- Бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони пишгунча, сунбулни оқаргунча ва офатдан эмин бўлгунча савдо қилишдан наҳйи қилдилар. Сотувчини ҳам олувчини ҳам наҳйи қилдилар».Бошқа бир ривоятда: «Узумни қорайгунча, донни қотгунча савдо қилишдан наҳйи қилдилар», дейилган. Тўрталасини Бешовлари ривоят қилишган.Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда баъзи бир зироат ва боғдорчилик маҳсулотларини қачондан бошлаб савдо қилиш мумкинлиги баён қилинмоқда. Ана ўша кўрсатилган ҳолатдан бошлаб, бу зироат ва боғдорчилик маҳсулотларини пишиб етилган вақтда бериш шарти билан сотиш мумкин. Ундан олдин сотиб ҳам, олиб ҳам бўлмайди. Чунки аввал ҳам айтилганидек, гумон кучли бўлади. Етишганлик аломати пайдо бўлганда эса, гумон деярли йўқолган бўлади. Ҳар бир зироат ёки меванинг етилиб қолгани эса, ўзига яраша аломатларидан билинади. Буни мутахассислар яхши тушунадилар. Деҳқон ва боғбон кишилар мавсум келгунча пулга муҳтож бўлиб қолишларини кўзда тутиб, ҳали тўла пишиб бўлмаган маҳсулотларни ҳам пишганда бериш шарти билан сотишларига рухсат берилган. Лекин бу нарса ҳам чегаралаб қўйилган. Бўлмаса, йўқ нарсани ҳам олди-сотди қилиб юборилиши мумкин.