдодни субҳ оқарганда ўқинглар, чунки унинг ажри улуғдир», деганларини эшитдим».
Термизий, унинг икки соҳиби ва Аҳмад ривоят қилишган.
Ёзда пешинни кечга суриш мустаҳабдир. Асрни ҳам, модомики қуёш ўзгармаса. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا اشْتَدَّ الْحَرُّ فَأَبْرِدُوا بِالصَّلَاةِ، فَإِنَّ شِدَّةَ الْحَرِّ مِنْ فَيْحِ جَهَنَّمَ، وَاشْتَكَتِ النَّارُ إِلَى رَبِّهَا فَقَالَتْ: يَا رَبِّ، أَكَلَ بَعْضِي بَعْضًا، فَأَذِنَ لَهَا بِنَفَسَيْنِ: نَفَسٍ فِي الشِّتَاءِ، وَنَفَسٍ فِي الصَّيْفِ، فَهْوَ أَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الْحَرِّ وَأَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الزَّمْهَرِيرِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир. Дўзах ўз Роббига шикоят қилиб:
«Эй Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди. Бас, унга икки нафасга изн берди. Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга. Сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шунингдек, хуфтонни кечанинг учдан биригача ва уйғонишга ишончи борлар учун витрни (кечанинг) охиригача (суриш мустаҳабдир).

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَخَّرَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاةَ الْعِشَاءِ إِلَى نِصْفِ اللَّيْلِ ثُمَّ صَلَّى ثُمَّ قَالَ: «قَدْ صَلَّى النَّاسُ وَنَامُوا، أَمَا إِنَّكُمْ فِي صَلَاةٍ مَا انْتَظَرْتُمُوهَا. وَفِي رِوَايَةٍ: لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ أَنْ يُصَلُّوهَا هَكَذَا». رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ وَالتِّرْمِذِيُّ، وَلَفْظُهُ: لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ أَنْ يُؤَخِّرُوا الْعِشَاءَ إِلَى ثُلُثِ اللَّيْلِ أَوْ نِصْفِهِ  

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозини кечанинг ярмигача кечиктирар, кейин ўқирдилар. Сўнгра:
«Батаҳқиқ, одамлар намозни ўқиб, ухладилар. Аммо сизлар, модомики намозга интизор бўлиб турдингизми, намоздасизлар», дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, шундай қилиб ўқишларига амр қилган бўлардим», дейилган.
Учовлари ривоят қилишган.
Термизийнинг ривоятида:
«Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларга хуфтонни кечанинг учдан биригача ёки ярмигача орқага суришни амр қилган бўлардим», дейилган. 

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:  مَنْ خَافَ أَنْ لَا يَقُومَ مِنْ آخِرِ اللَّيْلِ فَلْيُوتِرْ أَوَّلَهُ، وَمَنْ طَمِعَ أَنْ يَقُومَ آخِرَهُ فَلْيُوتِرْ آخِرَ اللَّيْلِ، فَإِنَّ صَلَاةَ آخِرِ اللَّيْلِ مَشْهُودَةٌ، وَذَلِكَ أَفْضَلُ . رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ  

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг аввалида витр ўқисин. Ким унинг охирида туришдан умидвор бўлса, витрни кечанинг охирида ўқисин. Албатта, тунги намоз шоҳид бўлингандир. Ўша афзалдир», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Қишда пешин ва шомни эрта ўқиш мустаҳабдир. 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ الْحَرُّ أَبْرَدَ بِالصَّلَاةِ، وَإِذَا كَانَ الْبَرْدُ عَجَّلَ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иссиқда намозни совутиб ўқир ва совуқда тезлатиб ўқир эдилар».
Имом Насоий ривоят қилган.
Шом намозини вақти кириши билан тезда ўқиш суннатдир. 

عَنْ مَرْثَدِ بْنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ: لَمَّا قَدِمَ عَلَيْنَا أَبُو أَيُّوبَ غَازِيًا وَعُقْبَةُ بْنُ عَامِرٍ يَوْمَئِذٍ عَلَى مِصْرَ، فَأَخَّرَ الْمَغْرِبَ، فَقَامَ إِلَيْهِ أَبُو أَيُّوبَ فَقَالَ لَهُ: مَا هَذِهِ الصَّلَاةُ يَا عُقْبَةُ؟! فَقَالَ: شُغِلْنَا. قَالَ: أَمَا سَمِعْتَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «لَا تَزَالُ أُمَّتِي بِخَيْرٍ - أَوْ قَالَ - عَلَى الْفِطْرَةِ مَا لَمْ يُؤَخِّرُوا الْمَغْرِبَ إِلَى أَنْ تَشْتَبِكَ النُّجُومُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ  

Марсад ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Абу Айюб ҳузуримизга ғозий бўлган ҳолда келди. Ўша кунларда Уқба ибн Омир Мисрга бошлиқ эди. У шомни кеч ўқиди. Абу Айюб унинг олдига бориб:
«Бу қандай намоз, эй Уқба?!» деди.
«Машғул бўлиб қолдик», деди у.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Модомики менинг умматим шомни юлдузлар аралашадиган бўлгунча кечга сурмас экан, яхшиликда – ёки фитратда – бардавом бўлади», деганларини эшитмадингми?!» деди».
Имом Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.
Булутли кунда аср ва хуфтонни эрта ўқилади.
Асрни кеч ўқилса, булут сабабидан макруҳ вақтга кириб қолиш хавфи бор. Хуфтонни кечга сурилса, ҳаво ёғишидан хавфсираб, жамоатга одам оз келади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat