Ассалому алайкум! Дин душманлари 09:50 / 04 июлъ | 1 Ассалому алайкум! Аллоҳ ишингизга ривож берсин! Мен Христианларнинг баҳсида кўриб қолдимки, христианлар ўзлари учун "Талоқ" сурасини 4 -оятини ушлаб олиб мусулмонларни шаънига доғ туширишга ҳаракат қилишяпти. Уларни адашганлар эканини яхши биламиз. Шу оятни яхшироқ тушунтириб берсангиз. Мен Тафсири Ҳилолда ўқидим. Лекин яхши тушунмадим. «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати: – Ва алайкум ассалом! Улар бу оятни нимага доғ туширишмоқда? Батафсил ёзинг. Валлоҳу аълам! Вояга етмаганлар талоғи деган ери бор экан Талоқ сураси 4-оятта яъни ҳайз кўрмаганларни талоғи дейилган. Талоқни турмушга чиққан қизга берилади ҳайз кўрмаганлар эса вояга етмаган бўлишади деб, шуни улар вояга етмаган ёш қизларга уйланиб номақбул ишлар қиласизлар экан деб ўзларига ҳужжат қилиб олишипти. Шуни тушунтириб бера оласизми агар нотўғри талқин қилган бўлсам Аллоҳни ўзи кечирсин.
– Ва алайкум ассалом! Балоғатга етиб ҳайз кўрмайдиганлари ёки ҳайзни кўриб климакс ёшдан ўтиб тўхтаганлари бўлади. Баъзи бир миллатларда ёшлигида никоҳлаб кейин катта бўлганида валийма қилиб берадиганлари бўлади. Ишқилиб шариат содир бўлиши мумкин бўлган ҳамма ҳолатни ечимини баён қилиб қўйган. Аллоҳ таоло "Мутоффифийн" сурасида марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ أَجْرَمُوا كَانُواْ مِنَ الَّذِينَ آمَنُوا يَضْحَكُونَ
29. Албатта, жиноят қилганлар иймон келтирганлар устидан кулар эдилар.
Ҳа, кофир бўлиб, жиноят қилганлар беш кунлик дунёда иймон келтириб, мусулмон бўлиб яшаганлар устидан кулар эдилар. Улар мўмин-мусулмонларнинг ҳар бир нарсасидан кулар эдилар.
Жиноят қилганлар мўминларнинг ақийдасидан кулар эдилар. Улар мўминларнинг Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, қиёматига, жаннати ва дўзахига, қазои қадарига ишонишларига кулар эдилар. Асли йўқ хурофотга ишонишмоқда, дер эдилар.
Жинояткор динсизлар мўминларнинг ибодат қилаётганларини кўрганларида, намоз ўқиб, рўза тутганларини билганларида, уларни масхара қилиб, устиларидан кулар эдилар. «Анавилар беҳудага ётиб-туриб, оч қолиб ва ҳоказо ишларни қилиб, аҳмоқ бўляпти», деб истеҳзо қилар эдилар.
Шунга ўхшаш, бошқа соҳа ва амалларда ҳам кофирлар мўминлар устидан масхара қилиб, кулар эдилар.
وَإِذَا مَرُّواْ بِهِمْ يَتَغَامَزُونَ
30. Қачон уларнинг ёнидан ўтсалар, (масхаралаб) кўз қисардилар.
Яъни кофирлар бор жойдан мўминлар ўтса, кофирлар кўзини қисиб ёки бошқа аъзолари билан турли ишоралар қилиб, мўминларни масхара қилардилар.
وَإِذَا انقَلَبُواْ إِلَى أَهْلِهِمُ انقَلَبُواْ فَكِهِينَ
31. Қачон аҳллари ҳузурига қайтсалар, ҳузурланиб қайтардилар.
Яъни мўминларга озор бериб, уларни гап-сўз, имо-ишора билан масхара қилиб бўлгач, аҳли-аёли ҳузурига хурсанд бўлиб қайтар эдилар.
Ҳа, кофир ва фожирлар тақводор мўминларни масхара қилиш ила ҳузурланар эдилар. Мўминларнинг кофирлар томонидан масхара қилинишларига асосий сабаб уларнинг иймонлари ва диндорликлари эди.
وَإِذَا رَأَوْهُمْ قَالُوا إِنَّ هَؤُلَاء لَضَالُّونَ
32. Ва қачон у(мўмин)ларни кўрсалар, «Албатта, анавилар адашганлар», – дер эдилар.
Ҳа, агар кофирлар мўминларни кўрсалар, ўзаро бир-бирларига: «Анави мўминлар адашганлардир, адашиб, ўзларича, Аллоҳга, Қуръонга, Муҳаммадга, дўзаху жаннатга, қиёмат бўлишига, савобу иқобга ўхшаш нарсаларга ишониб юришибди. Улар адашиб, намоз ўқиш керак, рўза тутиш керак, яхши бўлиш керак, ҳаром емаслик керак, ёмонлик қилмаслик керак, деб юришибди», – дейишарди. Шунингдек, бошқа ҳар хил гап-сўзларни айтишар эди.
Хўш, кофирларга мўминларни масхара қилиш, «Улар адашиб юришибди» дейиш ҳуқуқини ким берди?! Уларнинг бу ҳақда бирор ҳужжатлари борми?! Нима учун шунчалар ўзларидан кетишади?
وَمَا أُرْسِلُوا عَلَيْهِمْ حَافِظِينَ
33. Ҳолбуки, уларнинг устидан кузатувчи этиб юборилганлари йўқ-ку!
Аксинча, Аллоҳ таоло мўминларга кофирларни дину диёнатга, амалу ибодатга даъват қилишни амр қилган-ку! Мўминлар ўзларига Аллоҳ таоло берган ҳужжат асосида кофирларни тузатиб, тўғри йўлга солишлари керак-ку!
Аммо бу дунёнинг ишлари тескари экан, кофирлар мўминлар устидан кулиб турибдилар. Лекин у дунёнинг иши тескари эмас, у дунёда ҳамма нарса ўз ўрнини топади. Қиёмат қоим бўлганда, мўминлар ва кофирларнинг ҳоли тамоман бошқача бўлади.
Энди қиёмат куни шу икки тоифанинг – мўминлар ва кофирлар тоифасининг ҳоли нима бўлиши баён қилинади.
فَالْيَوْمَ الَّذِينَ آمَنُواْ مِنَ الْكُفَّارِ يَضْحَكُونَ
34. Энди бу Кунда иймон келтирганлар кофирлар устидан куларлар.
Қиёмат куни охиратда мутлақ адолат билан иш кўрилади. Унда бу дунёдагига ўхшаб, ҳақсизликлар бўлмайди. Ҳар бандага бу дунёда қилган амалига қараб, заррача ҳам зулм қилмасдан, жазо ёки мукофот берилади. Мўминларга бу дунёдаги иймон-эътиқодлари учун, амал ва ибодатлари учун ҳамда кофирлардан чеккан озорлари учун жаннати наъим ва мақоми олийлар берилади. Кофирларга эса бу дунёдаги куфру фужурлари учун, гуноҳу исёнлари учун ва мўминларга берган озорлари учун жаҳаннамнинг қаъри ва заққум заҳари берилади.
Ана ўшанда мўминлар кофирлар устидан ҳар қанча кулсалар, арзийдиган ҳол вужудга келади ва улар кофирларнинг устидан роса куладилар. Кулганда ҳам...
عَلَى الْأَرَائِكِ يَنظُرُونَ
35. Пардали, баланд сўрилар устида назар солиб турарлар.
Мўминлар дур ва ёқутлар билан безатилган, атрофи гўзал пардалар билан тўсилган сўриларда ястаниб ётиб, дўзах қаърида алвон азоблар чекаётган кофирларга назар солиб, уларнинг устидан куладилар. Мўминларнинг кофирлар устидан кулишларидан бир кўринишни «Жомеъ фи аҳкомил Қуръон» тафсири соҳиби имом Қуртубий қуйидагича васф қиладилар: «Дўзахийлар дўзахда турганларида уларга «Чиқинглар!» деб, дўзахнинг эшиклари очилади. Улар эшикларнинг очилганини кўришлари билан, чиқмоқчи бўлиб, у томон отиладилар. Мўминлар эса баланд сўриларда уларга назар солиб турадилар. Кофирлар дўзах эшигига етиб келишлари билан ёпилиб қолади. Шунда мўминлар улардан куладилар».
هَلْ ثُوِّبَ الْكُفَّارُ مَا كَانُوا يَفْعَلُونَ
36. Кофирлар қилган ишларининг «савоби»ни олдилармикан?!
Олганда қандоқ! Кофирлар бу дунёда қилган ишларининг «савоби»ни шундай оладиларки, асти қўяверинг. Уларнинг куфр ва исёнларининг «савоби»ни олишлари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Улар бу дунёда қилган заррача айбларининг ҳам, хусусан, мўминларни масхара қилганлари, уларга озор берганларининг ҳам «савоби»ни роса оладилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!